20:15 24.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘zLiDeP САЙЛОВОЛДИ ТАДБИРЛАРИДА ФАОЛЛИКНИ ОШИРМОҚДА
O‘zLiDeP ўзининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларда масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу жараёнларда электорат ва сайловчилар билан яқиндан ҳамкорлик ўрната оладиган, улар билан бевосита фаолият олиб борадиган партия бошланғич ташкилотларига асосий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас албатта.
Тажрибадан маълумки, партия ғоя ва мақсадларини изчил тарғиб этишда ҳеч бир бўғин БПТдек таъсир кучига эга эмас. Бинобарин, таянч тузилмалар ишини янада кучайтириш, ҳар бир аъзо ва етакчи масъулиятини ошириш масаласи, айниқса, сайловлар йилида янада долзарб аҳамият касб этади.
Яқинда партия тизимидаги барча БПТларда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ҳам айнан шу масалалар кун тартибида бўлиб, O‘zLiDeP фаолиятини янада ривожлантиришга туртки бера оладиган фаолларни БПТга жалб этиш, қуйи бўғинларни янги-янги ташаббуслар ва ижтимоий-сиёсий фаолият ўзагига айлантириш, ҳудудларда ечимини кутаётган муаммоли масалаларни ўрганиш, улар ечимига оид амалий таклифларни ишлаб чиқишга эътиборни қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ҳисобот-сайлов йиғилишларида 7724 та қуйи бўғин фаолияти атрофлича таҳлил этилди ва истиқболдаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Уларда партиянинг 142 мингдан зиёд фаоли, 724 нафар депутат, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги БПТларда ўтказилган тадбирларда энг юқори кўрсаткичларга эришилди. Шу билан бирга, айрим вилоятларда бу борада камчиликларга йўл қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, ваколатларидан унумли фойдаланган, партиявий бурчига сидқидилдан ёндашиб, жойларда партия мавқеини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган 6658 та қуйи бўғин раиси қайта сайланди.
Жойлардаги электорат вакиллари олдида турган муаммоларни аниқлаб, уларнинг мунтазам мониторингини ўтказиш ва ечимини топишда БПТлар ва депутатлик гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилгани самарали натижалар бермоқда. Шу мақсадда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатларидан 2190 нафарининг қуйи ташкилотларга бириктирилганини қайд этиш лозим.
2013 йилда партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идораларга йўлланган 2872 та депутатлик сўровининг 1603 таси, 681 нафар мансабдор шахс ҳисоботининг 158 таси ва 315 маротаба ўтказилган назорат-таҳлил текширувининг 136 таси айнан БПТлари томонидан ўрганилган масалаларга оиддир. Ушбу кўрсаткичлар 2012 йилга нисбатан қарийб 47 фоиз кўп. Бу эса қуйи бўғинлар аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида фаоллашганидан далолат беради.
Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар муваффақияти аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқ. Шуни назарда тутсак, ташаббускор қуйи бўғинлар томонидан жойларда оммавий-сиёсий тадбирлар уюштирилишининг нечоғли муҳим экани ойдинлашади. Шу маънода 2013 йилда ўтказилган тадбирларда қатнашчилар томонидан электорат манфаатларига оид 500 га яқин асосли таклиф берилиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилганини олқишлар керак.
Шу ўринда янги етакчиларнинг 964 нафари ва ҳисобот-сайловлар мобайнида партия сафига қабул қилинган 17 минг ҳамюртимизнинг 58,7 фоизи навқирон ёш авлод вакиллари эканини алоҳида қайд этиш зарур. Буни ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, истиқболдаги режаларини рўёбга чиқариши учун партия яратиб бераётган имкониятларнинг яққол самараси, дейиш мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, партия фаолиятини жонлантириш ва янада ривожлантириш юзасидан билдирилаётган асосли таклифларнинг аксарият қисми ёш етакчи ва аъзолар ҳиссасига тўғри келмоқда.
O‘zLiDeP аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида турли йўналишдаги лойиҳалар ва тадбирларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда. Ҳозир БПТларнинг янги сайланган етакчиларидан 37,2 фоизини, яқинда партия сафига кирганларнинг 39,5 фоизини аёллар ташкил этаётгани бу саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Муҳим тадбирларда фаол қатнашиб, БПТлар орасида ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни оммалаштириш, ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва бошқа фазилатлари билан маслакдошлари ҳурматини қозонган фаолларнинг 1213 нафари O‘zLiDeP раҳбар кадрлар захирасига олинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
O‘zLiDeP жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган умумхалқ сайловларига пухта тайёргарлик кўриш ва уни муваффақиятли ўтказишда БПТлар салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланиш, яқинлашаётган сиёсий жараёнларда уларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлигига асосий эътиборни қаратмоқда.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме