21:45 02.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O`zLiDeP ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ ЛОЗИМ
25-27 март кунлари O’zLiDeP ташаббуси билан «Партиявий фаолиятни янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифалар» мавзуида уч кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Конституциямизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган партиявий вазифалар ижросини таъминлаш жараёнида партиянинг тузилмавий бўлинмалари ишини такомиллаштириш, фаолларнинг бу борадаги назарий ва амалий билимларини янада кучайтириш билан боғлиқ масалаларга қаратилди.
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев маърузасида таъкидланганидек, бугунги туб ислоҳотлар Ўзбекистон тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олган партия ва унинг қуйи бўғинлари олдига сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиш, ўз электорати манфаати ва хоҳиш-истакларини қонуний ифода этишга кўмаклашиш, аҳолининг сиёсий маданиятини ошириш, демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, мамлакатда ўрта синф вакилларини ишончли ҳимоя қилиш орқали фаровонликни янада юксалтириш вазифасини қўймоқда. Маълумки, 2012 йилда ҳам Ўзбекистонда юқори ўсиш суръатлари, макроиқтисодий мутаносиблик, аҳоли турмуш даражасининг барқарор юксалиши таъминланди. Ўзбекистоннинг дунё бозоридаги ўрни ва мавқеи янада мустаҳкамланди. Бу, шубҳасиз, Юртбошимиз томонидан пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб олиб борилган иқтисодий сиёсат самарасидир.
Маърузачи «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталаркан, унда асосий эътибор мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини босқичма-босқич ошириб бориш каби долзарб вазифаларга қаратилганини таъкидлади.
Мажлисда «Обод турмуш йили»да O’zLiDePнинг дастурий режалари хусусида ҳам атрофлича фикр юритилиб, улар ижросини таъминлаш партия фаолларининг асосий бурчи эканлиги таъкидланди. Бу жараёнда, шубҳасиз, партиявий лойиҳалар ижроси ниҳоятда муҳимдир. Дарҳақиқат, жорий йилда «Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч», «Мулкдор оила», «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш», «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага», «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Диплом билан — бизнесга» каби партиявий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки улар мамлакат аграр тармоғини барқарор ва самарали ривожлантириш, фермер хўжаликлари мавқеини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай бизнес муҳитини шакллантириш, ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишда ўзига хос имконият яратмоқда.
O’zLiDePнинг вакиллик ҳокимияти органларидаги депутатлик корпуси эса бу жараёнда стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган инвестицион лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатларини чуқур ўрганиш, бозор муносабатларини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратмоқда.
— Ҳа, чиндан ҳам 175 мингдан зиёд аъзоси бўлган O`zLiDeP ислоҳотлар моҳиятини, бу борада зиммасидаги масъулиятни теран ҳис этмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Атҳам Шодмонов. — Бу семинар эса Давлат дастури ижроси жараёнидаги вазифаларни яна бир бор куриб чиқиш, 2012 йилдаги натижалар, йўл қўйилган хатоларни таҳлил этиш имконини берди. Шу ўринда 300 га яқин партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иштирок этган ўқув-семинарда, шунингдек, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондлар маблағларидан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳага оид қарорлар ижроси бўйича давлат ва хўжалик тузилмалари масъулиятини кучайтиришга бағишланган давра суҳбати ҳам ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори Шуҳрат Абдуллаев сўзга чиқиб, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиёти кўп жиҳатдан унинг бюджет тизимини шакллантириш, аниқ ва мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатишга боғлиқ эканини таъкидлади. — Ана шу нуқтаи назардан ҳам юртимиз иқтисодиётининг йил сайин юксалиб боришида мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзига хос бюджет сиёсати ва унинг параметрларини ҳаётга самарали татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни амалга оширувчи Ҳисоб палатасининг ўрни ҳам тобора ошиб бормоқда.
Маълумки, палатага марказда ва жойларда бюджет маблағларидан қонуний, мақсадли фойдаланишни назорат қилиш, қонунбузарлик ҳамда суиистеъмолликларнинг олдини олиш чораларини кўриш каби қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили O’zLiDeP фаолияти ҳам ўрганилиб, партиянинг молиявий фаолияти юзасидан тегишли хулосалар тайёрланмоқда. Ана шу назорат-тадбирлари натижаларидан келиб чиқиб, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ўз молиявий фаолиятининг келгуси стратегиясини белгилаб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўраяпти.
Ушбу давра суҳбатида ҳам бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, партиявий лойиҳалар, турли тарғибот тадбирларини ўтказишга ажратилаётган маблағларни мақсадли йўналтириш борасида тавсиялар берилди. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, барча даражадаги ҳудудий кенгашлар вакиллари, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ходимлари иштирок этган тадбирда амалдаги қонунчиликнинг амалий ижроси юзасидан ҳам ахборотлар берилди.
Амалий семинар доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси билан ҳамкорликда «Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, маҳалланинг хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги ўрнини оширишга йўналтирилган ишларда O’zLiDePнинг амалий вазифалари» мавзуидаги тадбир ҳам ташкил этилди.
Анжуман иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимизда амалга оширилаётган модернизация ва жамиятни янада демократлаштириш жараёнлари сиёсий партиялар олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўймоқда. Эндиликда партиялар нафақат жамоатчилик назоратини ўрнатувчи, балки жойлардаги ислоҳотлар самарасига таъсир кўрсатувчи, уларнинг муваффақиятли амалга оширилишига масъул бўлган муҳим жамоат ташкилотига айланиб бормоқда. Табиийки, бу жараён сиёсий партиялар олдига турли жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини ўрнатишдек муҳим вазифани қўяди.
Ана шу нуқтаи назардан ҳам O’zLiDeP фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ маҳаллани оилавий бизнес марказига айлантириш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Партия фаолларининг таъкидлашича, фуқаролик жамиятининг энг таъсирчан институти сифатида шахс, жамият ва давлатнинг ижтимоий, иқтисодий, гуманитар муаммоларини самарали ҳал этишга қодир бўлган маҳалла билан сиёсий партиялар ҳамкорлигини янада кучайтириш зарур. Чунки бугун шарқона демократиянинг ноёб кўриниши сифатида маҳалланинг ҳуқуқлари кенгайиб, мавқеи янада ошиб, моддий базаси мустаҳкамланиб бормоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» ва «Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлар бу борадаги ишларни фаоллаштиришга кўмак беради.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳи вакиллари, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЎИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Тадбиркор аёл уюшмаси» аъзолари иштирок этган тадбирда ана шу икки муҳим қонуннинг аҳамияти борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ушбу қонунларни тайёрлаш жараёнидаги O’zLiDeP фракциясининг иштироки юзасидан ахборотлар берилди.
Шу ўринда уч кун давомида, қизиқарли баҳс ва мунозаралар асосида ўтган семинар икки босқичда, яъни интерфаол ва технологик усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилганини, хусусан, партия қурилишининг янги босқичдаги барча тузилмавий бўлинмалари амалий фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилганини айтиш мумкин. Булар – аёллар ва ёшлар билан ишлаш борасидаги устувор йўналишлар; бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобдорликни такомиллаштириш; партиянинг кадрларга доир дастурининг амалий ижроси; электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш; жойлардаги партия гуруҳлари фаоллигини ошириш ва ҳудудларни ижтимоий ривожлантиришда уларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларидир. БПТлар фаолиятини такомиллаштириш, партия ҳудудий бўлинмаларида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда расмийлаштириш, Сиёсий таълим маркази, жойлардаги партия матбуот марказлари иш самарадорлигини ошириш ҳам биринчи навбатдаги вазифалар экани семинарда алоҳида таъкидланди.
Иккинчи куни иштирокчилар етти гуруҳга бўлиниб, муҳим партиявий-сиёсий ишлар юзасидан ўзаро фикрлашдилар ва навбатдаги долзарб вазифаларни ижро этиш, электорат аъзоларининг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш юзасидан бир қатор конструктив таклифларни ўртага ташладилар. Жумладан, мафкуравий ишларни йўлга қўйиш, партиянинг ёшлар ва аёлларга оид сиёсатини амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари мониторингини ўтказишнинг амалий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Семинар жараёнида иштирокчиларга махсус ўқув-услубий, шунингдек, электрон ҳужжат алмашинувининг дастурий материаллари ҳам тақдим этилди. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме