17:00 20.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ОИЛА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТНИНГ ТАЯНЧ НУҚТАСИДИР
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига
Робахон АБДУРАСУЛОВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Маълумки, ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти, энг аввало, оилалар аҳиллиги ва фаровонлиги билан белгиланади. Ушбу муқаддас даргоҳда ҳаёт гултожи саналган инсон дунёга келиб, маънан ва ахлоқан тарбия топади. Демакки, оила биз барпо этаётган кучли фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир.
Шунинг учун ҳам мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда соғлом оилавий муҳитни шакллантириш, ҳар томонлама етук авлодни камол топтиришга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу жараённинг ҳуқуқий асоси эса Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституциясидир.
Унда миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда, ота-оналарга фарзандларини улар вояга етгунига қадар таъминлаш ва тарбиялаш, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандларга ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбурияти қонуний асосда белгилаб қўйилган. Бу эса бошқа давлатлар конституциясида учрамайдиган алоҳида жиҳатдир.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида оиланинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ота-оналарда тиббий маданиятни шакллантириш, шу тариқа соғлом фарзандни дунёга келтириш ва уни баркамол инсон этиб тарбиялаш учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилди. Конституциямизнинг 63-моддасида «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» деб кўрсатилганлиги ҳам бежиз эмас.
Бош қомусимизнинг асосий қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, қабул қилинган Оила кодекси эса жамиятимизда маънан ва жисмонан соғлом авлодни вояга етказиш, эр-хотин, ота-она, болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Унда миллий қадриятларимиз, қадимий анъаналаримизнинг асл моҳияти ўз ифодасини топган бўлиб, оилавий соғлом муҳит аслида меҳнат, шахс, ахлоқ муштараклиги негизида вужудга келиши алоҳида қайд этилади.
53-моддада эса хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кафолатлаб қўйилганки, бу ҳам оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан фуқаролар даромадини кўпайтириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, касаначилик, оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиндики, улар асосида ишлаб чиқилган мақсадли дастурлар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётганлиги туфайли фуқароларимиз ўз оилалари тўкинлигини таъминлаш имконига эга бўлмоқдалар.
Аслида мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиздаги 3,3 миллионта оила илк бор ўз ер участкаларига эга бўлгани, томорқаларнинг ўртача миқдори 20 сотихдан оширилгани ҳам муҳим ижтимоий воқеалардан бири саналади. Зеро оила мустаҳкамлиги, унинг иқтисодий барқарорлиги кўп жиҳатдан моддий манфаатдорликка боғлиқдир. Шу боисдан ҳам кичик бизнес ва якка тадбиркорликнинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли бўлмиш оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг конституциявий асосларини такомиллаштиришга тобора катта аҳамият қаратилмоқда.Шубҳасиз, оилавий бюджет тўкислигини таъминлашда эр-хотин ҳал қилувчи роль ўйнайди. Айниқса, аёл жамиятнинг тенг хуқуқли аъзоси сифатида оналик ва бекалик бурчини адо этиши керак. Бинобарин, у оилавий тотувлик ва барқарорликдан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор.
Аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини ошириш, уларнинг куч ва имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Натижада хонадонларимиз фариштаси саналадиган хотин-қизларнинг аксарияти ўз касб-ҳунари орқали уй меҳнати билан шуғулланиб, оила бюджетини, демакки, мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу ҳам бўлса, Конституциямизнинг яна бир шарофатидир.
2012 йилда қабул қилинган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун эса оилавий бизнесни оммалаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, оила институтини янада такомиллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда Юртбошимиз томонидан ҳар бир йилга алоҳида ном берилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно, оилага бўлган юксак эҳтиром мужассам, десак муболаға бўлмайди. 2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб белгиланганлиги ва алоҳида Давлат дастурининг қабул қилинганлиги ҳам тасодиф эмас. Бу эса оила институтини янада ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тобора устувор аҳамият касб этаётганидан далолат беради. Зеро, оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир.
"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 14 ноябрь, 46 (522)-сон
Обсудить новость на Форуме