20:00 28.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O‘zLiDeP фракцияси фаолияти: ТУПРОҚ УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИГА ИМТИЁЗЛАР

Республика қишлоқ хўжалигида интенсив фойдаланиладиган ерларнинг 9,7 фоизини суғориладиган майдонлар ташкил этади. Улардан фойдаланишда фермер хўжаликлари илмий, амалий, техникавий, иқтисодий ва ташкилий имкониятларини биринчи навбатда тупроқ унумдорлигини ошириш ва сақлашга қаратмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 82-моддасида ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишни иқтисодий рағбатлантириш тартиби белгиланган. Бу ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг тупроқ унумдорлигини сақлаш ва тиклаш, турли салбий оқибатлардан ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини оширишга қаратилган бўлиб, биринчидан, янги ўзлаштирилаётган ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш жараёнида бўлган суғориладиган ерларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер солиғи бўйича имтиёзлар беришни, иккинчидан, ерларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш билан шуғулланган юридик ва жисмоний шахсларга камхаржли ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этишда солиққа, кредитга оид бошқа имтиёзлар беришни ўз ичига олади.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси фермер хўжаликлари кичик ҳамда хусусий корхоналар учун берилган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисидаги норма билан мустаҳкамланган. Қонуннинг 29-моддасида фермер хўжаликларини давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш назарда тутилган бўлиб, биринчидан, давлат фермер хўжаликлари ҳуқуқларига риоя этилиши ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, иккинчидан, давлат органлари фермер хўжаликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиши шарт.

Тупроқ унумдорлигини оширишни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 11 апрелда қабул қилган “Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофик, хосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан хўжаликларнинг махсус хисоб рақамига тушган маблағларидан бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар бўйича қарздорликни, банк кредитлари ва иш ҳақи, шунингдек пахта хом ашёси етиштириш учун сотиб олинган моддий-техник ресурслар ва кўрсатилган хизматлар учун қарзларни тўлаш, келгуси йил ҳосили учун сотиб олинадиган ресурслар ва кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан тўловларни амалга ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларини ва хўжаликнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва сақлаш учун ерларга ишлов бериш ва фойдаланиш агротехник тадбирларни илмий ва амалий тажрибалар асосида олиб бориш, органик ва минерал ўғитларни тупроқ турига қараб тақсимлаш, суғоришни тупроқ ва экин турларига қараб ташкил этиб, ерлар шўрланишининг олдини олиш ва шўрни ўз вақтида ювиш лозим.

Суғориладиган ерлар унумдорлиги пасайишининг олдини олиш, сақлаш ва оширишда биринчи навбатда, тупроқнинг унумдор, яъни гумусли қатламини экин турларига қараб органик ва минерал ўғитлар билан меъёрида тўлдириб бориш керак. Бунда барча агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказиш муҳимдир. Суғоришда сув лимитлари экин ва тупроқ турларига қараб, илмий ва амалий тавсия хамда тажрибаларга асосланган ҳолда белгиланса, шўрланиш жараёнларини ҳисобга олиб, зарур мелиоратив тадбирлар кўлланилса, тупроқни шўрсизлантириш ва иккиламчи шўрланишнинг олдини олишга эришилади.

Ерларнинг унумдорлигини оширишга эришган ҳудудларда фермер хўжаликларини мунтазам рағбатлантириб туриш лозим.

Ер эгалари агротехник тадбирларни биринчи навбатда йиллик агротехнологик карта тузиб олган ҳолда амалга оширганлари мақсадга мувофиқдир. Аввало ер шароитидан келиб чиқиб, экинларга минерал ва органик ўғитларни илмий ва амалий асосланган ҳолда тупроқ тури ва ҳолатига қараб, қайси ўғитни олдиндан солиш маъқуллигини ўрганиб, режали тақсимлаш керак. Шунда йилдан-йилга тупроқ унумдорлиги яхшиланиб, самарадорлиги ошиб, фермер хўжаликларининг иқтисодий кўрсаткичлари янада юқори бўлишига эришилади.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини кўтариш имкониятлари бор. Бунинг учун илмий ишлаб чиқилган тавсия ва амалий тажрибаларни қўллаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса, органик ўғитларни кўпроқ қўллаш, саноат чиқиндиларидан, маиший ва бошқа маҳаллий қолдиқлардан ҳамда мавжуд агрорудалардан фойдаланиш тупроқ ҳолатини яхшилаш билан бирга органик модда ва озуқа элементлари захирасини кўпайтиради.

Бундан ташқари, тупроқ ва сувларнинг физик, физик-кимёвий, биокимёвий ва мелиоратив хоссаларининг мўътадиллигини таъминловчи бир қатор янги тадбир ва технологиялар яратиш ҳамда тезда татбиқ этиш масалалари қишлоқ хўжалиги мутахассисларининг биринчи галдаги вазифаларидир.Тупроқлар ҳолатини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, илмий ва амалий тажрибаларни қўллаб, тупроқ унумдорлигини ошириш иқтисодий барқарорликка эришишни истаган ҳар бир фермер хўжалигининг асл мақсади бўлиши лозим. Лекин бунинг учун амалдаги қонунларда фермер хўжаликларига кўшимча имтиёзлар бериш ва рағбатлантириш етарли даражада эмас. Тупроқ унумдорлигини ошираётган фермер хўжаликларини рағбатлантириш амалдаги қонун нормалари билан тўлиқ тартибга солинмаган. Буни бартараф этиш учун амалдаги Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун ва қишлоқ хўжалиги муносабатларини тартибга солувчи бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тупроқ унумдорлигини оширган фермер хўжаликларига бериладиган имтиёзларни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозим бўлади.

Фахриддин КОМИЛОВ,Абдуҳолиқ ЖАББОРОВ,Ўзбекистон РеспубликасиОлий МажлисиКонунчилик палатасидепутатлари
 “Тошкент ҳақиқати” газетаси 2013 йил 25 май №43 (12575) 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме