13:30 28.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОИЛАВИЙ КОРХОНА – МУСТАҲКАМ ОИЛА ПОЙДЕВОРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Касаба уюшмалари кенгаши, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Оилавий корхона – мустаҳкам оила пойдевори” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида таъкидлангандек, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар асосида ишлаб чиқилган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши иқтисодиётнинг турли йўналишларида оилавий бизнесни ривожлантириш орқали аҳолини фойдали меҳнатга жалб қилиш имкониятлари янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Бу ҳақда Давлатимиз раҳбарининг Конституциямизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиздир” номли маърузасида яна бир бор тўхталиб ўтилганди.Давра суҳбати иштирокчилари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан биргаликда “Оилавий бизнес: ҳолати, муаммолари ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари билан танишди. Тақдимотда айтиб ўтилганидек, мониторингдан мақсад, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган кишиларнинг, шу соҳанинг ривожига масъул бўлган давлат органлари ходимларининг кучга кирган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг нормаларидан хабардорлиги бўйича маълумот олиш билан бир қаторда, тадбиркорликнинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли бўлган оилавий корхонанинг ўзига хос хусусиятларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида учраётган тўсиқ ва муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ҳамда оилавий тадбиркорлик соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш борасида тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.Тақдимотда янги қонунда оилавий корхонанинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилгани таъкидланди. “Биз бу қонуннинг ҳаётга янада кенг татбиқ этилиши учун унинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ ўрганишимиз, халқимиз орасида кенг тарғибот қилишимиз керак”, – деди Ш.Комилов O’zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, “Гули-Лола” хусусий корхонаси раҳбари.Сўзга чиққанлар мазкур қонун ва унинг ижросини таъминлаш учун бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилингани мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада кенгайиши ва ривожланишига, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошишига муҳим омил бўлишини билдирди.– Янги қонун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун жуда кўп имкониятлар эшигини очади. Жумладан, халқ миллий ҳунармадчилиги ва амалий санъатининг янада тараққий этишини кафолатлайди. Фаолияти шунга йўналтирилган корхоналар учун солиқ бўйича катта имтиёз белгилангани эса нур устига аъло нур бўлди, – дейди С.Қутбиддинова “Соҳибахон” оилавий корхонаси раҳбари, O’zLiDeP фаоли.  Давра суҳбати иштирокчиларига Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий ёрдамида “Ҳамдард” ижтимоий-иқтисодий кўмак маркази томонидан нашр этилган “Оилавий тадбиркорликка қадам” номли тўплами тақдим этилди. Бу тўплам оилавий тадбиркорликни бошловчилар учун муҳим қўлланма бўлиши эътироф этилди.Шу билан бирга, тадбирда 2013 йил 1 январь ҳолатига кўра 250 мингга яқин кичик корхона ва микрофирма орасида бор-йўғи 427 та оилавий корхона борлиги, шуларнинг 420 таси фаолият юргизаётгани бу борада янада фаолроқ ҳаракат қилишни талаб этиши кўрсатиб ўтилди.Тадбирда юқорида номлари санаб ўтилган ташкилотлардан ташқари Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ҳунарманд” уюшмаси, Марказий банк, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Хотин-кизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, тадбиркорлар иштирок этди. Давра суҳбати якунида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш, оилавий бизнесни ривожлантиришда фаол иштирок этиш мақсадида Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ана шундай тадбирларни самарали ташкил этишга қаратилган тавсия ва режалар ишлаб чиқилди. 
O’zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме