19:30 02.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O’zLiDeP дастурлари қандай натижа бермоқда?

 Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Жиззах вилоятида ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, соҳани изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш дастурига асосан жорий йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 125,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, кўплаб янги корхоналар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. 411,5 миллиард сўмлик саноат  маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ кичик бизнес субъектлари сони 7827 тага етди. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 80 фоиздан ошди. Бу кўрсаткич саноат соҳасида 43,9 фоиз, қишлоқ хўжалигида 99,8, қурилишда 89,4 фоиздан иборат. Яратилган жами иш ўринларининг 70,1 фоизи ёки 24 минг 487 таси айнан хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаяпти. — Соғлом рақобат, тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар натижасида ўз бизнесимизга эга бўлдик, — дейди Жиззах туманидаги «Zarista Tex» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мамирбек Эргашев. – Ўтган йили ўз маблағимиздан ташқари 520 миллион сўмлик банк кредити ҳисобига Тоқчилик қишлоғида йилига 2 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган тикувчилик корхонаси очиб, болалар ва катталар учун кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик. Айни пайтда бу ерда 100 нафардан ортиқ киши доимий иш билан таъминланган. Маҳсулотларимиз дастлаб маҳаллий бозорда сотилган бўлса, эндиликда хорижга экспорт қилинмоқда. Жумладан, россиялик буюртмачиларга ҳар ойда 180-200 минг АҚШ доллари қийматидги маҳсулот экспорт қилинаяпти. Жиззахнинг иқтисодий истиқболи ҳақида сўз кетганида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат салоҳиятини юксалтириш ҳисобига ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мисол учун, 2013-2015 йилларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида 2500 та саноат корхонаси ишга туширилишини, бунинг учун 550 миллиард сўм маблағ сарфланишини айтиш мумкин. Албатта, бу борадаги режаларни ҳаётга татбиқ этишда O’zLiDeP аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бугун вилоятда O’zLiDePнинг 8074 нафар аъзосини бирлаштирган 398 та бошланғич партия ташкилоти бўлиб, улар ишини самарали ташкил этиш мақсадида мунтазам мониторинг олиб борилаяпти. O’zLiDeP вилоят кенгаши мутасаддиларининг фикрича, жорий йилнинг ўтган даврида БПТлар томонидан 42 та давра суҳбати, учрашув ҳамда турли мавзуларда ўқув-семинарлар ўтказилган. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида 313 нафар БПТ раиси қайта, 85 нафари эса янгидан сайланди. Шунингдек, 260 нафар ишбилармон, тадбиркор, фермер ва фаол ёшлар партия аъзолигига қабул қилиндилар. Депутатлик гуруҳлари аъзолари эса айни пайтда асосий эътиборни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига қаратмоқдалар. Хусусан, жорий йилнинг 5 январида халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашининг “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳининг ташаббуслари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган эди.Март ойида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида эса O’zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган яна бир дастур муҳокама қилиниб, аҳолининг мевали кўчатлар, уруғлик ва томорқа ишларида зарур бўладиган анжомларни сотиб олиши учун сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш, шунингдек, томорқа хўжаликларининг ер майдонларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш, микрокредитларга бўлган талабни аниқлаш ва унинг қондирилишини таъминлаш вазифалари маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилотлар зиммасига юклатилди. Шу ўринда O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ва дастурлар орасида «2012 йилда ўаллаорол туманида шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликлари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш», «Зомин туманида 2012 йилда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш» дастурларини алоҳида тилга олиш мумкин. Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Нусрат Пардаевнинг таъкидлашича, шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликлари имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш учун вилоят ва туман (шаҳар) кенгашларига сайланган депутатлар ўз сайлов округида биттадан намунавий хонадонни ташкил этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш юзасидан билдирилган аниқ таклифлар сессия қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди.– Дунёда глобол муаммога айланган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи бу борада зарур чоралар кўришни тақозо этмоқда, – дейди O`zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нурали Раимов. – Аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлашда тадбиркор ва фермерларга яратилган шароит, қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ўз вақтида ижро этилиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Фаолларимиз ташаббуси билан тайёрланган дастурга, энг аввало, ана шу нуқтаи назардан ёндашиш мақсадга мувофиқдир. «Зомин туманида 2012 йилда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастури» эса ушбу ташаббуснинг мантиқий давоми, десак хато бўлмайди.Маълумотларга кўра, бугун Зомин туманида 143,6 минг аҳоли истиқомат қилади. Уларга йилига жами 48438,0 миллион сўм миқдорида савдо ва умумий овқатланиш (7944,5), транспорт (5479,8), банк-молия (2219,9), коммунал (23473,6) ва бошқа хизматлар кўрсатилмоқда. Лекин аҳолининг бу борадаги эҳтиёжи амалда 69006,1 миллион сўмни ташкил этмоқда. Кўриниб турибдики, орадаги фарқ 20568,1 миллион сўмдан иборат. Бу борадаги тафовутга барҳам бериш мақсадида O`zLiDeP фаолларининг туман ҳокимлиги мутасаддилари билан ҳамкорликда амалга ошираётган дастурига кўра, жорий йилнинг ўзида хизмат кўрсатиш йўналишида 40 та кичик бизнес субъекти фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.Мутахассисларнинг айтишича, дастурда сайёҳлик хизматини йўлга қўйишга ҳам жиддий эътибор қаратилган. Маълумки, табиатнинг беминнат саховати бўлган Зомин ҳудудида ҳар йили минглаб одамлар дам олади. Шунинг учун ҳам дастурда бу ерга ташриф буюраётган меҳмонларга замон талаблари даражасида сайёҳлик хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш назарда тутилган.– Бугун туманда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани сафдошларимизни мазкур жараёнда фаол қатнашишга ундамоқда, – дейди O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси Эркин Холматов.  – Партиямизнинг Зоминда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ташаббуси маҳаллий тадбиркорлардан чиққани ҳам қувонарлидир. Уларнинг ўз юртини обод этишга бўлган ғайрат-шижоатини кўриб, электорат вакилларининг янгиланишларнинг асосий юкини ўз зиммасига олгани ва унинг муваффақияти учун жавобгарликни теран ҳис қилаётганлигини англаш мумкин.«2012 йилда Ғаллаорол туманида шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликлари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш дастури» доирасида 2 сотих ер майдонида енгил конструкцияли, муқобил энергия манбаида ишлайдиган иссиқхоналарни бунёд этиш учун томорқа эгалари ҳисобидан 85 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.– Ушбу дастурнинг самарали амалга оширилиши натижасида йил якунигача туманда 49732,1 тонна сабзавот, 16675,6 тонна картошка ва 8681,6 тонна полиз, 2931,0 тонна мева, 1719,2 тонна узум етиштирилади, – дейди вилоят кенгаши депутати Наргиза Намозбоева. – Уй хўжаликларидаги товуқлар сони эса 6,2 мингтага ортиб, аҳолининг бундай маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилади. Хулоса қилиб айтганда, O`zLiDePнинг Сайловолди платформасида белгилаб олинган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партиявий лойиҳалар, йирик дастурлар аниқ натижалар бермоқда. 


  Шуҳрат РАҲИМОВ, 
«XXI asr»
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме