12:15 14.10.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O`zLiDeP Матбуот хизмати хабар қилади
ТОШКЕНТ.
O`zLiDeP шаҳар ҳамда Чилонзор туман кенгашлари томонидан ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва унинг аҳамиятига доир масалалар муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этган ушбу тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, хусусан, турли рухсат бериш тартибларини янада қисқартириш белгиланганлиги, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёзлар бериш талаби қўйилаётганлиги боис бундан кейин юртимизда тадбиркорлик субъектлари учун имкониятларни янада кенгайиши, уларнинг мамлакат иқтисодий салоҳиятидаги улуши ва мажбуриятларининг тобора ортиб бориши таъкидланди. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини оширишда мазкур фармоннинг аҳамияти борасида ҳам иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, O`zLiDeP М.Улуғбек туман кенгаши томонидан “Бошланғич партия ташкилотларининг самарали ишларини ташкил этиш ва тузиш масалалари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида, ҳисобот-сайлов конференцияларида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, бошланғич партия ташкилотлар фаолиятини янада яхшилаш, улар сонини кўпайтириб бориш тизимини кенг йўлга қўйиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
НАВОИЙ.
O`zLiDeP вилоят кенгаши томонидан “Оилавий бизнесни ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим омилидир” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида аёлларнинг иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, уларни бизнес оламига кенг жалб этиш, бунинг учун жойларда зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш қизларнинг интилиш ва изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланиб, бу борада узаро фикр алмашилди.
Давра суҳбатида қишлоқларда яшовчи аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш билан боғлиқ амалий ҳаракатларни янада кучайтириш, маҳаллаларда оилавий бизнесни ривожлантириш ва шу орқали маҳаллани тадбиркорлик марказига айлантириш, ушбу жараёнларга фаол ва лидер хотин-қизларни танлаб олиб уларни иқтисодий ва сиёсий билимларини доимий ошириб бориш лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.
- Маҳаллаларда яшовчи хотин-қизларни турли ўқув курсларига жалб этиш билан бирга уларнинг бандлигини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратаяпмиз, - дейди ўз сўзида Навоий шаҳар “Мафтуна-Эврика” ўқув маркази раҳбари С.Норбўтаева. - Ҳозирда ўқув марказимизда қизлар 17 та йўналиш бўйича таҳсил олиб, улар бичиш-тикиш, каштачилик, сартарошлик, дизайн, заргарлик каби ҳунарларни ўрганишмоқда. Шу билан бир қаторда марказимизда маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар фарзандларига 50 фоиз имтиёзда, боқувчисини йўқотган ёки шароити оғир оилалар фарзандларини эса бепул ўқитиш ишлари ҳам кенг йўлга қўйилган. Асосий мақсадимиз хотин-қизларга ҳунар ўргатиш, уларни иқтисодий-ижтимоий томондан қўллаб-қувватлашдан иборатдир..
ҚАШҚАДАРЁ.
“Огоҳлик ва ҳушёрлик – давр талаби”. O’zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан Деҳқонобод туманидаги Агросаноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган давра суҳбати ана шундай номланди. Унда таъкидланишича, ёшлардаги тадбиркорлик кўникмаларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда ўсиб келаётган авлод ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, уларни мавжуд зарарли иллатлар таъсирига тушиб қолишларини олдини олиш муҳим масалалардан ҳисобланади. Булар орасида энг ҳавфлиси экстремизмдир. Бу муаммо ҳақли равишда дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солаётган, ер юзида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид қилаётган иллатдир.
Тадбирда сўз олганлар ёшларимизни одам савдоси, гиёҳвандлик, диний экстремизм каби иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун ҳушёрликни кучайтириш лозимлиги, озод Ватанимизда амалга оширилган туб ислоҳотларнинг моҳияти, мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузи юксалиб бораётгани, истиқлол даврининг яратувчилик, бунёдкорлик жараёни аждодларимизнинг эзгу, ижобий тажрибаларини умумлаштириб, янги асосларда тараққий эттираётганлигини таъкидлаб ўтишди.
Давра суҳбати сўнггида ёш авлоднинг баркамол ва етук инсонлар бўлиб улғайишлари учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар катта самара бераётганлиги таъкидланиб, улар онгига мамлакатимизда амалга оширилган улуғвор ишлар, барча соҳалардаги ўзгаришлар ҳақида кенг кўламда тушунтириш ишларини етказиш барча партия фаоллари олдида турган долзарб вазифа эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди..
НАМАНГАН.
Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлари айни пайтда ўзларининг сайлов округларида сайловчилар билан бевосита мулоқотлар уюштириш билан бир қаторда, ўз фаолиятлари юзасидан ҳисоботлар бериб, жойлардаги мавжуд ижтимоий муаммоларни ўрганмоқдалар.
Наманган шаҳридаги “27-Фазо” сайлов округидан сайланган шаҳар кенгаши депутати Ни.Лариса бошчилигидаги партия фаоллари маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларни жами 20 млн сўмлик ортопедик оёқ кийимлар, ва ҳаракатланувчи жиҳозлар билан таъминлаб, улар кўнглини тоғдек кўтаришди.
Учрашув давомида сайловчилар томонидан кўп қаватли уйларда яшовчи ёш аёллар учун уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида жой масаласини ҳал этиб бериш, шунингдек, кичик хажмда тўқувчилик дастгоҳларини олиш учун банк орқали имтиёзли кредитлар олиш имкониятлари ҳақида кўплаб талаб ва таклифлар билдирилди. Депутат тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган бир гуруҳ аёлларга шу ҳудудда жойлашган ўзининг “Ника” савдо мажмуасидан жой ажратиб беришга ваъда берди.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги “30-Гулшан” сайлов округидан сайланган шаҳар Кенгаши депутати М.Ахадов сайловчилар билан учрашувида бугунги кунда Наманган шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида алоҳида тўхталиб, мазкур ислоҳотлар замирида ҳукуматимиз томонидан аҳолининг ижтимоий турмуш фаровонлигини ошириш, шаҳарларимиз ва маҳаллаларимиз ободончилигини юксалтириш ва уларга янгича замонавий қиёфа бағишлаш борасидаги қарор ва фармонларга, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги қонунлар ва ҳуқуқий меъёрлар аҳамияти юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Сайловчилар томонидан коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича охирига етказилмаган ишлар ва кузги-қишки мавсумга тайёргарлик кўриш юзасидан кўплаб саволлар, талаб ва таклифлар билдирилиб, бу борадаги амалий ишлар самарадорлигига эришиш юзасидан депутатлик назоратини кучайтиришга келишиб олинди.
Матбуот хизмати
раҳбари Ш. Орипов
Обсудить новость на Форуме