18:15 06.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ОБОДЛИК, ЭНГ АВВАЛО, АЁЛГА ЭҲТИРОМ, ДЕГАНИДИР

2013 йил – ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ
«АЁЛЛАР ҚАНОТИ» 
O`zLiDeP учун хотин-қизларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтириш айни кунда ҳам энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Шунинг учун ҳам «Аёллар қаноти» ва унинг ҳудудий бўлимлари давр талабидан келиб чиқиб, аёлларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга жиддий эътибор қаратаяпти. Бу борада жойларда ўтказилаётган турли тадбирлар, айниқса, партиявий лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни 2012 йилнинг ўтган даврида жойларда 3100 дан ортиқ давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинг ташкил этилиб, уларда 50 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этганидан ҳам кўриш мумкин. 

Энг муҳими, ана шу тадбирларда O`zLiDePнинг ғоя ва мақсадлари кенгроқ тарғиб этилаяпти. «Аёллар қаноти»нинг «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага», «Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаларида эса аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий билим ҳамда кўникмаларини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш имкониятлари яратилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида партия электорати ҳисобланган тадбиркор ва фермер хотин-қизларимиз кўмаги билан 1600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, тадбиркор аёллардан иборат электорат аъзолари 150 нафарга кўпайди.     

Бу эса «Аёллар қаноти»нинг «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш жараёнига камтарона ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Хўш, бугун ўтган даврдаги фаолиятимизга қандай баҳо бериш мумкин? Белгилаб олган режаларимиз, партиявий лойиҳалар ижроси жойларда қандай натижалар бермоқда? Юртбошимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида белгилаб берилган вазифа ва устувор йўналишлар бугун ҳар бир партия аъзоси ўз фаолиятига ана шу нуқтаи назардан ёндашиши лозимлигини кўрсатаяпти. 
«Аёллар қаноти»нинг Нуробод тумани Жом қишлоғида ўтказилган ўқув-семинарида халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандчилик анъаналарини янада бойитиш, соҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат органлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

— Жойларда ўтказилаётган тадбирларимизда асосан мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз, — дейди вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари Марҳабо Чўлиева. — Маълумки, Жом қадимий маданият ўчоқларидан ҳисобланади. Табиийки, бу ерда милий ҳунармандчилик анъаналари ҳам  ўзига хос тарихий услубларга эга. Шу нуқтаи назардан «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Оилавий тадбиркорлик —  хонадон таянчи», «Соғлом оила — мустаҳкам оила» сингари партиявий лойиҳалар доирасидаги тадбирларимизни айни ушбу ҳудудда ўтказаяпмиз. 

Нуробод туманидаги партия аъзоларининг 45 фоизини ҳам хотин-қизлар ташкил этаяпти. Уларнинг 100 нафардан ортиғи хусусий тадбиркордир. Бу, шубҳасиз, туманда O`zLiDeP илгари сураётган ғоя ва мақсадларнинг опа-сингилларимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир. 

— 2007 йилда устозларим Диёра Хўжақулова ва Қундуз Худоёрова ёрдами билан тикувчилик сирларини ўрганганман, — дейди O`zLiDeP фаоли, тадбиркор Зилола Ҳидирова. — Шундан кейин шогирдлар тайёрлашга киришдим. Меҳр қўйган касбим туфайли 2012 йилда «Келажак овози» танлови, «Базар арт» кўргазма савдоси,  2011-2012 йилларда ташкил этилган «Ташаббус» сингари йирик кўрик-анловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритдим.

O`ZLIDEP САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДАН
ПАРТИЯ ЎЗ ОЛДИГА ҚЎЙИЛГАН МАҚСАДЛАРГА ҚУРУҚ ШИОРЛАР БИЛАН ЭМАС, БАЛКИ АМАЛИЙ ИШЛАР, БИРИНЧИ НАВБАТДА, МУЛКДОРЛАР СИНФИ, ТАДБИРКОРЛАР, КИЧИК ВА ХУСУСИЙ БИЗНЕС ВАКИЛЛАРИ ҲАМДА ФЕРМЕРЛАР МАНФААТЛАРИНИ ИФОДАЛАЙДИГАН АНИҚ СИЁСАТ ЮРИТИШ ОРҚАЛИ ЭРИШИШГА ИНТИЛАДИ.
Зилола 2-гуруҳ ногирони бўлса-да, ўз касбининг устаси сифатида нафақат туман, балки юртимизнинг кўзга кўринган ҳунармандлари орасида ҳам ўз услуби билан яхшигина ном қозонган. Шундан бўлса керак, нурободлик хотин-қизлар унинг иш услубини ўрганишга интилмоқдалар. Айни пайтда унинг шогирдлари 40 нафардан ошди. Зилола етакчилик қилаётган корхонада эса ҳозир 15 нафар хотин-қиз иш олиб бораяпти. 

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар моҳиятини теран англаб, опа-сингилларимиз ўртасида либерал ғояларни кенг тарғиб этаётган етакчи хотин-қизлар Самарқандда ҳам кўпчиликни ташкил этаяпти. 
ҲЕЧ КИМ ЧЕТДА ТУРМАСЛИГИ КЕРАК

Ўрта Чирчиқ туманидаги Ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежида ташкил этилган жонли мулоқотда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда партиявий лойиҳалар ва унда аёллар иштирокини таъминлаш ниҳоятда долзарб вазифа эканини таъкидлади. 
— Оила ҳақида, оиланинг ободлиги ва фаровон турмуши ҳақида сўз борганида, энг аввало, аёл сиймоси кўз ўнгимизда гавдаланади, — деди М.Акрамова. — Мана, «Обод турмуш йили»нинг олтинчи ойи остонасидамиз. Хўш, бугун ана шу даврдаги фаолиятимизга қандай баҳо бериш мумкин? Белгилаб олган режаларимиз, партиявий лойиҳалар ижроси жойларда қандай натижалар бермоқда? Юртбошимизнинг халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида белгилаб берилган вазифа ва устувор йўналишлар бугун ҳар бир партия аъзосини ўз фаолиятига ана шу нуқтаи назардан ёндашиши лозимлигини кўрсатаяпти. «Мамлакатимизда соғлом авлодни тарбиялаш йўлида яратилган шарт-шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш масалалари: эришилган натижалар ҳамда навбатдаги вазифалар» мавзуидаги бугунги давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Тадбирда 2012 йилда 263 миллиард сўмдан ортиқ маблағ оналар ва болалар саломатлигини асраш, тиббиёт тизимини ривожлантиришга сарфланганининг ўзиёқ бу соҳага қаратилаётган юксак эътибордан далолат экани алоҳида эътироф этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Робахон Абдурасулова, Нодира Каримова, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими етакчи-консультанти Нилуфар Хотамова ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда партиявий масъулиятни ҳис этиш, сайловлар даврида O’zLiDePнинг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаган юртдошларимизнинг ишончини оқлаш энг долзарб масала эканини таъкидладилар. 

Ҳақиқатан ҳам, бугунги демократик ислоҳотлар даврида аҳоли фаровонлиги, юртимиз ободлиги соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ва бутун дунё эътироф этаётган ислоҳотлар билан уйғун тарзда кечаяпти. Хусусан, чекка ҳудудларда ёш қизларни спорт билан шуғулланишга кенгроқ жалб этиш, аёл мураббийлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида зарарли иллатлар тарқалишининг олдини олиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларининг кучайтирилиши, айниқса, опа-сингилларимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ишлар салмоқли натижалар бераяпти. 

— Президентимизнинг «Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бугунги ёшлар учун янада қулай шароитлар яратилишида  муҳим омил бўлди, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Нодира Каримова.
ОРОЛБЎЙИДАГИ 
САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИМИЗ ҚАНДАЙ НАТИЖА БЕРМОҚДА?

«Аёллар қаноти» томонидан ишлаб чиқилган «Оилавий  тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасида ҳам хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш имкониятларини  кенгайтирмоқда.

Масалан, ана шу лойиҳада иштирок этган тахтакўпирлик Тўйдихон Нуржонованинг истиқболли бизнес-режаси «Микрокредитбанк» томонидан юқори баҳоланиб, унга 12 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Натижада партиянинг туб мақсад ва вазифаларини теран англаган тадбиркор ўз маҳалласидаги 8 нафар аёлни иш билан таъминлади. Айни пайтда опа-сингилларимиз асосан тикувчилик, тўқимачилик ва бисер тўқиш билан шуғулланмоқдалар.

Хўш, «Аёллар қаноти»нинг Тахтакўпир туманида шаклланган бундай  ибратли ташаббусининг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат? Биринчидан, бу тажриба аёлларимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтиришни кўзда тутганини алоҳида таъкидлаш лозим. Иккинчидан, лойиҳа туфайли кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланаяпти. 

«Соғлом оила — мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида Қўнғирот туманида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Мазкур ҳудудда  хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари уларнинг оила ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш, оила институтини янада кучайтириш, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш, мазкур жараёнда жамиятнинг маънавий негизларини такомиллаштиришга қаратилган.  

 Ана шундай эзгу мақсадга эришиш учун «Соғлом ва мустаҳкам оила», «Тадбиркорлик — давр талаби», «Кичик бизнеснинг катта имкониятлари» мавзуларида давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, учрашувлар ўтказилмоқда. Қўнғирот туманида изчил амалга оширилаётган бу тажриба партиянинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини ҳам мустаҳкамлаяпти.  

— «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш жараёнида партиявий лойиҳалардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз, — дейди O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Ойжамол Юсупова. — Бунда «Аёллар қаноти»га аъзо бўлган тадбиркор ва фермер опа-сингилларимиз салмоқли улуш қўшаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Агар 2012 йилда партиявий лойиҳалар асосида 24 нафар аёлга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида бу кўрсаткич 11 нафарга етди. Партиявий лойиҳаларнинг реал натижалари хусусида сўз борганида, улар партиянинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этиш имконини бераётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Масалан, 2013 йилнинг биринчи чорагида «Аёллар қаноти» томонидан ташкил этилган 39 та тадбирда 1378 нафар хотин-қизлар қамраб олинди. Бу жараёнда депутат аёллар, БПТларга етакчилик қилаётган опа-сингилларимиз фаоллиги кучайгани яққол сезилмоқда.

Ҳа, чиндан ҳам тобора чирой очаётган Қорақалпоғистонда аёллар тадбиркорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани яхши натижалар бераяпти. O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши маълумотларига қараганда, айни пайтда ҳудуддаги БПТларнинг 142 тасига аёллар раҳбарлик қилаяптилар.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, «Аёллар қаноти» ташаббуси билан илгари сурилаётган лойиҳалар, кўпчилик эътиборини тортаётган ташаббуслар Оролбўйида O`zLiDePнинг мақсад ва вазифалари моҳиятини кенг тарғиб этиш ва партия номзодлари учун овоз берган сайловчилар ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаяпти.  Н.ҚАҲҲОРОВА, Я.ҚЎЧҚОРОВ, Ш.МИРЗААЛИЕВА,
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси
2013 30 май, 21-22 (497-498)-сонлар 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме