14:30 15.08.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`zLiDeP Матбуот хизмати хабар қилади

 АНДИЖОН.

Жорий йил 5 август куни O`zLiDeP Бўз туман кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда кенгашнинг ўтган  2 йилдаги  фаолияти  юзасидан туман партия кенгаши раиси Х.Омоновнинг 2008-2010 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди. Маърузада қайд этилишича, бугунги кунда туманда 32 та бошланғич партия ташкилотлари фаолият юритаётган бўлиб, улар 570 дан ортиқ аъзоларни бирлаштириб турибди. Бошланғич партия  ташкилотларида ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва учрашувларда  асосий эътибор Президентимизнинг Бош Қомусимизга бағишланган тантанали йиғилишларда қилган маърузалари ҳамда концепцияда илгари сурилган ташаббус ва ғояларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказишдек   долзарб масалаларга қаратилди.

Йиғилишда эришилган ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинар экан, партиянинг “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” гуруҳлари фаолиятидаги ташаббускорлик ва бошқа ижобий жиҳатлар алоҳида  тилга олиниб,  бу борадаги  фаолиятни янада жонлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

 Конференцияда туман партия ташкилотининг келгусидаги вазифалари белгиланар экан, концепцияда кўрсатилган йўналишларни дастуриламал қилиб, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага, айниқса, бошланғич партия ташкилотлари ва етакчиларга тушунтириш, бўлғуси сайловларда фаол иштирок этиш, тадбиркорликнинг янги шакли - оилавий бизнесни ривожлантиришда ташаббускорлик кўрсатиш, юртга фидойи бўлган, ҳар томонлама етук ёшларни партия сафига жалб этиш каби бир қатор мақсадлар кўзда тутилди. Тадбирда Х.Омонов O`zLiDeP Бўз туман Кенгаш раислигига қайта сайланди.

СИРДАРЁ.

Жорий йил 3 август куни O`zLiDeP вилоят кенгаши томонидан Гулистон шаҳридаги “Маънавият ва маърифат” марказида “Битта тадбиркор – учта ҳамкор” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва ОАТБ “Микрокредитбанк” вилоят филиали ходимлари ҳамда ёш тадбиркорлар иштирок этишди. Давра суҳбатида сўз олганлар тадбиркорлик фаолиятини янада кенгроқ ривожлантириш, айниқса  илғор  ёш тадбиркорлар ишини  оммалаштириш, уларнинг  иқтисодий-ҳуқуқий билимларини  янада ошириш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги  фаол иштирокини таъминлаш энг муҳим вазифалардан эканлигини таъкидлашди.

Йиғилишнинг асосий қисми – ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятида учраётган камчилик ва муаммолар юзасидан бўлган  савол-жавоб ва баҳс-мунозаралар  янада қизиқарли  кечди. Иштирокчиларнинг  хориж ускуналаридан  фойдаланиш, банк муассасасига ёзма мурожаат қилиш шакли, патент ҳамда кредит олиш тартиб - қоидалари каби масалалар юзасидан берган саволларига мутахассислар  атрофлича  жавоб қайтардилар.  

ХОРАЗМ.

Жорий йил 4 август куни O’zLiDeP  Янгиариқ туман Кенгаши ташаббуси билан  “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик - жамиятимизнинг иқтисодий барқарорлиги кафолати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда сўз олганлар маҳаллаларда касаначилик, тадбиркорлик ва фермерчиликни ривожлантириш, ишбилармон ҳамда тадбиркор хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини янада ошириш, тадбиркорликни шакллантиришда  дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш, аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш лозимлигини қайд этишди.

Тадбирда партия электорати вакиллари  манфаатларини  таъминлашга доир ишларни янада фаоллаштириш, депутатлик гуруҳлари орқали уларнинг эркин фаолиятига  тўсқинлик қилаётган муаммоларни маҳаллий кенгаш сессиялари кун тартибига олиб чиқиш, партиянинг савдо-саноат палатаси, фермер хўжаликлари уюшмаси ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш  бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
           
ЖИЗЗАХ.

Жорий йил 4 август куни O`zLiDeP вилоят кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги “Жиззах-Кўҳинур” хусусий корхонасида “Мустақиллик туфайли – мулкдор бўлдим” мавзусида партиявий акция ўтказилди. Тадбирда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Нурали Раимов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда демократик давлат, фуқаролик жамиятини  барпо этиш борасида катта саъй-ҳаракатлар қилинаётганлиги,  иқтисодий ислоҳотлар жараёнининг жадал  ривожланиб бораётганлиги,  концепцияда баён қилинган бозор иқтисодиётини чуқурлаштириш ва либераллаштириш жараёнларини ёшлар сиёсати мисолида кўрсатиб ўтди.
 
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ва бошлаган ёш ишбилармонлар учун гуруҳларга бўлинган ҳолда деҳқон- фермер хўжалиги, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш йўналишлари бўйича  машғулотлар ўтказилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар томонидан тайёрланган ва етиштирилган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишишди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме