16:30 02.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘zLiDeP ЛОЙИҲАЛАРИ ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТИ УЧУН
Партия республикамиз хотин-қизларини лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақириб қолади
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалардан ҳисобланади. Партия “Аёллар қаноти”нинг асосий эътибори ҳам шунга қаратилган бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси, Савдо-саноат палатаси ва қатор етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонилик имкониятлари”, “Соғлом оила - мустаҳкам оила” партиявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратишдан иборат. Қолаверса, лойиҳалар доирасида ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизлар кашф этилиб, уларнинг бизнесини йўлга қўйишда партия ёрдам кўрсатиб келмоқда.
2011 йилдан бошлаб амалга ошириб келинаётган “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага” лойиҳаси асосида ташкил этилган ўқув машғулотларда 30 минг нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Тижорат банклари томонидан 800 нафар хотин қизларга 6 миллиард сўмга яқин кредитлар ажратилиб, жойларда 1200 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
- Республикамизнинг энг чекка жойларида ҳам оилавий тадбиркорликни тарғиб этиш ва ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратяпмиз, - дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова. - Жумладан, опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқларини тушунган ҳолда тадбикорлик фаолиятини юритишлари учун Ўзбекистон Республикаси “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда.
Эътиборга молик лойиҳаларимиздан яна бири “Соғлом оила - мустаҳкам оила” бўлиб, 2011-2013 йиллар давомида ҳудудларда 650 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Уларда 27 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди ва 1500 нафарга яқин хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Ташкил этилган давра суҳбатларида аёллар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлиги, қизларни эрта турмушга узатиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Оилавий бизнес ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини ўқитишга қаратилган “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳа доирасида сўнгги уч йилда 1000 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, уларда 25 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди. Жорий йилда ҳам мазкур лойиҳалар кўламини кенгайтириб, ижобий натижаларни қўлга киритишни режалаштирганмиз, - дейди М.Акромова.
Фарғонадаги “Дил Феруз” хусусий корхонаси раҳбари Дилафруз Умрзоқова бундан икки йил аввал тикувчилик цехи очиб, болалар кийими ва кўрпа-тўшак жилдлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Ўтган муддат ичида бу тадбиркор 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Маҳалладаги 2 нафар аёлни касаначиликка жалб этди. Дилафруз ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида мазкур лойиҳада иштирок этиб, қандолатчилик фаолиятини йўлга қўйди.
- Партия лойиҳалари доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда доимий иштирок этганимдан кейин менда тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқи пайдо бўлди, - дейди Гулистон шаҳридаги “Разоқ ҳамкор Нурсултон” оилавий корхонаси раҳбари Гулнора Ўлмасова. - Молия муассасалари билан ёш тадбиркорлар орасида мустаҳкам ва ишончли “кўприк” вазифасини ўтаётган бу каби ўқув-семинарлар, молиявий томонидан чўчиб, тадбиркорликни бошлашга иккиланиб турган хотин-қизларимизга катта ёрдам беряпти.
- 2014 йилда O‘zLiDeP ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида тузилган Бош битим доирасида “Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” янги лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз, - дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёлларнинг саёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Севара Муслимова. - Ушбу лойиҳада фермер хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, жойларда янги иш ўринлари яратиш назарда тутилган. Умуман олганда лойиҳалармизнинг амалий натижасида ишбилармон опа-сингилларимиз сафи кенгайиб боряпти. Бу ўз навбатида мамлакатимизда хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эътиборнинг юксаклигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, партия лойиҳалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший турмуш тарзини янада яхшилашга, аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бугун айнан мана шу лойиҳалар сабаб ўз ҳаёт тарзини ўзгартира олган ишбилармон, ижтимоий фаол опа-сингилларимиз мамлакатимизда олиб борилаётган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларининг бевосита иштирокчиларига айланиб бормоқдалар. O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 2014 - “Соғлом бола йили”да ҳам тадбиркорлигини бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган барча хотин-қизларни лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақириб қолади. O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме