19:15 22.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O’zLiDeP ФРАКЦИЯСИДА: НАВБАТДАГИ ФРАКЦИЯ ЙИҒИЛИШИДА

 Жорий йилнинг 20 май куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Фракция аъзолари “Гаров реестри тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда ушбу қонун билан боғлиқ бўлган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини муҳокама этди. Таъкидлаш керакки, фракциянинг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва мазкур лойиҳалар борасидаги позициясини шакллантиришга бағишланган йиғилишлари яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб ташкил этилмоқда. Йиғилишда таъкидландики, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси ва O’zLiDeP Сайловолди дастурида иқтисодий соҳадаги, биринчи навбатда, молия ва банк ишига оид қонунчилик асосларини такомиллаштириш тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис, фракциянинг ушбу йиғилишида муҳокама этилган қонун лойиҳалари O’zLiDeP электорати учун катта аҳамиятга эга. Жумладан, фракция экспертларининг хориж тажрибасини ўрганиши натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ҳозиргача кўп ҳолатларда муаммо таъминотнинг йўқлигида эмас, балки мавжуд қимматли активлардан таъминот сифатида фойдаланиш имкониятларидадир. Ўзбекистонда барча кредитларнинг қарийб чорак қисми таъминоти кўчар мулкка тўғри келади, холос. Натижада иқтисодиётни молиялашнинг тўла қувват билан фойдаланилмаётган потенциал захираси, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 70 трлн. сўмни ташкил этади. O`zLiDeP электорати манфаатларидан келиб чиқиб алоҳида қайд этилдики, қонун лойиҳасида кредитларни расмийлаштириш жараёнларини янада такомиллаштириш, кичик бизнесни унга қарашли кўчадиган мулкларни гаров муомаласига киритиш йўли билан кредит орқали молиялаш имкониятларини кенгайтириш ва мулкни гаровга қўйиш эвазига кредит бераётганда тижорат банкларининг таваккалчилигини камайтириш кўзда тутилган. O`zLiDeP фракцияси депутатлари бугунги кунда гаровни расмийлаштириш бўйича қарор қабул қилиш ва гаров предметининг ҳуқуқий мақомини тезкорлик билан аниқлаш жараёнида муайян қийинчиликлар учраётганини, чунки кредиторлар, қарз олувчилар, гаров берувчилар ва гаров олувчилар фойдаланиши мумкин бўлган гаров реестрининг ягона базаси йўқлигини ҳам эътироф этди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси гаровга қўйилган мулк ҳисобини олиш, шунингдек, уларнинг ноқонуний сотилиши ёки бегоналаштирилиши олдини олишга хизмат қиладиган гаров реестри ҳисоби ягона базасини ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмларини аниқлаб беради. Бундан ташқари, ушбу қонун гаров таъминоти бўйича маълумотларни ҳисобга олиш, сақлаш ва алмашиш муносабатларини тартибга солишга ёрдам беради. Гаров реестри жисмоний ва юридик шахсларнинг гаров таъминотига нисбатан ҳуқуқлари вужудга келиши, шунингдек, ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳақидаги электрон ёзувлардан иборат маълумотлар ягона ахборот базасидир. Гаров реестрини яратишдан асосий мақсад ишончли гаров маълумотларини тўплаш, қайта ишлаш ва гаров мулкка нисбатан ҳуқуққа эга бўлганларга ёки бу ҳуқуқларга эга бўлишни истовчиларга тақдим этиш, шунингдек, гаров мулкка гаров ҳуқуқи мавжудлиги аниқлаш ва потенциал қарз олувчининг гаров мулки ҳақидаги ахборотларни тақдим этишдир. Шу боис, “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши банк ва бошқа молия хизматлари сифатини яхшилаш бўйича қонунчилик базасининг такомиллашишига, молия институтлари ўртасида рақобат кучайишига, шунингдек, юқори халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган бозор инфратузилмаси кенгайишига хизмат қилиши билдирилди. Умуман, ушбу қонуннинг қабул қилиниши гаров реестрини юритиш, сақлаш ва фойдаланиш имконияти билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини яратади. Бу эса демократик бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўз навбатида, кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг кучайиши мамлакатимиз молия-банк соҳаси рейтингини кўтариш имкониятини беради. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам фракция аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур қонун лойиҳаси ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка катта эркинликлар тақдим этишга хизмат қилиши бунинг асосий сабабларидан биридир. O’zLiDeP фракцияси депутатлари томонидан жойларда ўтказган йиғилишлар қонуннинг янги таҳрири корпоратив бошқарув тизимини амалдаги қонун нормаларини конкретлаштириш ва аниқлаштириш асосида янада ривожлантиришга, акциядорларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилинишини кучайтириш, шунингдек, акциядорлик жамиятлари фаолиятида ахборот очиқлигини таъминлашга хизмат қилишини кўрсатди. Партия электорати фикрича, амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда корпоратив муносабатларнинг янада ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар бор. Акциядорлик жамиятлари ва умуман иқтисодиётнинг кейинги ривожи бу муаммоларни бартараф этилишига боғлиқ. Шу сабабли, муҳокама этилаётган қонун лойиҳасининг мазмуни таҳлили амалдаги қонунни қуйидаги йўналишлар бўйича янада такомиллаштиришга имкон яратади: - акциядорлик жамиятлари тузиш, жамият устав жамғармасини шакллантириш, қимматли қоғозларининг бозор қийматини аниқлаш, акцияларини ошкора таклиф этиш йўли билан жойлаштириш. Масалан, қонун лойиҳасининг 13-моддасида акциядорлик жамияти уставида бўлиши шарт бўлган мажбурий меъёрлар соддалаштирилди; - бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги. Йирик битимларни амалга ошириш, жамиятнинг устав жамғармасини ошириш, устав жамғармаси оширилиши муносабати билан жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, аудиторлик ташкилоти ва унинг хизматига тўловнинг энг йирик миқдорини аниқлаш, жамиятнинг ички назорат органлари фаолияти ҳисоботини эшитиш тўғрисида қарорлар қабул қилинишида кузатув кенгашининг ҳуқуқларини кенгайтирадиган нормалар киритилди; - миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолати. Жамиятнинг бошқарув органи тузилмасида миноритар акциядорлар манфаатларини ифода этувчи махсус орган – миноритар акциядорлар қўмитаси тузиш орқали уларнинг жамият бошқарувида иштирок этиш механизми кўзда тутилган. Қўмита акциядорлар томонидан сайланади ва акциядорлар умумий йиғинига ҳисобдор бўлади. Миноритар акциядорлар мурожаатларини ўрганиб чиқиш, жамиятнинг миноритарлар қонуний манфаатларига зид бўлган битимлари бўйича хулосалар чиқариш бундай қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланган; - инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш. “Аффилланган шахслар” ва “манфаатли битим” тушунчалари ва уларга талаблар конкретлаштирилди. Қонун лойиҳасида тузилишида манфаатдорлик мавжуд битимлар ҳақидаги батафсил маълумотларни очиш, бундай битимларнинг мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан аввалдан ўрганиш ва кузатув кенгаши ёки акциядорлар талаби бўйича тегишли хулосани тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан акциядорлик жамиятлари ўртасида битимлар тузиш очиқлигини ошириш нормалари кўзда тутилган;- акциядорлар ва потенциал инвесторларнинг жамият фаолияти ҳақидаги ахборотлардан эркин фойдаланиши. Акциялари фонд биржаси листингига киритилган акциядорлик жамиятларининг жамият устави матнини, жумладан, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни фонд биржаси сайтида эълон қилиш мажбурияти белгиланган норма кўзда тутилган. O`zLiDeP фракцияси аъзолари фиркича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши акциядорлик жамиятлари бошқарув ва назорат органлари фаолиятини кучайтириш ва унинг жавобгарлигини ошириш, миноритар акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш институтини яратиш, акциядорлар ва потенциал инвесторларнинг акциядорлик жамияти фаолияти ҳақидаги кенг ахборотга эга бўлишини таъминлашга имкон яратади. Муҳокамалар доирасида фракциянинг тегишли нуқтаи назари белгилаб олинди ва мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме