05:15 14.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O’zLiDeP ДАВЛАТ ДАСТУРИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН УСТИВОР ВАЗИФАЛАРНИ БЕЛГИЛАБ ОЛДИ
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг “Обод турмуш йили” Давлат дастуридан келиб чиқадиган ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда O’zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни изчил ривожлантириш, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва позициясини юксалтириш, минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича қўйилган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. - Шунингдек, Давлат дастуридаги устувор вазифаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва унда фаол иштирокчи бўлиш учун асосий эътиборни O’zLiDePнинг барча бўғин тузилмалари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, уларнинг имкониятларини дастур мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг омма орасида тарғиб қилишга қаратиш лозим,- деди М.Тешабоев. Тадбирда O’zLiDeP мамлакатда барқарорлик ва хавфсизлик, фуқаролик, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга кенг аҳамият қаратиб келаётгани эътироф этилди. Мажлис иштирокчилари томонидан таъкидландики, мазкур соҳада, хусусан, мамлакатни демократлаштириш, унинг дунё ҳамжамиятига интеграциялашуви, фуқаролик институтларини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” партиявий лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Экспертлар, мутахассисларнинг кенг доираси, фуқаролик институти вакилларини жалб қилган ҳолда Давлат дастурига киритилган энг муҳим қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш режалаштирилмоқда. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир. Қайд этилдики, Давлат органларининг фуқаролик институтлари билан жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, мамлакат ҳудудларида қулай бизнес муҳитини шакллантириш масалаларини ҳал этишдаги яқин ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш масалалари юзасидан туркум семинарлар ташкил этилади. Жорий йилда партия тузилмалари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини такомиллаштириш, маҳалла роли ва аҳамиятини янада кучайтириш, унга янги ҳуқуқ ва ваколатлар бериш, маҳаллани кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик марказига айлантиришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. - Хусусан, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ижроси ҳолатини ўрганиш кўзда тутилмоқда, - дейди Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Адҳам Шодмонов. – Шунингдек, ушбу ҳудудларда маҳаллалар қиёфасини сифат жиҳатдан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга кўмаклашиш, маҳаллани кичик, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик марказига айлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш кўзда тутилаётир. Мажлисда фермерлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва бу орқали аҳоли фаровонлиги ва реал даромадлари, бандлиги муттасил ошишини таъминлаш O’zLiDePнинг устивор вазифалари қаторида экани таъкидланди. “Фермерлик ҳаракати – қишлоқдаги ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч”, “Мулкдор оила-2013” каби партиявий лойиҳалар фермер хўжаликларининг мамлакат аграр секторидаги роли ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиши қайд этилди. - Жойларда мазкур соҳадаги қонунчилик ижроси ҳолатини чуқур ўрганиш ва Ер кодекси, Солиқ кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда, - дейди Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов. - Бунда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, бунинг асосида фермерлар фаолияти молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш, уларнинг босқичма-босқич статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг электрон тизимига ўтишига алоҳида эътибор қаратилади.
Мажлисда жорий йилда O’zLiDeP учун устувор йўналишлардан яна бири ҳудудларни ҳар томонлама ва комплекс ривожлантириш масаласи экани таъкидланди. Бу мақсадда “Ҳудудий ривожланиш”, “Йирик саноат сектори корхоналарининг кичик бизнес билан манфаатли ҳамкорлик, техник ва технологик қўллаб-қувватлаш, функциялар ва меҳнатни тақсимлаш принциплари асосидаги кооперацияси” каби партиявий лойиҳалар амалга оширилиши маълум қилинди. Мазкур лойиҳалар, авваламбор, ҳудудий ривожланишни янада оптималлаштириш ҳамда ташқи бозорга йўналтирилган самарадор ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий логистика ва транспорт инфратузилмасини жорий этиш, ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилгани алоҳида тилга олинди. Мажлис иштирокчилари қайд этганидек, жорий йилда партия оилани янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оиладаги ва жамиятдаги ролини ошириш, бандликни, айниқса, қишлоқ жойларида таъминлаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, шу жумладан, уларга кредит ажратиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишга янада жиддий аҳамият қаратади. Тадбир давомида “Оилавий тадбиркорликдан - мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги – ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти асоси” каби партиявий лойиҳалар бу вазифаларни ҳал этишга хизмат қилиши, “Энг илғор тадбиркор аёл” ҳудудий танловларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилгани айтиб ўтилди. Тадбирда “Обод турмуш йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида O’zLiDeP яна бир қанча мақсадли ва комплекс тадбирларни режалаштиргани маълум қилинди.
O’zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме