13:15 05.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ОИЛА ПОЙДЕВОРИНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
O’zLiDeP Сайловолди дастурида, мамлакатимизда мулкдорлар синфини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга имкон қадар қулай шарт-шароитларни яратиб беришга кўмаклашиш орқали аҳоли бандлигини ва фаровон турмуш тарзини таъминлаш борасида аниқ мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси ташаббуси билан мамлакатимиздаги нуфузли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Оилавий корхона – мустаҳкам оила пойдевори” мавзуидаги давра суҳбати хулоса ва тавсиялари асосида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида мавзу юзасидан туркум давра суҳбатлари ўтказиш режаси тасдиқланганди. Мазкур туркум тадбирларнинг навбатдагиси O’zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши томонидан Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. “Обод турмуш йили” арафасида фойдаланишга топширилган хусусий тадбиркорлик субъекти - “Осиё гранд” МЧЖнинг кўргазмалар залида бўлиб ўтган тадбирда дастлаб вилоятда фаолият кўрсатаётган оилавий корхоналар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Давра суҳбатида сўзга чиққан O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев оилавий тадбиркорликни ривожлантиришдан барча бирдек манфаатдор эканини, бизнеснинг мутлақо янги ва ўзига хос мазкур турини ривожлантириш маҳаллаларда, айниқса, чекка ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, оилалар мустаҳкамлиги баробарида мамлакат иқтисодиёти янада юксалишига ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Тадбирда сўз олганлар бугунги кунда фуқаролар тадбиркорликда ўз имкониятлари тўла рўёбга чиқариши учун ҳукуматимиз томонидан қулай ҳуқуқий майдон, қонуний воситалар ва кафолатларнинг мукаммал тизими яратилганини эътироф этишди. – O’zLiDeP Дастурида ҳам қайд этилганидек, партиямиз Ўзбекистонда давлат ва жамият тизими ривожи ва янгиланишининг асосий таянчига айланиши ҳамда Ватан тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг жадал суръатлар билан амалга оширилиши учун масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур, – дейди O’zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши раиси Толибжон Мадумаров. – Президентимиз И.Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да илгари сурилган ғоя асосида қабул қилинган ва 2012 йил апрель ойидан кучга кирган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун иқтисодиётнинг турли йўналишларида оилавий бизнесни ривожлантириш орқали аҳолини фойдали меҳнатга жалб қилиш имкониятлари янада кенгайишига хизмат қилаётгани бизни ниҳоятда қувонтирмоқда. Бу борада O’zLiDeP тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлайдиган ҳуқуқий кафолатлар нафақат қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилиши, балки амалиётда ҳам унга қатъий риоя қилиниши керак, деган ғояни илгари суради. – O’zLiDeP томонидан ташкил этилаётган бундай тадбирлар мамлакатимизда оилавий корхоналарга берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган имкониятлар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини кескин кучайтиришга хизмат қилмоқда, шунингдек, оилавий бизнесни ривожлантиришда фаол иштирок этиш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишда муҳим роль ўйнамоқда – дейди “Қандий Фазлиддин” оилавий корхонаси раҳбари Авазбек Анорбоев. Тадбирда патент асосида якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорларни оилавий корхона сифатида рўйхатдан ўтказиш масаласини атрофлича ўрганиб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу эса биргина Андижон вилоятида 1000 та янги оилавий корхона ташкил этилса, икки мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имкониятини беради, деганидир. Давра суҳбатида оилавий корхоналарнинг тижорат кредитлардан фойдаланиш йўллари, уларни рўйхатдан ўтказиш, меҳнат дафтарчаларини юритиш, мажбурий тўловлар ва солиқ ставкалари ҳамда хориждан импорт қилинадиган товарларни расмийлаштиришга оид кўплаб саволларга жавоблар берилди. Андижон вилоятидаги кўплаб мутасадди ташкилотлар ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирокида ўтган тадбир якунида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган ғовларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий хулоса ва тавсиялар қабул қилинди. Шунингдек, маҳаллий кенгашлардаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари орқали қонуннинг жойлардаги ижросини тўла таъминлашда фаол жамоатчилик назоратини ўрнатиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида махсус депутатлик эшитувлари, назорати ва сўровлари йўналишида мақсадли амалий ишларни олиб бориш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
O’zLiDeP Андижон вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме