13:15 05.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ОБОД УЙИМ – ОБОД ВАТАНИМ!
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастури асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари учун 2013 йилда жами 6 триллион 655 миллиард сўм маблағ сарфлаш режалаштирилди.
Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган фикрлар, тавсия ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган ушбу дастур айни пайтда O’zLiDeP аъзолари ва партия электорати вакиллари томонидан ҳам чуқур ўрганилмоқда. Халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш учун барча имкониятларни сафарбар этиш, бу жараёнга давлат муассасалари билан бир қаторда нодавлат тузилмалари ва жамоат ташкилотларини ҳам жалб этишга йўналтирилган мазкур дастур ўз қамрови ва кўлами, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига қаратилган долзарб аҳамияти, энг муҳими, молиявий манбалари кафолатлангани билан ҳам кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилаётир.Нодира КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— «Обод турмуш йили» Давлат дастурида қонунчилик базасини янада такомиллаштириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилангани зиммамизга жуда катта масъулият юклайди, албатта. Хусусан, унда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунларни янги таҳрирда, шунингдек, ёшларни ишга жойлаштириш шарт-шароитларини янада такомиллаштириш учун «Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида «Фуқаролик процессуал кодекси ва Оила кодексига оила институтини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари «Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида», «Жамоатчилик назорати тўғрисида», «Ижтимоий шерикчилик тўғрисида» ҳамда «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган нормаларни ўрганар эканмиз, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ниҳоятда муҳим масалалар ечимига йўналтирилганини кўрамиз. Хусусан, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ролини ошириш, ноёб институт ҳисобланган маҳалланинг жамоатчилик назорати соҳасидаги функцияларини янада кенгайтириш, уни оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш марказига айлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.Маълумки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти ва хусусий сектор вакиллари билан ҳамкорликда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлар ҳамда кўмакка муҳтож фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқдалар.Мазкур вазифаларни бажаришда O’zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва фермерларнинг фуқаролар йиғинларига яқиндан ёрдам бераётгани ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидандир. Зеро, маҳаллаларда азалдан ахлоқий қадрият ва анъаналар шаклланган. Улардан бири, шубҳасиз, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик бўлиб, ушбу йўналиш йиллар давомида шаклланган урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимизни акс эттиради. Бахриддин БЕГЖАНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси:— Дастурда аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, бандлик даражасини ошириш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ҳамда фермерликни янада ривожлантириш ҳисобидан 970 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилгани ушбу муҳим ҳужжатнинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.Агар бу рақам тармоқлар кесимида таҳлил қилинса, янги ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга топшириш ва мавжуд корхоналарни модернизациялаш ҳисобига 57,9 минг, кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобига 367,8 минг, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 117,7 минг, касаначиликнинг барча шаклларини йўлга қўйиш ҳисобидан 218,4 минг, фермер ва деҳқон хўжаликларини кенгайтириш орқали 124,1 минг, бозор инфратузилмасини такомиллаштириш ҳисобига 73,1 минг, ночор корхоналарни қайта тиклаш эвазига 13,7 мингта иш ўрни яратилиши аён бўлади. Бу эса Давлат дастури ижросини таъминлашда O’zLiDeP аъзолари ва партия фаолларидан жуда катта ташаббускорлик кўрсатилиши лозимлигини англатади.Маълумки, 2012 йилда тижорат банклари оилавий, хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳунармандчилик, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун кредитлар ажратишга алоҳида эътибор қаратди. Жорий йилда эса бундай кредитлар 269,6 миллиард сўмни ташкил этиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, айни шу йўналишда партиянинг «Ёшлар» ва «Аёллар қаноти»нинг молия муассасаллари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга ошираётгани ҳам ижобий самара бермоқда. Дастурда саноатни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Уларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида янги ишлаб чиқариш линияларни ташкил этиш кўзда тутилгани ташаббускор ишбилармонлар учун яна бир қулай имкониятдир. Чунки, дастурда белгиланганидек, йил охиригача республиканинг ҳар бир минтақасида 30-40 та балиқчилик, ҳар бир қишлоқ туманида камида 10 тадан паррандачилик хўжаликлари ташкил этилади. Қисқа қилиб айтганда, ушбу ҳужжатнинг қай бир бандини олманг, унда белгиланган чора-тадбирларнинг барча-барчаси ислоҳотлар — инсон учун, деган эзгу даъватнинг тасдиғи янглиғ намоён бўлади. Қаҳрамон ЭРГАШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси:— Аслида Ватан ободлиги ва осойишталиги ҳар бир хонадондаги тинчлик-хотиржамликдан бошланиши ҳеч кимга сир эмас. Чунки Ватан ичра мўъжаз Ватан, деб аталадиган маҳалларимиздаги фаровонлик ҳар бир оиладаги эзгу интилиш меваси сифатида қарор топади. Шу маънода, дастур доирасида «Обод уйим» лойиҳасининг амалга оширилиши кўпчилик фуқароларимиз эътиборини тортмоқда. Маҳаллаларни ободонлаштириш масалаларига нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб этиш орқали қишлоқларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ўтказиладиган биргина ана шу лойиҳага кўра, 15 миллион туп манзарали ва 29,5 миллион туп мевали дарахт ниҳоллари, шунингдек, 10 миллион туп гул ҳамда буталар экиш кўзда тутилган. Маҳаллалар қиёфасини янада яхшилаш, уйларнинг олд қисми ва томларини, кўчалар ва йўлакларни таъмирлаш, энергия тежовчи технологияларни қўллаш орқали ташқи ёритиш тармоқларини ривожлантириш, санитария шароитларини яхшилаш, янги турар-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр ва иссиқлик энергияси билан кафолатли таъминлаш ҳам дастурда белгиланган вазифалар сирасига киради.Масалан, 2013 йилда 553 та қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 10 мингта якка тартибдаги уй-жой қурилади, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисини сув, газ, электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилиб, минглаб километр янги, юқори вольтли электр узатиш линиялари, сув чиқариш ҳамда газ тақсимлаш тармоқлари объектлари барпо этилади. Давлат дастурини ҳаётга татбиқ этиш доирасида «Ёш оилалар учун турар-жой» дастури, имтиёзли кредитлар тақдим этиш орқали, айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантириш ва молиялаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режалаштирилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу мақсадда «Оила фаровонлигини янада ошириш мақсадида аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш» лойиҳаси амалга оширилади. Кўриб турганингиздек, юқорида санаб ўтилган йўналишларнинг аксарияти O’zLiDePнинг ижтимоий-гуманитар соҳалар ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш борасидаги дастурий вазифаларига уйғун ва ҳамоҳангдир. Партиямиз давлатнинг ижтимоий соҳага оид сиёсатидаги стратегик устувор йўналиш – инсонга бўлган эътибор, деб ҳисоблайди. Модомики, партиямиз фаоллари ислоҳотларнинг барча босқичларида эришилган натижаларни аҳоли фаровонлигининг ўсиши билан баҳолайди.
Озод РАЖАБОВ тайёрлади. «XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме