11:30 25.11.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`zLiDeP Матбуот хизмати хабарлари

НАМАНГАН.

O`zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан Наманган тумани ҳокимлигида ўтказилган давра суҳбати “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш, молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш борасидаги устувор вазифалар” деб номланди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этган ушбу тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, хусусан, турли рухсат бериш тартибларини янада қисқартириш белгиланганлиги, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёзлар бериш талаби қўйилаётганлиги ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорлик механизмини янада соддалаштирилаётганлиги ҳақида сўз борди. 

 Тадбирда таъкидланганидек, тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш учун уч банк кунидан ошмайдиган муддат белгиланганлиги тадбикорлар учун кенг имтиёз ва имконият бериши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва улушининг янада ортиши, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишида кенг имкониятлар яратиши шубҳасиздир.

Давра суҳбати якунида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш ва мавжуд ҳуқуқий меъёрларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилиб, бу борада қизғин савол-жавоб, баҳс ва мунозаралар бўлиб ўтди.

ҚАШҚАДАРЁ.

Китоб туманида партия ҳудудий Кенгашлари масъул ходимлари ходимлари ва маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари учун  ҳудудий семинар ўқув ташкил этилди.

Семинарда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китоби, шунингдек “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонда белгиланган устувор йўналишлар ва вазифаларни атрофлича ўрганиш ҳамда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали ташкиллаштириш ҳақида фикр юритилди.

- Юртбошимизнинг мазкур асари халқимизнинг сиёсий тафаккур хазинасига қўшилган бебаҳо ҳисса бўлиб, мамлакатимизнинг истиқлол тарихини ўрганиш ва англашда беқиёс ўрин тутади, - деди Китоб туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғулом Узоқов. – Асарда халқимиз қалбидаги асрий орзу – истиқлол ғояси улкан жасорат билан илгари сурилиб, уни амалга ошириш учун тарихий қадамлар қўйилгани алоҳида таъкидланади. Партиямиз фаоллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларида айниқса, ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда бу китоб дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу китобнинг бугунги ва келгуси авлодларнинг истиқлол тарихимизни ҳар томонлама ўрганиб, англаб етишлари учун мустаҳкам замин яратиши, ўтмиш ва келажак, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги ворисийлик ришталарини кучайтиришда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.


АНДИЖОН. 

O`zLiDeP вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан Бўз қурилиш коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида “Мустақиллик туфайли мулкдор бўлдим” номли партиявий акция ўтказилди. Тадбирда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, партия фаоллари, ёш тадбиркорлар ва талабалар иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар мустақиллик йилларида қўлга киритилган барча ютуқлар, мамлакатимизнинг улкан салоҳияти ва қудрати, унинг халқаро майдонда нуфузи тобора юксалиб бораётганлиги, туб ислоҳотларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолининг кенг қатламларига янада чуқурроқ очиб бериш ҳамда мустақиллик туфайли юртимизда тадбиркорликка қаратилаётган эътибор ва унинг натижасида мулкдорлар сафи тобора ортиб, мамлакатимиз тараққий этаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Тадбир давомида туман тадбиркорлари, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш қилинди. Акция сўнгида фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

БУХОРО.

O`zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Ғиждувон маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини янада ошириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига йўналтириш, бу борада уларга амалий ёрдам бериш баробарида партиянинг дастурий вазифаларини амалиётга тадбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Ҳамроқул Рахмонов ва вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муҳаббат Саидовалар сўзга чиқиб, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция”сидан келиб чиқадиган вазифалар доирасида жойларда, айниқса чекка қишлоқларда хотин-қизлар ҳаётида мавжуд бўлган муаммоларни ўрганиш асосида амалий ҳаракатларни янада жонлантириш, ёш йигит-қизларни тадбиркорликка кўпроқ жалб қилиш ва улар бандлигини таъминлаш партия олдида турган асосий вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган хотин-қизларга, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш, бошланғич сармояни шакллантириш, бизнес лойиҳалар устида ишлаш бўйича ҳам ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, бу борадаги мавжуд қонуний меъёрлар ва унинг талаблари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН.

Қорақалпоғистон Республикаси  Конликул туман ҳокимлигида  “Аёллар қаноти”нинг  устувор йўналиши  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик  фаолияти учун янада қулай  муҳит яратишдир” мавзусида  хотин-қизлар иштирокида учрашув ўтказилди. Урашувда  O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг   аёллар масалалари бўйича ўринбосари А.Қаландарова, O`zLiDeP Конликўл туман кенгаши аъзоси Г.Аралбаевалар сўзга чиқиб, юртимизда юз бераётган сиёсий- иқтисодий ўзгаришлар, ҳукумат томонидан  чиқарилаётган қарорлар ва янги қабул қилинаётган  қонунлар мазмун-моҳияти  ва “Аёллар қаноти” гуруҳлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтдилар.

Шунингдек,  тадбирда жамиятимизда  мулкдорлар қатлами вакиллари сонини кўпайтириш ҳамда кичик бизнесни  иқтисодиётимизнинг таянч бўғинига айлантириш йўналишидаги  ислоҳотларни янги босқичига  олиб чиқиш, бу борада хотин-қизларни  тадбиркорлик фаолиятига  кенг жалб этиш  уларга ўз бизнесларини ташкил этишлари учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратишга кўмаклашиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш партия “Аёллар қаноти” олдида турган долзарб вазифалардан бири экани қайд этилди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме