12:49 26.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`zLiDeP Матбуот хизмати хабар қилади

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН.

O’zLiDeP Республика кенгаши томонидан Чимбой туман ҳокимлигида ўтказилган “Фермерлик тараққиёти – фаровонлик манбаи” мавзуидаги учрашувда Олий Мажлис Сенати аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, банк, молия ва солиқ идоралари ходимлари, партия фаоллари — тадбиркор ва фермер аёллар иштирок этишди.

Тадбирда жойларда фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган айрим муаммолар ва уларни ҳал этиш имкониятлари хусусида атрофлича сўз юритилди. Таъкидланганидек, тадбиркор ва фермерлар манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун қулай муҳит яратилишига эришиш партиянинг устувор вазифаларидан биридир. Бинобарин, жойларда ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш, банк-молия муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ва фермерлик билан шуғулланаётган хотин-қизларга барча шарт-шароитни яратиб бериш, уларнинг сиёсий билимларини ошириш диққат марказида бўлиши лозим.

— Айни кунда хотин-қизларимиз ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айланишган, — дея таъкидлади ўз чиқишида Қораўзак тумани “Гулистон” фермер ҳўжалиги раҳбари Г.Жарилкаганова.  — Уларнинг фидокорона меҳнати ўз самарасини бермоқда. Фермер ҳўжалигимизда  13 киши иш билан таъминланган. 172 гектар майдонда пахта, ғалла ва бошқа хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, аҳоли дастурхонига тортиқ этаётганимиздан ҳурсандмиз.

ЖИЗЗАХ.

Ҳозирги кунда ким ўз сиёсий билимини ошириб борса, тадбиркор ва уддабурон бўлса — мақсадига тўлиқ эриша олади. Бунинг учун мамлакатимизда барча шарт-шароит мавжуд. O’zLiDeP вилоят кенгаши ва вилоят Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилган семинар-тренингда ана шулар хусусида фикр юритилди. Унда ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлар, корхона раҳбарлари, иқтидорли талаба ёшлар иштирок этишди.

Маълумки, республикамизда япон тили ва маданиятини чуқур ўрганиш, ушбу мамлакат ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни хоҳловчилар кўп. Шу мақсадда Ўзбекистон-Япония маркази фаолияти йўлга қўйилган. Семинарда сўзга чиққан ушбу марказ конструктори М.Баҳодиров марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бераркан, асосий эътиборни бозор, реклама, талаб ва таклиф, рақобат масалаларига қаратди.

Ўзаро савол-жавоб, кўргазмали қуроллар асосида ўтказилган тадбир тўпланганларда катта қизиқиш уйғотди.

ҚАШҚАДАРЁ.

O’zLiDeP вилоят кенгаши томонидан Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ” хусусий ишлаб чиқариш корхонасида “Одам савдосига қарши кураш — долзарб вазифа” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Таъкидланганидек, халқ тинчлиги, юрт осойишталиги бугунги кундаги устувор вазифалардан биридир. Зеро, жаҳон бўйлаб қора кучларнинг ғаламислиги авж олаётган бир шароитда хотиржам бўлишга асло ҳаққимиз йўқ. Тинчлик — энг улуғ неъмат. Уни асраб-авайлаш биринчи галдаги бурчимиздир.

Афсуски, мўмай даромад илинжида хорижга йўл олаётган айрим юртдошларимиз қуллик домига тушиб қолаётганликлари ҳам сир эмас. Бинобарин, одам савдосига қарши курашиш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш талаб этилади. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг ўзида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, яхшигина даромад топиш ва бемалол рўзғор тебратиш мумкин.
Тадбирда O’zLiDeP Яккабоғ туман кенгаши раиси М.Қулбулов сўзга чиқиб, 20 йил мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган туб ўзгаришлар, уларнинг моҳияти ҳақида фикр юритди.

Давра суҳбати савол-жавоблар билан якунланди.

ТОШКЕНТ.

O’zLiDeP Чилонзор туман кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан тумандаги 178-мактабда “Маҳаллани оилавий бизнес ва тадбиркорлик марказига айлантириш” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ишбилармон доиралар вакиллари, тадбиркорлар ва маҳалла аёллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққан депутатлар “Оилавий бизнес тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мақсад ва вазифаларига тўхталиб, аёлларнинг бугунги иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун жойларда зарур шарт-шароит яратиш, хусусан, ёш қизларнинг интилиш ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлашди.

Давра суҳбатида “Микрокредитбанк” бошқарув раисининг маслаҳатчиси, иқтисод фанлари доктори А.Қодиров иштирок этиб, банк-мижоз ўртасидаги муносабатларни такомиллаштириш омиллари хусусида фикр юритди ва тушган саволларга жавоб қайтарди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме