14:00 21.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`zLiDeP Матбуот хизмати хабар қилади

СУРХОНДАРЁ.

O’zLiDeP вилоят кенгаши томонидан Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман кенгашлари депутатлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган ушбу тадбирда бозор ислоҳотларини либераллаштириш ва янада чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолиятига кўпроқ эркинлик бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган амалий ишларда депутатлик корпуси вакиллари иштирокини кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, муҳим фикрлар ўртага ташланди. Шунингдек, жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида мазкур фармоннинг ҳаётий аҳамияти юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

ҚАШҚАДАРЁ.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик корпуси ташаббуси ва кўмаги билан жойларда транспорт хизматини янада яхшилашга қаратилган ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, депутатлар Шайхали - Қарши йўналиши бўйича автобус қатновини йўлга қўйиш масаласини қатъий назоратга олган эдилар. Мутасадди ташкилотларга сўровномалар билан чиқилди ва пировардида амалий натижага эришилди. Айни кунда мазкур йўналишда Япониянинг «Isuzu Motors» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган ISUZU русумидаги 10 та автобус мунтазам қатнаб, йўловчилар оғирини енгил қилмоқда.

— Шайхали шаҳарчаси сайловчилари билан бўлган учрашувда бу ерда 57 та корхона ва ташкилот фаолият юритаётганлиги, ишлаб чиқариш жараёнидан чиқаётган заҳарли газлар аҳолининг саломатлиги, экология ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказаётганлиги, кўп қаватли уйларда канализация йўқлиги, ички йўллар ва болалар боғчасини таъмирлаш зарурлиги ҳақида кўплаб ҳақли эътирозлар билдирилган эди, — дейди депутат И.Хушмуродова. — Бу борада ҳам тегишли ташкилотларга сўровнома билан чиқиб, муаммоларнинг мақбул ечимларини топишга ҳаракат қилаяпмиз. Яқин кунларда ичимлик суви таъминоти ва йўлларни таъмирлаш борасида аниқ бир тўхтамга келинади.

ТОШКЕНТ.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Оҳангарон туманидаги Саноат касб-ҳунар коллежида “Ёшлар манфаати — қонунчиликда” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Давра суҳбатида қонун ҳужжатларида ёшлар манфаатларининг ифодаси, партиянинг ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги вазифалари, истиқболли лойиҳалари, банклар томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар, уларни олиш тартиблари, ёшларни сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ва бошқа масалалар хусусида фикр юритилди.

Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди ҳамда партия вилоят кенгашининг ёшлар сиёсати билан боғлиқ дастурий вазифалари белгилаб олинди.

НАМАНГАН.

Поп туманидаги Хонобод маҳалласида “Демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришда O’zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг вазифалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Партия вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда сўз олганлар маҳаллаларда касаначилик, тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, ишбилармон ҳамда тадбиркор хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини янада ошириш, тадбиркорлик соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, аёлларнинг жамиятимиздаги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш учун жойларда қулай шарт-шароит яратиш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбирда бир гуруҳ фаол хотин-қизларга партия вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқлари, шунингдек, партия сафига янги қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

ЖИЗЗАХ.

O’zLiDeP вилоят кенгаши, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-семинар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масаласига бағишланди. Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросига қаратилди.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати О.Сувонов сўзга чиқиб, ушбу фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини изчил ривожлантириш орқали мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат эканлигини алоҳида таъкидлади.

— Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ҳамда ғовларни бартараф этиш, хусусан, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар бериш билан боғлиқ талаблар ўртага қўйилганки, бундан мақсад мулкдорлар учун янада кенгроқ эркинлик яратиш ва пировардида ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришдан иборат, — деди ўз сўзида Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори В.Котельникова.

Шунингдек, тадбирда соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрлари ва уларнинг ижроси юзасидан ҳам қизғин баҳс-мунозаралар бўлди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме