18:30 04.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМЛИГИ
O‘zLiDeP Наманган шаҳар Кенгаши “Ёшлар маркази”да 82 та маҳалладан таклиф этилган балоғат ёшидаги қизлар билан учрашув ташкил қилди.
Унда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, йигит-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун қилиниши зарур бўлган ишлар тўғрисида фикр юритилди.
- Яратилган кўплаб имконият ва шароитларга қарамай, арзимаган нарсаларни рўкач қилиб айрим ёш оилалар бузилиб кетмоқда, - дейди учрашувда қатнашган Наманган давлат университети педагогика-психология кафедраси ўқитувчиси Мадина Бадриддинова. - Бунга асосий сабаб уларнинг турмушга тайёр эмаслигида, деб ўйлайман. Ёшларимиз мустаҳкам оила қўрғонини барпо этишдан олдин нафақат жисмонан, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши шарт. Шундагина жамиятга пойдевор бўла оладиган мустаҳкам оилаларни барпо эта оламиз.
Учрашувда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган шаҳар бўлинмаси етакчи мутахассислари қизларга оила қуришдан аввал аҳамият берилиши зарур бўлган муҳим масалалар тўғрисида ўз фикрларини билдирди. Улар соғлом турмуш тарзига амал қилиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ муносабатларининг олдини олиш, рўзғор юритишнинг муҳим талаблари-ю шартларини мукаммал ўрганиш, оиладаги тарбиявий жиҳатларга эътибор бериш бизнинг шарқона урф-одатларимизга ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади.
Сўзга чиққанлар рўзғорда қиз бола учун асқотадиган касб-ҳунарларни мукаммал ўзлаштириш келгусида оила бюджетига фойда келтириш билан бирга оиладаги муҳит соғломлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатишини эътироф этди.
Тадбирда иштирокчиларга O‘zLiDePнинг дастурий ғоя ва мақсадлари, партия лойиҳалари, шунингдек, “Соғлом авлод йили” Давлат дастури тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.
O‘zLiDeP Наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме