13:30 20.08.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ОБОД ВА ОЗОД ЮРТГА ҲАР ҚАНДАЙ БАЙРАМ ЯРАШАДИ
Гулсара Нуралиева,Сирдарё туманидаги “Гулсара Қўшбоқ қизи” фермер хўжалиги раҳбари, O‘zLiDeP фаоли
- Касбим ўқитувчилик. Лекин қишлоқда яшаганимиз учун деҳқончилик ҳам бизга бегона бўлмаган. Шу сабабли 2004 йилдан фермерлик фаолиятини бошлаганман. Бошида 11 гектар ерда деҳқончилик қилганмиз, ҳозир эса 52 гектар еримиз бор. Бу йил ғалладан мўл ҳосил кўтардик, пахтадан ҳам умидимиз катта. Чунки ҳозирнинг ўзида ҳар туп ғўзада 10-12 тадан бўлиқ кўсак бор. Насиб этса, пахта ҳосилдорлигини 32 центнердан ошириш ниятидамиз.Мен тасодифан фермер бўлиб қолганим йўқ. Мустақиллик арафасида давлатимиз раҳбарининг 2,5 миллион оилага 700 минг гектар суғориладиган ерни бўлиб бериш тўғрисидаги қарори бугун ҳам кўпчиликнинг ёдида. Ана шу қарор туфайли юз минглаб оилаларнинг ижтимоий фаровонлигига эришилди, жамият барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашнинг пойдевори яратилди. Ерни боқсанг – ер сени боқади, деган мақол ҳаётда ўз аксини топди. Мен ҳам ана шундай омиллардан илҳом олганман. Шунинг учун ўзим мисолимда бу қарор фермерлик ҳаракатининг вужудга келишига тамал тошини ҳам қўйган, десам хато бўлмаса керак. Эътироф этишим керакки, мустақиллик йилларида мулк таркибида туб ўзгаришлар рўй бергани, кўп укладли иқтисодиёт амалда шакллангани ва бунда хусусий мулк устивор ўрин эгаллагани O‘zLiDeP аъзоси сифатида мен учун ҳам ниҳоятда муҳим. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик нафақат мамлакатимиз иқтисодиётида белгиловчи ўрин эгаллади, балки бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси ўсишининг асосий манбаига, аҳоли бандлиги ошишининг энг муҳим омилига айланди. Юртбошимиз Ислом Каримов вилоятимизга қилган ташрифи чоғида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда фермерлик ҳаракатининг аҳамияти катта эканини алоҳида таъкидлади. Айниқса, Президентимизнинг сирдарёликларга ишончи ва юқори баҳоси биз фермерларни янада юксак натижалар сари руҳлантирди.Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги тобора яқинлашиб келяпти. Ҳар гал бу байрамни нишонлар эканмиз, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Ахир шу мустақиллик шарофати билан барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди, Ватанимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро майдондаги обрў-эътибори ортди, қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Шунинг учун мен мустақилликни ўзликни англаш, меҳнатнинг роҳатини кўриш, деб биламан. Айни пайтда барча ватандошларимиз қатори жамоамиз ҳам ушбу шодиёна кунни интиқлик билан кутмоқда. Шундай обод ва озод, дастурхони тўкин, инсони азиз юртда ҳар қанча байрам қилсак ярашади.
Обсудить новость на Форуме