01:00 12.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O`zLiDeP фракцияси депутатлари “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар
2013 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда бир неча қонун лойиҳалари муҳокама этилди ва O`zLiDeP фракциясининг мазкур лойиҳалар юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.
Фракция Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда ҳар томонлама муҳокама қилди. O`zLiDeP депутатлар корпусининг ушбу ҳужжатга эътибор билан қараётганига сабаб шуки, у давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талабларини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш тизимида ННТлар роли ва ўрнини белгилаб беради.
Йиғилишда алоҳида қайд этилдики, O`zLiDeP Сайловолди платформасининг муҳим жиҳатларидан бири – фуқаролик жамияти институтларига уларнинг фуқаролар манфаатларини қондириш ва ҳимоя қилиш, муҳим ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган фаолиятлари самарадорлигини юксалтиришга кўмаклашиш ҳисобланади. Шунинг учун, мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан сўнг O`zLiDeP фракцияси томонидан ҳар томонлама таҳлил этилди, жумладан, масъул Қўмитанинг қонун лойиҳаси доирасидаги ишлари давомида эътиборга олинган бир қанча тавсиялар таклиф этилди.
Масалан, қонун лойиҳасида кўзда тутилган экологик назорат натижаларини расмийлаштириш тўғрисидаги, ушбу натижаларни амалга ошириш шакллари ҳақидаги, шунингдек, мансабдор шахслар, давлат экологик назоратини амалга оширишга ваколатли махсус давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи меъёрлар шулар жумласидандир. O`zLiDeP фракцияси партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасининг ушбу талабларини амалдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар меъёрларига мувофиқлаштиришни муҳим, деб ҳисоблайди. O`zLiDeP лойиҳанинг бундай такомиллаштирилиши давлат экологик назорати соҳасидаги ваколатли органлар ходимлари ва жамоат экологик назоратини амалга оширувчи жамоатчи инспекторлар ҳуқуқларини аниқлаштиришга кўмак беришига ишонади.
Умуман, йиғилишда таъкидланганидек, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва ижро этилиши экологик назоратнинг, мазкур соҳадаги давлат муассасалари ва фуқаролик институтлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини оширишга, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва бошқа жамоат ташкилотларининг таъсирчан экологик назоратни юритиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўта муҳим давлат дастурларини бажаришга хизмат қилади. Экологик назоратнинг барча турларини амалга ошириш процессуал механизмлари жамланган ва аниқлаштирилган ушбу яхлик норматив ҳужжат ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муҳим давлат дастурларини бажаришда самарали иштирок этиши учун жуда қулай имконият яратади.
Кун тартибига кўра, O`zLiDeP фракцияси 2013 йил 22 апрелдаги Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.
O`zLiDeP депутатларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда фуқароларни давлат ва жамият ишларини бошқаришга кенг жалб этиш, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни такомиллаштириш орқали уларнинг маҳаллий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишдаги иштироки учун ҳуқуқий асосларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ер ва Уй-жой кодексларига, “Аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген характердаги фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартишлар киритилиши қайд этилди. O`zLiDeP фракцияси қонун лойиҳасини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ўз ҳудудларида қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилиши, жумладан, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан жамоат назоратини амалга ошириш масалаларига оид меъёрларига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилишда партия устуворликларидан келиб чиқиб таъкидландики, O`zLiDeP фракцияси бундан кейин ҳам ўз парламент фаолиятида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар, фуқаролар йиғинларининг мақомини янада ошириш, ролини кучайтириш, ваколатларини кенгайтириш ва моддий базасини мустаҳкамлаш зарурлиги позициясида қатъий туради. Партия фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамият ва давлатнинг долзарб муаммоларини, биринчи навбатда, маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш ҳисобига жойлардаги муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни самарали ҳал этишга қодир энг таъсирчан фуқаролик жамияти эканига ишонади.
Йиғилиш якунида O`zLiDeP фракцияси томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме