23:00 02.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘zLiDeP ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИГА БАҒИШЛАБ ТАДБИР ЎТКАЗДИ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ҳамда 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб, янги барпо қилинган “Соғлом бола” спорт мажмуасининг очилиши маросими муносабати билан “Соғлом бола – соғлом келажак” мавзусида тадбир ўтказилди. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган мазкур мажбуанинг қурилишида O‘zLiDeP аъзолари бўлмиш тадбиркорларнинг ҳам катта ҳиссаси бор.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Тошкент вилоят ҳокимлиги, Оҳангарон туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, туман хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, ёш спортчилар ва партия фаоллари иштирок этди.
Республикамизда мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамият касб этувчи вазифаларни бажаришга йўналтирилган қатор умуммиллий дастурлар амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йилнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ва ана шу мақсадда қабул қилинган махсус Дастур асосида кенг кўламли ишларнинг олиб борилаётгани, бу мустақиллигимизнинг илк кунларидан жисмонан соғлом ва маънан етук баркамол авлодни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давомидир.
Она ва бола, Ёшлар, Баркамол авлод, Оила ва бошқа номлар билан аталган йилларда амалга оширилган ишлар халқимизнинг эзгу орзуси бўлган соғлом бола тарбиялашдек олижаноб мақсадга ҳамоҳангдир. Ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиз фарзандларимизни соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг бахт-саодати, ёруғ келажагини кўришни ният қиламиз. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш – ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзусидир. Бугун очилган янги спорт мажмуаси ҳам соғлом болалар учун хизмат қилади.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида, айни пайтда 130 та маданият ва дам олиш марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўн бешта янги маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш, шунингдек, ёшлар учун намунавий лойиҳалар асосида 11 минг якка тартибдаги уйлар қуриш, 13 вилоят кўп тармоқли болалар тиббий марказлари, 62 та туман тиббиёт бирлашмалари ва бошқа тиббий муассасалар қуриш, 60 мингдан ортиқ ўқув ўринга мўлжалланган 380 та умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 161 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 48 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 110 та болалар спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Бугунги кунда юртимиз қиёфасини бутунлай ўзгартираётган мана шундай бетакрор бино ва иншоотлар, спорт мажмуалари, муҳташам кошоналар, улкан саройлар, муаззам майдонлар, равон йўллар, маҳобатли кўприклар, кўркам уй-жойлар, қатор ижтимоий объектларнинг барчаси келажагимизни яратувчилари учун, уларнинг эртанги куни, бахту-саодати учун десак хато қилмаган бўламиз.
– Энг қувонарлиси фарзандларимиз учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган вазифаларни изчиллик билан амалга оширилишида барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек тадбиркорлик суьъектларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ўзининг натижаларини бермоқда. Айнан бугун очилиш маросими бўлаётган, яъни юқорида таъкидланган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга, таъбир жоиз бўлса қатор жаҳон ва олимпиада чемпионларини етиштириб беришга хизмат қиладиган мазкур муҳташам спорт мажмуаси ҳам O‘zLiDePнинг энг фаол электорати ҳисобланган тадбиркорлар томонидан бунёд этилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов.
Мамлакатимизнинг тоғолди тумани ҳисобланган Оҳангароннинг чекка маҳаллаларидан бирида қурилган мазкур спорт мажмуасида бир вақтнинг ўзидан 8 спорт тури бўйича 300 нафарга яқин болалар машғулотлар олиб боради. Қувонарлиси, маҳалла аҳолисининг 10 нафари иш билан таъминланди. Мажмуа 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига болажонлар учун муносиб совға бўлиши билан бирга, таътил даврида болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратишга ҳам хизмат қилади. Ишонамизки, мазкур мажмуада спорт билан шуғулланиб чиниққан ёшлар келажакда дунё спорт ареналарида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладилар.
Мажмуанинг очилишидан сўнг тумандаги ёшлар ўртасида спортнинг мини футбол, тенннис ва воллейбол турлари бўйича мусобақа ўтказилиб, ғолибларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме