18:45 15.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O`zLiDeP оилавий тадбиркорларга кўприк бўлаяпти
Партия фаолларининг фикрича, бу лойиҳалар «ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги стратегик йўлни қўллаб-қувватлаймиз» қабилидаги умумий гаплардан кўра, дастур ижросини таъминлашга реал ҳисса қўшишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Биргина Марказий банк, «Микрокредитбанк» ва бошқа тижорат банклари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Мулкдор оила» лойиҳаси доирасида 1300 дан ортиқ оилавий тадбиркорлик (деҳқон хўжаликлари) субъектларига қўшимча равишда паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, иссиқхона хўжаликлари ҳамда боғдорчиликни ривожлантиришга 3 млрд. 500 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши ва 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилганини таъкидлаш мумкин. Шу билан бирга лойиҳа доирасида 2500 дан ортиқ оилавий тадбиркорлик субъектлари ва деҳқон хўжаликларининг ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, мазкур лойиҳа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган бир қатор муаммоларни тизимли ўрганиш, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш имконини ҳам беради. Шу мақсадда вилоятларда «Тадбиркорлар мулоқот форуми» лойиҳаси ўтказилиб, уларда 10 та долзарб масала атрофлича муҳокама қилинди. Айни кунда лойиҳанинг вилоят босқичлари ўз якунига етмоқда.
Янги лойиҳадан — янги режаларга
Асл мақсади шахсий деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, оилавий бизнес билан шуғулланаётган тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, уларга имтиёзли кредитлар бериш механизмини такомиллаштириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллашга йўналтирилган «Мулкдор оила» лойиҳасининг Самарқанд вилоят босқичида 54 нафар шахсий деҳқон хўжалиги раҳбари ва оилавий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этдилар. Уларга «Микрокредитбанк» ОАТБ ва «Агробанк» ОАТБ вилоят филиалларининг имтиёзли кредитларини берувчи махсус гувоҳномалар топширилди.O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгашининг тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Қодир Шойимовнинг таъкидлашича, бугун лойиҳа иштирокчиларининг 15 нафарига мева ва сабзавотчилик, асаларичилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун 267 млн. 350 минг сўм миқдорида кредит ажратилди. Бу эса қўшимча 47 та иш ўрни яратиш имконини берди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида тижорат банкларига 202 млн. 700 минг сўмлик 39 та бизнес-режа ва уларнинг тегишли ҳужжатлари топширилиб, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида яна 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.O’zLiDeP Жомбой туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фарид Ашуровнинг таъкидлашича, «Мулкдор оила» лойиҳасининг вилоят босқичида Жомбой туманидан 8 нафар деҳқон ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этиб, «Агробанк» ОАТБ Жомбой туман филиалидан 36 млн. 250 минг сўм кредит олишга муваффақ бўлган. Натижада 15 та янги иш ўрни яратилди.— 2008 йилда ташкил этилган хўжалигимиз боғдорчиликка ихтисослашган, — дейди жомбойлик деҳқон хўжалиги раҳбари Расул Раҳмонов. — «Мулкдор оила» лойиҳасининг вилоят босқичида иштирок этиб, «Агробанк» вилоят филиалининг имтиёзли кредит олиш бўйича гувоҳномасини қўлга киритдим. Банк томонидан ажратилган 5 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағи ҳисобидан фаолиятимизни янада кенгайтираяпмиз.
Ишонч қатъий
O`zLiDeP Андижон вилоят кенгаши ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларга жиддий ҳозирлик кўрди. Хусусан, жорий йилнинг апрель-май ойларида туман босқичлари ўтказилиб, унда иштирок этиш учун 160 дан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва оилавий тадбиркорлик субъектларидан аризалар келиб тушди. Ташкилий қўмита томонидан эса 88 нафардан ортиқ деҳқон хўжаликлари вилоят босқичида иштирок этиш учун саралаб олинди.Асака туманидаги Ибн Сино МФЙда истиқомат қилувчи Шуҳрат Нурматовнинг бизнес-режаси истиқболли деб топилгач, унга «Микрокредитбанк» Асака туман филиали томнидан 40 млн. сўм кредит ажратилди. Ҳозирги кунда савдо-сотиқ йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркор 6 та янги иш ўрни яратиб, аҳолига қурилиш материалларини сифатли ва арзон нархда етказиб бераётир.Жалақудуқ туманидаги «Шафоф люкс» хусусий корхонаси раҳбари Улуғбек Ҳайдаровнинг трикотаж ва полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи бизнес-режаси ҳам танлов ҳайъати эътиборини тортди. Истиқболли деб топилган ушбу лойиҳа «Микрокредитбанк» Жалақудуқ туман филиали томонидан 10 млн. сўм миқдорида кредит маблағи билан молиялаштирилди. Ҳозирги кунда тадбиркор ўз фаолиятини кенгайтириб, аҳолини полиэтилен маҳсулотига бўлган талабини қондирмоқда. Харидорларга ишга янги олинган 8 нафар ишчи хизмат кўрсатмоқда. Лойиҳада хўжаободлик Миркомил Акбаров, Розияхон Қурбонова, Мавлудахон Мадиярова ҳамда Абдулатиф Абдухолиқов ҳам муваффақиятли қатнашдилар. Натижада уларга «Микрокредитбанк» Хўжаобод туман филиалининг 12 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди.«Мулкдор оила» лойиҳасининг Бўз туман босқичида ғолиб бўлган 8 нафар иштирокчи ҳам имтиёзли сертификатларни қўлга киритган эди. Шулардан «Истиқбол» чорвачилик фермер хўжалигига чорвачиликни ривожлантириш учун 24 млн. сўм, «Қаюмжон шуҳрати» фермер хўжалигига тикув машинаси ва хом ашё сотиб олиш учун 20 млн. сўм, «Ақлимахон файзи» хусусий корхонасига паррандачиликни йўлга қўйиш учун 24 млн. сўм маблағ «Микрокредитбанк»нинг Бўз туман филиали томонидан ажратилди. Бу эса қўшимча 35 та иш ўрни яратиш имконини берди.
Энди Жиззахда оилавий тадбиркорлар сони янада кўпаяди
«Мулкдор оила» лойиҳасининг Жиззах вилоят босқичи якунлари бўйича 9 нафар иштирокчи жами 98,2 млн. сўм миқдорида кредит олишга муваффақ бўлди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари ўз ишини бошлагач, 35 та қўшимча иш ўрни яратилди. — Мен ¤збекистон Либерал-демократик партиясининг «Мулкдор оила» лойиҳасида қатнашиб, ўз оилавий бизнесимни йўлга қўйдим, — дейди лойиҳа иштирокчиси Норхол Мелибоева. — Айни кунда «Агробанк» Бахмал туман филиалининг 12 млн. сўмлик кредити ҳисобига «Мелибоева Норхол» хусусий корхонасини ташкил этиб, тикувчилик цехини ишга туширдим. Туманимиз аҳолиси эҳтиёжлари учун турли тикувчилик маҳсулотларини тайёрлаяпмиз. Келгусида партия кўмагида фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман.
Таҳририятдан: Бир сўз билан айтганда, «Мулкдор оила» лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад чекка ҳудудларда оилавий бизнесни йўлга қўйган ва тадбиркорликка энди қўл ураётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, уй ва деҳқон хўжалигига асосланган оилавий корхоналар сонини кўпайтириш орқали ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва қишлоқларга саноатни олиб киришга реал кўмаклашишдан иборатдир. Тадбир ташкилотчиларининг фикрича, лойиҳа доирасида жами 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилаяпти. Бундан ташқари, кўрик-танлов ғолиблари учун хорижий давлатларда ҳам малака ошириш имконияти яратиб берилаётгани «Мулкдор оила» лойиҳасига бўлган қизиқишни кучайтирмоқда. Шунингдек, таҳлилчилар лойиҳа якунида «Оилавий тадбиркорлик ва Деҳқон хўжаликларининг ташкилий, ҳуқуқий ва иқтисодий асослари» номли амалий қўлланма чоп этилиши режалаштирилганини тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган реал рағбат, деб атамоқдалар.
Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ,«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме