21:15 29.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O‘zLiDeP фракцияси фаолияти: ИЖРОДА МЕХАНИЗМ ВА МАСЪУЛИЯТ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг мамлакатимиз Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган Ўзбекистон миллий автомагистрали ёқасида инфратузилма ва сервис объектларини қуришнинг “Бухоро-Қарши-Ғузор-Термиз” йўналишидаги параметрларининг бажарилишини назорат-таҳлил фаолияти доирасида ўрганиш ишларининг якунига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, бир қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотларнинг масъул вакиллари иштирок этишди. Йиғилиш аввалида таъкидланганидек, Президентимизнинг мазкур қарорида кўзда тутилган мақсад ишлаб чиқариш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларининг республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларини истиқболда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган дастурлар билан узвий боғлиқ ҳолда жадал ривожланишини ҳамда бунинг негизида янги иш жойларини яратиш, аҳолининг бандлиги ва турмуш даражаси узлуксиз ўсиб боришини таъминлашдан иборат. 

Бунинг учун эса қарорда хорижий ва ички молиялаштириш манбаларини, замонавий технологияларни жалб этиш кўламини кенгайтириш, қурилиш ва индустриал ишлаб чиқариш комплексларини янгилаш асосида транспорт коммуникациялари, замонавий телекоммуникация тизимлари, муҳандислик инфратузилмаси объектларини комплекс равишда ва илдам ривожлантириш ҳамда қуриш, республиканинг барча минтақаларини пухта бирлаштирадиган ягона миллий автомобиль транспорт тизимини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш кераклиги таъкидланган. 

Шунингдек, Ўзбекистон миллий магистрали таркибига кирадиган, халқаро стандартларнинг юксак талабларига жавоб берадиган, замонавий цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламалар билан таъминланган тўрт полосали йўл участкаларини қуриш ва реконструкция қилишни кенгайтириш, миллий автомагистрал ёқаси ва темир йўллар бўйлаб инфратузилма ва сервис объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, автомобиль ва темир йўл магистралларида қатновчилар учун халқаро стандартларга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиш, бунинг негизида янги иш жойларини шакллантириш каби қатор вазифаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилган. 

Мазкур йўналишда 2011-2015 йиллар давомида автомобиль йўллари ўтадиган ҳудудларда жами 240 та инфратузилма ва сервис объектлари қурилиши, жумладан, 19 та кемпинг, 18 та кичик меҳмонхона, 36 та кўп тармоқли ёнилғи қуйиш шохобчаси, 49 та АГНКС, 78 та техник хизмат ва тиббий ёрдам кўрсатиш объектлари, 31 та автомобилларнинг вақтинча тўхташ майдончалари, 9 та сайёҳларга хизмат кўрсатиш мажмуаси кабиларни қуриш режалаштирилган. 

Йиғилишда маълум қилинганидек, қўмита томонидан тузилган ишчи гуруҳи мазкур қарор вазифалари қандай бажарилаётганини билиш мақсадида бу борадаги ижрога масъул бўлган Давлат архитектура-қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Республика йўл жамғармаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда ўрганиш ишларини олиб борди.

Назорат-таҳлил натижаларининг кўрсатишича, қарорнинг 4-иловасига мувофиқ, М-39 автомобиль йўлининг 436 километр узунликдаги “Бухоро-Қарши-Ғузор-Термиз” йўналишида 2011-2015 йилларда 43 та объектни қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган бўлиб, бу борада Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2011 йилда қурилиши керак бўлган объектларнинг 5 таси фойдаланишга топширилган. Масалан, Қашқадарё вилоятида А-380 автомобиль йўлининг Қарши шаҳар ҳудудидан ўтган қисмининг 45-км.даги автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияси ва Муборак тумани ҳудудидан ўтган қисмининг 130-км.даги кўп тармоқли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси фойдаланишга топширилган. Сурхондарё вилоятида М-39 автомобиль йўлининг Термиз тумани ҳудудидан ўтувчи қисмининг 1447-км.даги кемпинг объекти қуриб битказилган.

Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 150-439-километрлари оралиғида 1 та автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси, 1 та авария чақирув ва тиббий ёрдам ҳамда техник хизмат кўрсатиш объектлари қурилган.

Йиғилишда қарор ижросини таъминлаш талаб даражасида эмаслиги, бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилиниб, иштирокчилар эътибори амалга оширилмай қолган ишларга қаратилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида 2011-2012 йилларда М-39 автомобиль йўлида режалаштирилган 10 та объектдан 5 тасида қурилиш ишлари якунига етказилмаган, биттасида лойиҳа-смета ҳужжатлари энди ишлаб чиқилмоқда, яна биттасида эса ер ишлари бажарилган, холос.

Қашқадарё вилоятида 2011-2012 йилларда “Бухоро-Қарши-Ғузор-Термиз” йўналишидаги М-39 автомобиль йўлида режалаштирилган 10 та объектдан 5 тасида қурилиш ишлари ниҳояланмаган.

Бухоро вилоятида 2011-2012 йилларда ушбу ҳудуддан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 150-439-километрлари оралиғида режалаштирилган 9 та йўл инфратузилмаси ва сервис объектларидан 5 тасида қурилиш ишлари якунланмаган.

Ижрони ўрганган ишчи гуруҳи аъзоларининг таъкидлашларича, аниқланган шу каби бир қатор камчиликларга ушбу вилоятларда белгиланган ишларни амалга оширишнинг самарали механизми ишлаб чиқилмагани оқибатида йўл қўйилган. 

Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Мамадиёров, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Атаев, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги котибияти бошлиғи Ғ.Сафаров сўзга чиқиб, ҳозирда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилаётгани ҳақида ахборот беришди.

Тадбир якунида олиб борилган ўрганиш ишларининг мақсадидан келиб чиққан ҳолда қарор ижросини таъминлашга масъул бўлган ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг масъулиятини тубдан ошириш, аниқланган камчилик ва муаммоларга сабаб бўлган ҳолатларни ўрганиш, жумладан, бу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бундан ташқари, масъул субъектлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, олиб борилаётган ишларнинг тизимли мониторингини юритиш, зарур бўлган инфратузилма объектларини қуриш бўйича маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб, салоҳиятли инвесторларни ва тадбиркорларни кўпроқ жалб этишга эътиборни янада ошириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ва экоҳаракат депутатлик гуруҳи вакилларининг муносабатлари ва нуқтаи назарлари, таклифлари инобатга олинган ҳолда қўмита йиғилиши қарори қабул қилинди.
Замира ТОЖИЕВА,
“Биржа” иқтисодий газетаси
2013 йил 28 май №61 (1624)

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме