14:30 27.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘ZLIDEP МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ ЮҚОРИ БАҲОЛАНДИ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ҳисоб палатасининг O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиш натижаларини кўриб чиқиш, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари фондлар маблағларини оқилона сарфлаш устидан молиявий назорат қилиш, соҳада қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича давлат ва хўжалик тузилмалари масъулиятини кучайтириш масалаларини муҳокама этиш ҳамда партия фаолиятининг бу борадаги устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ўтказилди. Давра суҳбатида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев маъруза қилди. – Ҳисоб палатаси томонидан ўтказиб келинаётган текширувлар биз учун катта мактаб ва ўзига хос имтиҳон бўлмоқда, десак янглишмаймиз. Текширувлар якунида палата томонидан берилган кўрсатмалар асосида иш юритилиб, кейинги йилларда бундай камчиликлар учрамаётгани ва Ҳисоб палатасининг ўзи ҳам буни эътироф этаётгани қувонарли ҳол, албатта. Энг эътиборлиси, текширувлар давомида маблағларни ўзлаштириш ва камомад чиқиши билан боғлиқ бирорта камчилик қайд этилмади”, – деди М.Тешабоев. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда ўтказилган навбатдаги текширув пайтида аниқланган айрим жузъий камчиликлар юзасидан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан билдирилган барча маълумот ва эътирозли муносабатлар Ҳисоб палатасининг юқори малакали ходимлари ва мутахассислари иштирокида жойида муҳокама қилинган ва улар ўз амалий натижаларини берган. М.Тешабоев Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети маблағларини оқилона сарфлаш устидан молиявий назоратнинг энг муҳим инструменти сифатидаги фаолиятини O‘zLiDeP ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва маъқуллашини алоҳида эътироф этди. Учрашувда таъкидландики, партия ташкил этилгандан буён ўтказиб келинаётган текширувлар давомида қўпол қонун бузилишлари аниқланмагани O‘zLiDeP раҳбариятининг қатъий назорати ва масъул ходимларнинг юқори малакаси натижасидир. Ҳисоб палатаси томонидан кўрсатилаётган камчиликлар йилдан-йилга камайиб бораётгани эса масъул ходимлар кўникмалари ўсаётганидан дарак беради. Давра суҳбатида Солиқ кодексига текширувлар ўтказиш, солиқ қарздорлигини ундириш ҳамда ўзаро меҳнат муносабатларига доир киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ташқи аудитни ўтказиш, Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисоботни баҳолаш, солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети лойиҳаси экспертизасига оид масалаларга бағишланган маърузалар тингланди. Шунингдек, иштирокчиларга солиққа тортиш, биноларни ижарага олиш, Меҳнат кодекси меъёрлари масалалари юзасидан кўплаб қизиқарли ахборотлар берилди. – Давра суҳбатига таклиф этилган манфаатдор ташкилотлар вакилларидан кўплаб маълумотлар олишга эришдик ва бу иш фаолиятимизнинг янада самарали бўлишида туртки беради, – дейди O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари Салим Болтаев. – Бухгалтерия ҳисоби, партиянинг кадрлар сиёсатини амалий юритиш борасида биз учун жуда зарур кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Тадбирда иштирокчиларнинг кўплаб саволларига соҳа мутахассислари батафсил жавоб қайтарди. Давра суҳбатида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, партия ҳудудий бўлимлари масъул ходимлари, партия фаоллари – тадбиркорлар, Ҳисоб палатаси, Адлия, Молия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари мутасаддилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме