20:30 12.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИК ТАМОЙИЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

2014 йилнинг 5 майидан «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирдиМаълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, юртдошларимизга ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда кечаётган ислоҳотлар хусусида, уларнинг туб мазмун ва моҳияти, мақсади ҳақида кенг маълумотлар бериш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидандир. 

Таҳлилчилар, таниқли олимлар, халқаро экспертлар ҳам айнан шу нуқтаи назардан «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат, дея эътироф этмоқдалар. 

Хўш, Самарқанд ва Бухорода синовдан ўтган ушбу қонун қандай жиҳатлари билан бошқа қонунлардан фарқ қилади? Фуқаролар, мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчига айланган тадбиркорлар, фермерлар нега ушбу қонунга бунчалар юқори баҳо бермоқдалар? Қонун фуқаролик жамиятининг асосий устуни бўлган оммавий ахборот воситаларига яна қандай қўшимча имтиёзлар берди? Мухбиримиз ана шундай саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари, партия фаоллари ҳамда журналистларга мурожаат қилди. 

 Абдурашид ЖЎРАБОЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари
қўмитаси раиси,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:


— Энг аввало, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йилнинг 20 мартдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги фармойиши асосида синовдан ўтказилган ушбу қонун давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартибларини аниқ белгилаб бергани, аҳоли ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат идоралари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақидаги ахборотлардан доимо хабардор бўлишларини таъминлашда қўшимча қулайликлар яратгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш жоиз.

Тўғри, эксперимент жараёнида  қонуннинг айрим нормалари юзасидан турли баҳс-мунозаралар ҳам бўлди. Аммо тан олиш керак, депутатлар, оддий фуқаролар, тадбиркор ва фермерларнинг ушбу қонунга нисбатан жуда катта эътибори, ундан кўзда тутилган мақсадни тўла қўллаб-қувватлашлари туфайли юзага келган тортишувлар қонуннинг мукаммаллигини таъминлашга хизмат қилди. Шундан кейин фракциямиз аъзолари билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, уларни қонунда акс эттирдилар. 

Қонунни тайёрлаш жараёнида O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар алоҳида фаоллик кўрсатганлари бежиз эмас, албатта. Тан олиш керак: ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро давлат идораларининг фаолияти хусусида ҳар доим ҳам етарлича маълумот ололмайди. Янги қонун эса айнан ана шундай ҳолатда бўлажак тадбиркорга кенг йўл очади. Унинг ахборот, маълумот олишга сарф этадиган вақти ҳамда маблағини тежайди. Чунки қонунга давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари зиммасига аҳолига кенг ахборот бериш масъулиятини юкловчи қатор нормалар киритилди. 

Қонунчилигимиздаги бундай янгиликлар, шубҳасиз, иқтисодиётимизнинг таянчига айланиб улгурган хусусий секторнинг жадал ривожланишига олиб келади. Тадбиркорлар сони ортиб, улар томонидан муайян фаолият тури йўлга қўйилгач, ўз-ўзидан солиқ тўловчилар сафи кенгаяди. Демак, янги қонун бир пайтнинг ўзида социал-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг янада изчил ривожланишига олиб келади.

Яна бир муҳим гап. Маълумки, ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партиялар, уларнинг парламентдаги фракцияларига кенг ваколатлар берилди. Айниқса, Бош қомусимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий кучлар учун сифат жиҳатдан мутлақо янгича шароитлар яратди. Бошқача айтганда, депутатлар корпусининг назорат функциялари кучайтирилди. Очиқлик ва ошкораликнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирган янги қонун эса сиёсий партиялар вакилларининг назорат-таҳлил фаолиятини олиб боришда жуда катта роль ўйнайди, албатта.

 Муродилла ХОЛМУҲАМЕДОВ,O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

— Янги қонун ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало, унинг лойиҳаси ҳуқуқий синовдан ўтказилаётганидаёқ барча юртдошларимиз, айниқса, давлат идоралари фаолияти хусусидаги маълумот ва ахборотларга эҳтиёжи юқори бўлган фуқаролар томонидан тўла қўллаб-қувватланганини таъкидлашни истардим. Парламентдаги фракциямиз, маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз томонидан ўтказилган турли учрашувлар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатларида ҳам бунга гувоҳ бўлдик.

Қонунда ахборотдан фойдаланувчилар ва уларнинг ҳуқуқлари билан бирга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари ҳақида ҳам аниқ нормалар белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг асосий усуллари сифатида улар фаолияти юзасидан ахборотни эълон қилиш ёки веб-сайтларда жойлаштириш ва янгилаб бориш ҳам қатъий белгиланди. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ахборот-кутубхона ва архив фондлари замонавий компьютерлар, алоқа воситалари билан жиҳозланган. Бу эса ана шундай масканларда ҳам ахборот олиш имкониятларини кенгайтирди. 

Бундай қулайликлар эса жойларда интерактив давлат хизматларини ривожлантириш ҳамда фуқароларга, энг асосийси, тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб давлат органлари фаолияти тўғрисида тегишли маълумот ва ахборотлар олиш имконини беради, албатта.

Шу ўринда ушбу муҳим қонун давлат ва жамоат ташкилотларининг ахборот хизматлари, медиа-тузилмалари фаолиятининг кескин фаоллашишига ҳам олиб келишини айтиш жоиз. Яъни, янги қонунга асосан фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида объектив, тезкор, холис, ҳаққоний ва янада тўлиқ хабардор қилиш, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг ҳуқуқий асослари ҳам кенгайди. 

 Миродил АБДУРАҲМОНОВ,O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси, «XXI asr» газетаси бош муҳаррири:

— Журналистлар орасида энг халқчил қонунлардан бири сифатида таърифланаётган мазкур ҳужжат ҳақида гап борганида Президентимиз Ислом Каримовнинг «... ҳаётимизда ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, уларни одамларнинг ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш бугунги кунда энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда» деган фикрларини яна бир карра ёдга олиш лозим, деб ўйлайман. Бундан уч йил аввал айтилган ана шу фикр, шубҳасиз, ҳар қандай матбуот вакилининг давлат ва жамият олдидаги ижтимоий масъулиятини баҳолашда асосий мезон бўлиши керак. 

Шу маънода ҳам ушбу қонун оммавий ахборот воситалари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари  ўртасидаги муносабатларини бутунлай янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Буни ҳатто хорижлик ҳамкасбларимиз ҳам ҳавас билан эътироф этмоқдалар. Шунинг учун журналистлар Самарқанд ва Бухорода ўтган ҳуқуқий эксперимент натижаларини диққат билан кузатиб бордилар. Шу жараёнда пайдо бўлган таклиф ва мулоҳазалар эса парламентдаги йиғилишларда муҳокама қилинди. Айни пайтда қонун матбуот ходимларининг у ёки бу идорага мурожаат қилиш маданиятини юксалтиришга хизмат қилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, қонунга журналистларни аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ нормалар киритилгани ҳамкасбларимизнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш баробарида улар зиммасидаги масъулиятни ҳам оширди. Ушбу қонунда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари қошида оммавий ахборот воситалари вакилларига режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида олдиндан ахборот бериш, уларга ахборот олишлари учун амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан қоидалар ҳам мустаҳкамлаб қўйилганини қайд этиш жоиз. Хусусан, ахборотдан фойдаланувчиларнинг ўз вакиллари орқали оғзаки, ёзма ёки электрон шаклдаги сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилгани демократик талабларга тўла мосдир. Бунда сўров рўйхатга олинганидан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмаган муддатда кўриб чиқилиши, оммавий ахборот воситасининг ахборот олиш тўғрисидаги мурожаатига эса етти кунда жавоб қайтарилиши белгиланди.

Бундай кафолатлар, шубҳасиз, фуқаролар, айниқса, «тўртинчи ҳокимият» вакилларининг вақтини тежаб, улар фаолиятидаги тезкорликни оширишга хизмат қилади. 

Бир сўз билан айтганда, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришнинг самарали тизими учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. O`zLiDeP эса барча соҳа ва тизимларда эркинлик, ошкоралик ва очиқлик тамойиллари устуворлик касб этишини тарғиб этаётган сиёсий куч сифатида ушбу муҳим қонунни тўла қўллаб-қувватлаб, унинг ижросини таъминлаш, бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини йўлга қўйишда фаол иштирок этади.
"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 8 май, 18 (546)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме