18:00 09.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага
O`zLiDePнинг аёллар фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий-сиёсий жараёнларга кенг жалб этишга қаратилган саъй-ҳаракати Навоий вилоятида ҳам амалий натижалар бермоқда. Айниқса, “Аёллар қаноти”нинг “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳаси ҳаваскор тадбиркорларни ҳам бизнесга йўналтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Айтиш жоиз, мазкур йўналишда ўтган йили республикамизнинг барча маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” томонидан маҳаллани оилавий бизнес ва тадбиркорлик марказига айлантириш мақсадида 1000га яқин тадбирлар ўтказилди. Бунинг натижасида, жойларда маҳаллий тадбиркор хотин-қизлар томонидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари пайдо бўлиб, улар томонидан 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Бу борада мутахассислар тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлашмоқда. Шундан келиб чиқиб, 25 июль куни Навоий вилояти Хатирчи тумани маданият саройида мазкур лойиҳа доирасида ўқув-семинар ташкил этилди. Семинар даставвал тадбиркор ва ҳунарманд аёлларнинг қўл меҳнати намуналарининг кўргазмаси намойиши билан бошланди. Унда O`zLiDeP Хатирчи тумани Кенгаши ходимлари, туман ҳокими ўринбосари, туман савдо-саноат палатаси ҳамда Халқ банки бўлимининг мутахассислари, шунингдек, тадбиркор аёллар иштирок этишди. Семинарда маҳаллалардаги тадбиркор ва фермер аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги мавқеини оширишда “Аёллар қаноти” томонидан жойларда ёш фермерлар ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан Республика Парламенти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилаётган лидерлик қобилиятига эга ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган хотин-қизларнинг бизнес ва фермерлик, касаначилик, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиши учун ҳар томонлама кўмаклашиш лозимлиги айтиб ўтилди. - Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад, партия дастурий вазифалари, либерал-демократик ғоялар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини хотин-қизлар ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот қилиш, ҳамкор ташкилотлар билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик битимида белгиланган вазифалар доирасида хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда ҳам назарий ҳам амалий жиҳатдан яқиндан кўмаклашишдан иборат бўлмоқда - дейди O`zLiDeP Хатирчи туман Кенгаши аппарат раҳбари М.Каримов. - Қолаверса, республикамизнинг барча соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнида аёлларнинг ҳам ўрни беқиёс эканлигини эътироф этиш лозим. Жумладан, O`zLiDeP “Аёллар қаноти” аъзолари мамлакатимиздаги жараёнларда фаол иштирок этиб, ўз билим, салоҳият ва малакаларини халқимиз фаравонлиги, юртимиз ободлиги йўлида сарфлаётгани яққол акс этиб турибди. Туманимизда ҳам партиянинг аёл аъзолари тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган холда тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият юритишяпти. Натижада, маҳаллаларда оилавий бизнес ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш эвазига кўплаб янги иш ўринлари яратилишига эришилмоқда.Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятидаги хотин-қизларга қулай имкониятлар яратиш, уларни мазкур йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда, - дейди “Валиев Нусратилло” номли фермер хўжалиги раиси, БПТ раҳбари Зуҳра Ҳайдарова. - 2004 йилдан буён фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб келаман. Биргина, деҳқончиликдан олган даромадим ҳисобига оилам фаровон. Ҳозирги кунда менинг 100 гектар экин майдоним бўлиб, 18,6 гектар экин майдонида пахта, 26,6 гектар ер майдонида ғалла етиштираман. Ушбу лойиҳа асосида кредит олишга муваффақ бўлсам, чорвачиликни ривожлантириб янги иш ўринларини яратиш режаларим бор.
Обсудить новость на Форуме