20:15 06.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОРОЛБЎЙИ АЁЛЛАРИ ИСЛОҲОТЛАРДА ФАОЛЛИК КЎРСАТИШАЯПТИ

 «Обод турмуш йили» Давлат дастурида аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларга нисбатан эътиборни кучайтириш юзасидан муҳим вазифалар белгилангани O`zLiDePнинг бу борадаги ишларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда.  O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Сора Қойлибаеванинг таъкидлашича, ҳозирги кунда ҳудуд иқтисодиётида ҳал қилувчи кучга айланган фермерлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳаракатини хотин-қизларнинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, ўтган 2012 йилда тижорат банклари томонидан ишбилармон хотин-қизларга 19,2 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиб, саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш соҳасидаги бир қатор истиқболли лойиҳалар молиялаштирилди. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида ана шу мақсадлар учун 2,8 млрд. сўм кредит йўналтирилди. Энг муҳими, O`zLiDeP илгари сураётган ғоялар қорақалпоғистонлик опа-сингилларимиз, серғайрат ва ташаббускор ёшларимиз қалбида акс-садо бериб, уларни янги марралар сари руҳлантираяпти. Зеро, хотин-қизларни фаол ҳаётга жалб этиш, уларнинг куч ва имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш партиямиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Дарҳақиқат, бугун республикада 10 400 нафардан ортиқ O’zLiDeP аъзоси бўлиб, шунинг 3653 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Партия электорати саналадиган 4821 нафар тадбиркор ва фермернинг 700 нафари аёллардир. Уларнинг 150 нафари жойлардаги бошланғич партия ташкилотларига етакчилик қилишмоқда. Бу, шубҳасиз, ўзининг ижобий самарасини бераётир. Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш юзасидан жойларда туркум тадбирлар ўтказилиб, улар натижаси юзасидан доимий мониторинг олиб борилмоқда. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, банк пластик карточкаларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар асосан хотин-қизлар ташаббуси билан халқ депутатлари кенгаши сессияларида кўриб чиқилганлиги ва тегишли қарорлар қабул қилинганлиги эътиборга моликдир. Бу республика партия кенгаши «Аёллар қаноти» бўлими ўз олдида турган вазифаларга масъулият билан ёндашаётганлиги, депутатлик корпуси ёрдамида мавжуд муаммоларни ҳал этишга интилаётганидан далолат беради. Таъкидлаш жоизки, сиёсий таълим марказларининг нодавлат нотижорат ташкитлотлар билан жойларда ўтказаётган турли семинар-тренинглари ҳам яхши натижалар бермоқда. O`zLiDeP республика кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари  Айжамол Юсупованинг фикрича, айни кунда тадбиркорликни ихтиёр этган аёллар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига бизнес-режа тузиш, тижорат банкларидан кредит олишда яқиндан ёрдам кўрсатиляпти.  — Бу борада ижтимоий шерикчилик тамойили қўл келаяпти, — дейди А.Юсупова. — Жорий «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Хотин-қизлар қўмитаси,  «Тадбиркор аёл» ҳамда «Ҳунарманд» уюшмалари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда кўзланган мақсадларни рўёбга чиқараяпмиз.  Умуман, Оролбўйи ҳудудида оилавий  тадбиркорликни ривожлантириш, ушбу жараёнга барча бўғиндаги партия фаолларини кенг жалб этиш доимий эътибордадир. Ижтимоий-сиёсий фаоллик самараси ўлароқ, эндиликда аёллар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янада самарали меҳнат қилмоқдалар. Хусусан, Чимбой туманидаги «Нуримова Жамила» хусусий корхонаси раҳбари Жамила Нуримова қандолатчилик цехи очиб, 15 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Ана шундай фаоллардан яна бири Нургул Нагметова миллий ва замонавий йўналишдаги тикув цехини ташкил этиш орқали 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратди.  — Хонадонларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши нафақат оила, балки жамият учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Шу нуқтаи назардан  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аёллар ўртасида бандлик даражасини ошириш чоралари кўрилмоқда, — дейди O`zLiDeP Қонликўл туман кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳибаси Гулистон Аралбаева. — Ўтган йили депутатларимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик ташкилоти гуруҳи иштирокида томорқа хўжаликларида сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ташаббуси лойиҳаси асосида  тумандаги 25 нафар аёл иш билан таъминланди. БМТнинг аёллар ривожланиш жамғармаси ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликдаги «Ўзбекистон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш» лойиҳаси асосида республикадаги кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 20 нафар аёлнинг ҳар бирига «Микрокредитбанк»нинг туман филиали маблағлари эвазига чорва моллари олиб берилди. Коллежни битирган беш нафар овуллик қиз  «Ҳунармандлар» уюшмаси аъзоси сифатида ўз фаолиятини бошлаш имконига эга бўлди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бундай ишлар барча туман ва шаҳарларда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги имтиёзлар эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу борада ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги яққол сезилиб турибди.  Йил бошидан бери «Аёллар қаноти» ташаббуси билан намунали бизнес лойиҳа эгаларига 170 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағи берилгани ҳам Қорақалпоғистонда аёллар тадбиркорлигига O`zLiDeP алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, қорақалпоғистонлик опа-сингилларимиз фаолликни ошириб, ислоҳотлар билан босқичма-босқич қадам ташлашмоқда. Зеро, эл корига камарбаста бўлиш O’zLiDePнинг эзгу мақсадларидан биридир. Ана шу мақсадни дилига жо этган фидойи, тиниб-тинчимас инсонлар бор экан, жамиятимиз янада равнақ топаверади.  Наргиза ҚАҲҲОРОВА,«XXI asr» 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме