02:15 31.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

Ислоҳотларни амалга оширишда сиёсий партиялар таъсирини янада кучайтириш йўлида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатасидаги «Демократик кучлар блоки»да ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирган O`zLiDeP, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП ва Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад жамиятни демократлаштиришнинг муҳим ва зарурий шарти сифатида кўппартиявийлик тизимининг қонунчилик асосларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларида партиялараро рақобат муҳитини кучайтириш ва кенгайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Йиғилишда Президентимизнинг мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли турмуш сифати, иқтисодий туб ўзгаришлар самарадорлигини изчил юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишлар муваффақияти кўп жиҳатдан жамиятимизда маънавиятни, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, ижтимоий фаоллигини оширишга боғлиқлиги ҳақидаги ғоялари долзарб аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди. Йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, бу вазифаларни ҳал этиш, биринчи навбатда, сиёсий партиялар, уларнинг вакиллик органларидаги депутатлари фаоллиги ва фаолияти самарадорлигини янада кучайтиришни талаб этади.

Тадбир қатнашчилари мустақиллик йилларида мамлакатимизда сиёсий тизимни эркинлаштириш, сиёсий қарашлар, фикрлар, позициялар хилма-хиллигини таъминлаш, партиялараро рақобатни ривожлантиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилганини таъкидладилар. Кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, сўнгги икки йил давомида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепцияга мувофиқ, мамлакатимиз Конституциясининг айрим моддаларига, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу давлат ва сиёсий қурилиш тизимида вакиллик ҳокимиятининг аҳамияти ва ролини янада кучайтириш, ҳокимиятнинг ижро тармоғи органларини шакллантиришда сиёсий партиялар ролини тубдан ошириш, уларнинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш учун мустаҳкам қонун асосларини яратди. Энг муҳими, демократик жамиятнинг муҳим таркибий қисми бўлган сиёсий ва партиялараро рақобатни кучайтириш учун қўшимча шароит ва рағбатлар яратди.

O`zLiDeP, ЎзМТДП ва Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари бугунги кунда сиёсий партиялар Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг энг самарали воситаси, марказда ва жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айлангани ҳақида умумий фикр билдирди.

Йиғилиш иштирокчилари партия гуруҳларининг ҳудудларни ривожлантиришнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини сифатли ҳал этишда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг фаолияти мазмун-моҳиятига таъсири сезирларли кучайиб бораётганини таъкидлади. Масалан, O`zLiDeP депутатлари ташаббуси билан олтита вилоятнинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида инвестициявий фаолиятни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш, уларни техник ва технологик янгилаш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш каби ва бошқа масалаларга қаратилган мақсадли ҳудудий дастурлар қабул қилинди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ турли муаммоларни ҳал этиш бўйича 2012 йилда ЎзМТДП партия гуруҳлари ташаббуси билан 51, Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси билан 41та таклиф Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритилди. Уларнинг аксарияти бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Партиялар гуруҳларининг аҳоли мурожаатлари бўйича ишида ҳам сифатли ўзгаришлар кузатилмоқда.

«Демократик кучлар блок»и ўтказилган йиғилиш якунларини умумлаштирган ҳолда, ижобий ўзгаришларга қарамай, партия гуруҳларининг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги фаолияти мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичи талабларига ҳар доим ҳам жавоб бермаслигини қайд этди. Хусусан, йиғилиш иштирокчилари жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, уларни очиқ-ошкора муҳокама этишга тўсқинлик қилаётган қатор камчилик ва хатоларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бу, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг жойлардаги ижроия ҳокимияти фаолияти устидан жамоат назоратини амалга ошириш, зиммасига юкланган мажбуриятларни бажара олмаётган раҳбарларни очиқ танқид қилиш борасида етарлича фаоллик кўрсатмаётганига тааллуқлидир.

Қўшма йиғилиш қатнашчилари жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолияти самарадорлиги ва уларнинг фаоллигини оширишга доир аниқ ва ҳар томонлама пухта ўйланган таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётганини қайд этди.

Шу муносабат билан, O`zLiDeP, ЎзМТДП ва Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияларининг фикрича, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, партиялар электорати эҳтиёж ва манфаатлари, уларнинг дастурий вазифалари эътиборга олинган ҳолда, қонунчиликни такомиллаштириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш бўйича депутатлар ташаббускорлигини янада кучайтириш долзарб масала ҳисобланади. Чунончи, улар Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш муҳимлигини таъкидладилар.

Мазкур ташаббус сиёсий партияларнинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партиялар гуруҳлари ваколатлари ва мажбуриятларини кучайтиришга қаратилгандир. Масалан, бу партия гуруҳларини ташкил этиш шарти ва қоидаларини қонунчилик жиҳатдан янада аниқ белгилаш, уларга қўшимча ваколатлар бериш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида кўтарилаётган ва ҳал этилаётган масалалар юзасидан партия гуруҳлари таклифларининг кўриб чиқилиши шартлигига тааллуқлидир.

Мухтасар айтганда, тадбир иштирокчилари қонунчиликнинг такомиллаштирилиши жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида сиёсий партияларнинг ролини ошириш ва таъсирини кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, мамлакатимизда демократик ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда уларнинг роли ҳамда таъсирини оширишга ёрдам бериши ҳақида якдил фикр билдирди.Қўшма мажлис якуни бўйича мазкур масалани жойларда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар фаоллари иштирокида кенг муҳокама этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Муҳокамалар натижалари умумлаштирилиб, кейинчалик улар асосида Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунига сиёсий партияларнинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партиялар гуруҳларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрланади.

Ўзбекистон РеспубликасиОлий Мажлиси Қонунчиликпалатасининг Ахборот хизмати
www.uza.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме