20:00 28.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O‘zLiDeP фракцияси фаолияти: ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ — ДАВР ТАЛАБИ

ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг навбатдаги назорат-таҳлили якунига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” ДАК тизимларидаги ижроси муҳокама қилинди. Унда қуйи палата депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассис-экспертлар қатнашди. Йиғилишда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” ДАК раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда барча жабҳаларга АКТни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, у замон талаблари асосида такомиллаштириб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида баён этилган асосий вазифаларнинг изчил ижроси бу борадаги тараққиётни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Жумладан, уларда давлат ва жамият қурилиши тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, “Электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш концепцияси ва комплекс дастурини ишлаб чиқишни тезлаштириш, бошқарув жараёнлари, бизнес тармоқлари ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, ахборот тизимларининг идоралараро ҳамда идоравий комплексларини бирлаштирадиган Миллий тизим яратиш зарурлигига алоҳида урғу берилган эди.

Албатта, мазкур вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этишда соҳага оид ҳуқуқий механизмлар рўёби салмоқли роль ўйнайди. Чунончи, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив хизматлар кўрсатувчи “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “Ўзбеэнерго” ДАК фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун нормаларининг сўзсиз ижроси долзарб ҳисобланади.

Бинобарин, қўмита ишчи гуруҳи ушбу тузилмалар томонидан Қонунга риоя этилишини ўрганди. Унга мувофиқ, Давлат қўмитаси ва компания тизимларида илғор ахборот ҳамда компьютер технологияларини кенг жорий қилиш, ахборот ресурсларини ривожлантириш, интерактив давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича муайян ишлар олиб борилгани маълум бўлди.

Ишлаб чиқилаётган “Электрон ҳукумат” давлат интерактив хизматларининг ягона платформасига мос равишда бир қатор ахборот тизимлари ва ресурслари яратилгани бунинг тасдиғидир. Ҳозир интернет тармоғида “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” ДАКнинг расмий веб-сайтлари ишга туширилиб, зарур маълумотлар билан тўлдириб борилаяпти. Ўз навбатида, электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Айни пайтда давлат қўмитаси тизимида кўчмас мулкни ҳисобга олиш ва мулкка бўлган ҳуқуқни қайд этиш мақсадида ахборот тизимларининг дастурий комплекси ҳамда расмий интерактив хизматлар (кадастр ва рўйхатга олиш)нинг дастлабки версиялари ишга туширилган.

“Ўзбекэнерго” ДАКда бу борада амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири — электр энергиясидан фойдаланувчиларни автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш ва улар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича идоравий биллинг ахборот тизими (“Электрҳисоб” дастурий комплекси) жорий этилганидир. Бу “он-лайн” технологияси ёрдамида электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилишга доир ахборотни реал вақт режимида тезкор олиш, электрон тўловларни амалга ошириш имконини беради.

Йиғилишда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ва бошқа тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ижросида “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” ДАКда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Унда ахборот ресурсларини инвентаризация қилиш бўйича ишларни мақбуллаштириш, фойдаланиладиган ахборот тизимларидаги техник воситаларни сертификатлаштириш, электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш ҳисобига қоғоз сарфини қисқартириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, интерактив хизматлар сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришга қаратилган бир қатор тавсиялар берилди.

Муҳокамаларда кўриб чиқилган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Саиджон МАХСУМОВ,
"Халқ сўзи" газетаси
2013 йил 28 май, №102 (5776)
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме