16:15 14.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘ZLIDEP ТАДБИРКОР ЁШЛАРНИ ДОИМ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙДИ
O‘zLiDePнинг “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси Фарғонада ҳам муваффақиятли ташкил этилди. Куни-кеча мазкур лойиҳанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
– Жорий йилда лойиҳанинг туман ва шаҳар босқичларида 4 минг нафар йигит-қиз иштирок этди, – дейди O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши бўлим мудири Юсуфжон Юсупов. – Уларнинг 1000 нафардан ортиғи ўзининг аниқ бизнес режаларини тақдим этди. Иштирокчиларнинг 300 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, 2013 йилда мазкур лойиҳада қатнашган 150 нафар битирувчининг бизнес режалари учун 612 млн. сўм миқдоридаги микрокредитлар ажратилган эди. Жорий йилда эса, ушбу кўрсаткич 1 млрд. сўмдан зиёд микрокредитлар ажратилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида бўлиб ўтган ўқув семинарида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда “Бизнес режа ва уни ёзиш талаблари”, “Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонуний-меъёрий ҳужжатлар”,“Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари”, “Гаров таъминотининг турлари ҳамда гаров ҳужжатларини расмийлаштириш тартиблари”, “Кичик бизнес вакиллари учун жорий қилинган солиқлар ва яратилган солиқ имтиёзлари” каби мавзуларда маърузалар тинглади.
Олтиариқ тумани маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилафруз Иброҳимова лойиҳанинг туман босқичидаёқ 10 млн. сўмлик имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Ҳозир у миллий либослар тикишга асосланган бизнесини йўлга қўйиб, 2 нафар кишини иш билан таъминлаган.
Вилоятда бундай шижоатли ёшларни кўплаб топиш мумкин. Ана шундай тадбиркор ёшлардан яна бири Риштон транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Исломбекдир. У “Агробанк”нинг туман филиалидан 9,6 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ҳозир кунда паррандачилик йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.
Тадбир якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режалари бўйича тақдимот ўтказдилар. Ғолиб иштирокчиларга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме