03:15 07.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

 Ўтган йили қабул қилинган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун O’zLiDeP электорати саналмиш тадбиркорларга нима бермоқда? Қонуннинг янада кенг қўлланиши ва самарадор бўлиши учун яна нималарга аҳамият қаратиш лозим?   O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган “Оилавий корхона – мустаҳкам оила пойдевори” мавзуидаги давра суҳбатида шу каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Давра суҳбатида сўз олган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М. Тешабоев дастлаб “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”сида белгилаб берилган устивор вазифаларга тўхталди. Сўнг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг муҳим иқтисодий-ижтимоий аҳамияти ҳақида сўз юритди.  “Қонун, аввало, аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича катта имкониятлар яратади. Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкор ташкилотлар билан ўтказаётган давра суҳбатларидан мақсад ушбу қонун тарғиботини янада кучайтириш, оилавий тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва ечимини топиш, пировардида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга амалий ҳисса қўшишдан иборатдир”, – деди М.Тешабоев. Тадбирда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ҳамидхон Жалолов ҳам сўзга чиқиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни тарғиб этиш бўйича вилоят ҳокимининг махсус қарори ҳам қабул қилингани, шундан келиб чиққан ҳолда Наманган шаҳри, Поп, Янгиқўрғон ва бошқа туманларда бир қанча семинарлар ўтказилганини маълум қилди.  Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида аҳолига савдо, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этиляпти. Уларга коллежлар битирувчиларини ишга қабул қилиш масаласига аҳамият  берилмоқда. Наманган, Чуст шаҳарларида, Косонсой туманида оилавий тадбиркорлар учун ўз маҳсулотларини сотишга шароит яратиш мақсадида бозорларда расталар ташкил этилган. Бундан ташқари, туманлардаги фермерлар кенгашлари томонидан муқобил бозорлар бунёд этилиб, у ерда оилавий тадбиркорлар учун ҳам имконият ва шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.  Тадбирда сўзга чиққанлар оилавий тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, тадбиркорларнинг банклардан кредит олиш масаласидаги аризаларини кўриб чиқиш муддатларини аниқ белгилаб қўйиш, тадбиркорликка қўл урган коллеж битирувчиларига қўшимча имтиёзлар бериш масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.    Наманган давлат университети талабаси Алимардон Тўхтаназаровнинг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун тарғиботида телероликлардан кенг фойдаланиш, коллежларда шу мавзуда машғулотлар ўтказиш таклифини иштирокчилар қизиқиш билан кутиб олди.  Вилоятдаги кўплаб мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда O’zLiDeP вилоят Кенгаши барча ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириши, бунинг учун маҳаллий депутатлик гуруҳлари ва БПТлар имкониятларидан кенг фойдаланиши лозимлиги таъкидланди.  Қонун ижроси жараёнида юзага келиши мумкин бўлган айрим муаммоларни ўрганиб, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциясига таклифлар киритиш юзасидан тавсиялар берилди. 

Комилжон ФАЙЗИЕВ,O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Матбуот хизмати ходими  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме