13:15 21.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ОБОД ТУРМУШНИ ШАКЛЛАНТИРАДИ

2012 йил 17 декабрь куни O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳасининг республика босқичи ўтказилди. Тадбирда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, раис ўринбосарлари, партия Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раис ўринбосарлари, ҳудудий партия ташкилотларидаги “Аёллар қаноти” раҳбарлари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари вакиллари, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари шунингдек, ОАВ вакиллари қатнашди.  Тадбирда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М. Тешабоев сўзга чиқиб, “Аёллар қаноти”нинг “Оилавий тадбиркорликдан-мустаҳкам оилага” номли лойиҳаси минглаб аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билим ва кўникмаларини бойитиш билан бирга уларни хусусий сектор соҳасига янада кенгроқ жалб қилиш имконини беришлиги, ушбу лойиҳани нафақат давом эттириш, балки ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини ошириш лозимлигини таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур тадбир “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича партиявий вазифалар доирасида ўтказилди. “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” партиявий лойиҳаси хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, хотин-қизларни кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, ҳунармандлик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва уларга оилавий бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш, қишлоқ хотин-қизларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошида бошланган мазкур партиявий лойиҳа уч босқичда – туман(шаҳар), вилоят ва республика даражасида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган 800 дан зиёд тадбирларда - амалий семинар ва учрашувларда ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш истагида бўлган қарийб 30 мингга яқин хотин-қизлар бевосита иштирок этди. Мазкур лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, иштирокчилар ўз ҳуқуқий, иқтисодий билимларини ошириш билан бирга ўзаро тажриба алмашиш, бизнес-лойиҳаларни муҳокама қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.  Масалан, улар орасида – республикада ўхшаши бўлмаган ғоя – иситувчи ускуналар учун тэн (ёпқичлар)ни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳанинг ташаббускори «TEN INDUSTRIAL»  ОАЖ директори  Г. Альметова (Тошкент шаҳри), сут маҳсулотларини қайта ишлашда қўлланиладиган энг замонавий технологиялар бўйича лойиҳа - М. Кусаева (Тошкент вилояти), қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳа - Ш.Насретдинова (Андижон вилояти) ва бошқалар. - Мазкур лойиҳанинг мақсади ва мазмун-моҳияти, республикамиздаги оилаларнинг иқтисодий имкониятини кучайтиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятли ҳисобланади. Лойиҳамиз  орқали оилаларнинг моддий, кези келганда маънавий жиҳатдан мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Қолаверса, оилавий тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқий базани ривожлантириш, бу борадаги маҳаллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, ўқув-семинар, танлов, маҳсулот ва хизматлар кўргазма савдоларини ташкил этиш, жамиятдаги муҳим қатлам ҳисобланган хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантиришга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди, - дейди O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова.Тадбир давомида хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларни ислоҳотлар жараёнига янада кенгроқ жалб этиш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдаги иштирокини ошириш, аёлларни тадбиркорлик соҳасига янада кенгроқ жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини янада ривожлантириш лозимлигига алоҳида эътибор берилганлигини эътироф этиш жоиз.  Жумладан, лойиҳанинг туман ва шаҳар босқичлари натижаларига кўра 231 нафардан зиёд хотин-қизлар умумий миқдори 900 миллион сўмлик кредитларни қўл киритдилар. Бунинг натижаси ўлароқ 600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, ички бозорни сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш ва қишлоқда хизматлар бозорини ривожлантиришга эришилди. Лойиҳанинг вилоят босқичи натижаларига кўра 92 нафар иштирокчи якуний республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Айтиш мумкинки, аёллар тадбиркорлиги республикамизнинг барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида босқичма-босқич, дадил қадамлар билан саноат ишлаб чиқариш соҳасига ҳам кириб бормоқда, бу эса мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси кейинги йилда ҳам давом этиб, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ва оилавий тадбиркорлик билан банд бўлган хотин-қизларнинг бизнесдаги кейинги фаолиятларини кучайтириш юзасидан тақдим этилажак лойиҳалари қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди. Тадбирда муваффақиятли иштирок этган хотин-қизлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди ва ғолибларга кредит бериш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.Лойиҳанинг республика босқичи сар-ҳисобларига кўра, 92 нафар хотин-қизнинг бизнес лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди ҳамда жойлардаги тижорат банкларининг филиалларига тақдим этилди. Ушбу бизнес лойиҳалар тижорат банклари томонидан молиялаштирилиши кўзга тутилган. 

O’zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме