20:16 02.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Оилавий тадбиркорликка кенг йўл
«Пойтахт» бизнес-марказида O’zLiDeP «Аёллар қаноти» ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида «Мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар» мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари молия муассасалари мутасаддилари, Савдо-саноат палатаси вакиллари, фермер ва тадбиркор аёллар иштирок этдилар. O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Мухлиса Акромованинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида «Аёллар қаноти» томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилди. Айниқса, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, хусусан, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар учун қулай муҳит яратиш борасида эътиборга молик тадбирлар ўтказилди.Мамлакат миқёсида аёлларнинг хусусий тадбиркорлик билан боғлиқ ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига бағишланган 2000 дан ортиқ давра суҳбатлари, учрашув ва семинар-тренинглар ўтказилиб, уларда 100 мингга яқин хотин-қизлар иштирок этдилар. Мазкур йўналишда тижорат банклари билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилгани амалий натижалар омили бўлмоқда. «Мустаҳкам оила йили»да «Аёллар қаноти» томонидан ишлаб чиқилган «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» ва «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳалари орқали эса минглаб хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик борасидаги тажриба ва кўникмаларини, сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий саводхонлигини оширишга муваффақ бўлинди. Энг асосийси, ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, кичик бизнес соҳасига инновацион технологияларни олиб кириш, янги иш ўринлари сонини кўпайтиришдек муҳим вазифаларнинг уддасидан чиқиляпти.Айни пайтгача юқорида номи зикр этилган лойиҳаларнинг туман ва шаҳар босқичлари муваффақиятли якунланди. Уларнинг 231 нафар иштирокчиси тижорат банкларининг умумий ҳисобда 900 млн. сўмдан зиёд ҳажмдаги кредитларини олиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш имконига эга бўлдилар. Натижада жойларда 600 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.Эътиборли жиҳати шундаки, банклар тақдим этаётган ушбу кредитлар асосан аёлларнинг бизнес-режаларини амалга ошириш, пировардида ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга минглаб янги иш ўринларининг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.– Мазкур лойиҳалар хотин-қизларимизга нафақат моддий, балки маънавий кўмак бериш, уларнинг дунёқарашини ўстиришга ҳам хизмат қилмоқда, – дейди O’zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши «Аёллар қаноти» бўлими мудири Гулбаҳор Турдиқулова. – Лойиҳа доирасида «Оилавий тадбиркорлик – аёллар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили», «Оилавий тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари», «Бизнес-режа тузиш ва уни техник-иқтисодий жиҳатдан асослаш», «Тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қонун ҳужжатлари билан таништириш ва улар билан ишлаш» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Вилоят мисолида айтсам, хотин-қизларимиз республикада энг кўп миқдорда кредит олишга эришдилар. Хусусан, «Микрокредитбанк» томонидан вилоятимиздаги 145 нафар аёлга 3 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Уларнинг аксарияти Ёзёвон, Бешариқ ва Фарғона туманларида ўз бизнесини очиб, тикувчилик, асаларичилик, нонпазлик ва қандолатчиликни йўлга қўйишган. Айтайлик, фарғоналик тадбиркор аёл Гавҳар Рўзматова мазкур лойиҳа доирасида олган 3 млн. сўм кредити эвазига «Гўзаллик салони» учун янги жиҳозлар сотиб олди.– Бугунгидек тадбирлар биз, ёшлар учун катта ҳаёт ва бизнес мактаби вазифасини ўтаяпти, – дейди Тошкент Автомобиль йўллари институтининг 4-курс талабаси, ёш тадбиркор Умида Ботирова. – Бу каби давра суҳбатларида тажрибали тадбиркор аёллар ва турли соҳа вакиллари билан учрашиб, тажриба алмашиш, бизнесни ривожлантириш йўлидаги учраётган муаммолар бўйича маслаҳатлар олаяпмиз. Ҳаттоки, қонунларга зарур ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларимизни ҳам тегишли мутасаддиларга етказиш имконига эга бўлмоқдамиз. O’zLiDeP Миробод туман кенгаши мутасаддиларининг маслаҳати ва йўл-йўриқлари билан хусусий фирмам фаолиятини янада кенгайтирдим. Аввалига умумий овқатланиш нуқталарини юритиш билан шуғулланган бўлсам, айни пайтда автомобилларга сервис хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш ҳаракатидаман. Умуман олганда, «Аёллар қаноти»нинг «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» ва «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳалари аёлларнинг кичик бизнеснинг барча жабҳаларида фаолликларини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса уларнинг оилалар мустаҳкамлиги ва халқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишлари учун зарур иқтисодий-ҳуқуқий шароит яратмоқда.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме