01:00 05.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O‘ZLIDEP ЁШЛАРНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЧОРЛАЙДИ

Президентимизнинг “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида O‘zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси ёш тадбиркорларни кашф этишга хизмат қиляпти. 
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг инновацион лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, битирувчи ёшларни таълимдан кейинги даврда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига жалб этишга кўмаклашишдан иборат.
Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида лойиҳанинг туман босқичлари якунланиб, вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Қашқадарёда ҳам вилоят босқичи ўтказилди. 
Лойиҳа доирасидаги ўқув семинарида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантиришда банкларнинг ўрни, тадбиркорлик лойиҳаларини кредитлашнинг ҳуқуқий асослари, кредитларни расмийлаштириш каби мавзуларда маърузалар тингланди. 
– Айтиш жоизки, 2013 йилда лойиҳа бўйича вилоят миқёсида таълим муассасаларининг 140 нафар битирувчиси иштирок этиб, уларнинг 79 нафари 724,95 млн. сўм имтиёзли микрокредитлар олишга эришди, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши бўлим мудири С.Ботиров. – Натижада 130 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йилда туман босқичларида иштирок этиш учун вилоят бўйича 800 дан ортиқ битирувчидан ариза келиб тушди. Улардан 150 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Иштирокчилар икки кун давом этган мазкур семинарда олган билимлари асосида ўз бизнес режаларини янада такомиллаштириб, тақдимот ўтказдилар.
– Лойиҳа ташкилотчиси O‘zLiDePга ва бошқа ҳамкор ташкилотларга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман, – дейди Қарши шаҳар педагогика коллежи битирувчиси Мухлиса Аъзамова. – Чунки ушбу лойиҳа шарофати билан анчадан буён кўнглимга тугиб қўйган режаларим амалга ошадиган бўлди. Унда тикувчилик йўналишидаги бизнес режам билан иштирок этдим. Аввалига 5 млн сўм имтиёзли кредит олиш ниятим бор. Кейин эса, ишлаб чиқаришни кенгайтираман. Ният холис бўлса, уни қўллаб-қувватловчилар, албатта, топилар экан.
Шаҳрисабз педагогика коллежи битирувчиси Гулноза Ёдгорова эса ўқув маркази очишни режалаштирмоқда. Бу марказда пазандачилик, тикувчилик, уй ҳамширалари тайёрлаш курслари ташкил этилади.
“Лойиҳада муносиб қатнашиб, 16 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ниятидаман. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, аввал Яккабоғ туманида, кейинчалик Чироқчи ва Қамаши туманларида шундай ўқув марказлари очиш режаларим бор”, – дейди Гулноза.
Тадбир сўнггида бизнес режалари истиқболли деб топилган иштирокчиларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи банк сертификатлари топширилди.
Гулжаҳон РУСТАМОВА,O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати раҳбари

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме