11:01 21.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘ZLIDEP ФРАКЦИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ
2013 йил 17 июнь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йилги ва 2013 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда демократик тамойиллар асосида амалга оширилаётган давлат сиёсатида миллий парламентнинг роли ва ваколатларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Давлат бюджети маблағларидан фойдаланишда парламент назорати O‘zLiDeP фракциясининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Навбатдаги бюджет муҳокамаси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан келиб чиқиб амалга оширилди. Унга кўра, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ахборот дастлабки муҳокама, фикр ва таклифлар ишлаб чиқиш учун сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлик гуруҳига тақдим этилди.
Айтиб ўтилдики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети Олий Мажлис тасдиқлаган параметрларга мувофиқ, шунингдек Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг муҳим устиворликларини амалга ошириш йўли билан ижро этилди ва белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишни таъминлади. Бу эса дунёда давлат бюджетларининг мувозанатлашмагани билан боғлиқ инқироз давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган чуқур ўйланган солиқ ва бюджет сиёсатининг тўғри ва самарали эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Давлат бюджети ижроси муҳокамаси чоғида O‘zLiDeP фракцияси партия электорати манфаатларига бевосита тегишли бўлган устувор йўналишларга жиддий эътибор қаратди. Жумладан, иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг тизимли давом эттирилиши ўтган йил якунларига кўра мамлакатда ЯИМ 8,2%, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 7,7%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 7%, қурилиш ишлари ҳажми – 11,5%, чакана савдо айланмаси 13,9% ўсишини таъминлади.
Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификациялаш, маҳсулотларни сотиш учун янги ташқи бозорларни фаол ўзлаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида экспорт ҳажми 11,6% ўсди, ташқи савдо айланмасидаги ижобий сальдо миқдори 1,1 млрд. доллардан ошиқ бўлди.
Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, уй-жой қурилиши, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантиришда фаол инвестиция сиёсати амалга оширилгани натижасида инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 14% кўпайди. Ўтган йили 205 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш якунланди. Шу билан бирга, республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича қўшимча қиймат солиғи тушуми 2011 йилга нисбатан 17,2% ошди. Бу эса иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизациялаш сиёсатининг муҳим натижаларидан биридир.
Давлат раҳбари томонидан жорий йил учун белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш шу йилнинг биринчи чорагида ҳам ўзининг мантиқий давомига эришди ва мамлакат иқтисодиётидаги муҳим ижобий ўзгаришларни таъминлади. Жумладан, ЯИМ ҳажми 7,5%, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 7%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 6,2%, қурилиш ишлари ҳажми – 13,2% ўсди. 2013 йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджетининг даромад қисми мамлакат ЯИМга нисбатан 0,4 фоиз миқдоридаги профицит билан бажарилди.
Тижорат банкларининг ресурс базаларини кенгайтириш ва инвестицион фаоллигини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида банк тизимининг умумий капитали жорий йилнинг биринчи чорагида 2012 йилнинг шу давридагига нисбатан 23,5%, банкларнинг умумий активлари 30,5% кўпайди.
Фракция аъзолари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш бўйича ишлар унинг ЯИМдаги улуши 2011 йилдаги 54% дан 2012 йилда 54,6% гача ўсишига олиб келганини алоҳида таъкидладилар. Бу муваффақиятларга кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобига эришилди. Масалан, 2012 йилда ягона солиқ тўлови ставкаси 6% дан 5% га туширилди. Бироқ бу 2012 йилда тушумлар камайишига олиб келгани йўқ, аксинча, солиққа тортиладиган база кенгайиши ҳисобига тушумлар 2011 йилга нисбатан 22,5% ўсди.
Бошқа томондан, солиқнинг ушбу тури бўйича ставкалар пасайиши ҳисобига кичик корхоналар ва микрофирмалар даромади ҳисоб-китоблар бўйича 100 млрд. сўмга кўпайди. Бу, ўз навбатида, фракциямиз фикрича, уларга фаолият доирасини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар эшигини очади. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида янги яратилган иш ўринларининг 156,8 минги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига тўғри келади.
Фракция аъзолари, партиянинг Сайловолди платформаси мазмунидан келиб чиқиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини, амалий таклифларини баён қилдилар. Хусусан, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, молиявий интизомни сақлаш ва “Бюджет тизими тўғрисида”ги, “Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунлар талабларининг бажарилиши устидан назоратни мустаҳкамлаш бўйича ижрочи ҳокимиятнинг масъулиятини янада оширишнинг муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда фракция аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Муҳокамалар давомида кўриб чиқилган масала юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг позицияси ишлаб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме