22:00 29.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`ZLIDEP ФРАКЦИЯСИ ВА АХБОРОТ ВА КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ МАСАЛАЛАРИ ҚЎМИТАСИ ҲАМКОРЛИГИДА АМАЛИЙ СЕМИНАР

2013 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси ва Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ўсиб келаётган ёш авлод интеллектуал ва таълим эҳтиёжларини қондириш мақсадида Интернет тармоғида миллий ахборот тизимлар ва ресурсларни ривожлантиришга доир долзарб масалаларга бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари алоҳида қайд этганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг бош мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучи бу инсон, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоддир. Ҳар томонлама ривожланган, мустақил фикрловчи, ўз қатъий ҳаётий позициясига эга, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга қодир ёшларни шакллантириш мамлакат ва жамиятни янгилаш ва модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган либерал ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашнинг зарур шартидир. Айнан шунинг учун O`zLiDeP ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароитлар яратиш, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг энг муҳим вазифаси сифатида уларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш тарафдоридир.

Мазкур вазифанинг ҳал этилиши ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида маънавий-аҳлоқий тарбиялаш, уларнинг жаҳон маданияти ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, ёшларнинг баркамол ривожланиши, таълим ва интеллектуал даражаси ўсиши учун зарур бўлган ахборот ва материалларга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан бевосита боғлиқ.

Ўзбекистонда ушбу соҳада тизимли ва кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда, яъни: сўз эркинлиги ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича салмоқли қонунчилик базаси яратилди; аҳоли, ёшларнинг ахборот ресурслардан, жумладан, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда; миллий ахборот маконини бойитиш ва тўлдириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан, таълим, илм-фан, маданият ва маърифат соҳаларининг барча жабҳаларини қамраб олувчи таълим ва ёшлар йўналишидаги кенг қамровли ахборот ресурсларидан иборат ZiyoNET ягона ахборот тармоғи яратилган; ахборот-кутубхона таъминотини ташкил этиш бўйича фаолияти доирасида долзарб ахборот ресурсларидан фойдаланиш имконияти ташкил этилмоқда.

Интернет-хизматларини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида операторлар ва провайдерлар учун интернет-каналлар нархи 2012 йилга нисбатан 2 баробарга камайтирилди, интернетдан фаол фойдаланувчилар сони 10 млн.кишига етди.

Миллий ахборот-излаш тизимини яратиш, маҳаллий ижтимоий тармоқлар, блоглар ва бошқа замонавий ахборот ресурсларни, шу жумладан, мобиль алоқа миллий операторлари имкониятларидан фойдалаган ҳолда шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда UZ зонасидаги доменлар сони 13,4 мингтадан ошди.

Тадбирда таъкидланганидек, АКТ давлат ва жамият тузилмалари фаолиятига жорий этиш ҳолатини янада чуқур ўрганиш мақсадида, O`zLiDeP фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда 3 та назорат-таҳлил тадбирлари, 20 дан зиёд анжуман, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Мутахассисларни АКТни ривожлантириш соҳасидаги қонунчилик талабларини бажариш ҳолатини муҳокама этишга фаол жалб қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Ўтказилган тадбирлар якунлари ёш авлоднинг замонавий эҳтиёжлари, қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий веб-ресурсларни яратиш ва ривожлантириш бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлигини тасдиқламоқда. Жумладан, миллий техник майдонларда жойлашган “ижтимоий тармоқлар” ва “электрон почталар” оммабоплигини ошириш учун кўп иш қилиш зарур.

Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, глобаллашув, глобал ахборот жамияти шаклланиши шароитида ахборот-коммуникация технологиялари, авваламбор, интернет болалар ва ўсмирлар ривожланишига таъсир этувчи муҳим омилга айланди.

Шу билан бирга, ахборот-коммуникация, интернет-технологияларининг жамият ҳаётининг барча соҳаларига кенг миқёсда жорий этилиши ёшларни ахборот соҳасидаги хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, четдан кириб келаётган мафкуравий хуружлардан, уларнинг онгига бузғунчилик таъсирлардан сақлаш масалаларининг долзарблигини кучайтирди. Ижтимоий тармоқлар, компьютер ўйинлари фойдаланувчилари, видео- ва киномаҳсулот истеъмолчилари уларнинг жисмоний ва маънавий-аҳлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотларга дуч келаётган ҳолатлари учрамоқда.

O`zLiDeP фракцияси депутатлари ташаббуси билан бугунги кунда “Хавфсиз интернет” лойиҳаси ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади мазкур соҳадаги қонунчиликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан интернетдан хавфсиз фойдаланишнинг амалий механизмлари, технологик усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат.

Бугунги кунга қадар ёшлар, шу жумладан, мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларининг замонавий талаблари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда миллий ахборот ресурслари сифатини ошириш, интернет тармоғи миллий сегментида ёшларга оид таълим-тарбия ва билим олишга доир ахборот ресурсларни ривожлантиришга қаратилган 20 дан зиёд турли тадбирлар ташкил этилди. Экспертлар ва мутахассислар иштирокида миллий ахборот-излаш тизимини яратиш, маҳаллий ижтимоий тармоқлар, блоглар ва бошқа замонавий ахборот ресурсларни ёшларнинг кенг фойдаланиши учун мобиль алоқа миллий операторлари имкониятларини ишга солган ҳолда шакллантириш имкониятлари ўрганилмоқда.

Семинар иштирокчилари алоҳида қайд этганидек, “Хавфсиз интернет” партиявий лойиҳаси доирасида ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказлари фаолияти самарадорлигини ошириш, вояга етмаганларни улар саломатлиги ва маънавий-аҳлоқий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотлардан самарали ҳимоя қилишни қонунчилик асосида таъминлаш борасидаги хорижий тажрибани қўллаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда ушбу соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, АКТни янада ривожлантириш ва қўллаш бўйича услубий кўрсатма ва тавсияларни ишлаб чиқиш, ёшларнинг интернет тармоғидаги ахборот ресурсларидан янада кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, мамлакатимизда ёшлар учун қулай бўлган ахборот маконини шакллантириш ҳамда вояга етмаганлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Бунда ривожланган демократик мамлакатлар тажрибаси алоҳида эътиборга молик, уларда мазкур масалалар қуйидаги вазифалар орқали ҳал этилади: ёшлар ва болаларни ахборот маконида ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунчиликни ривожлантириш; медиа-саводхонлик, тармоқда мулоқот қилиш одобини юксалтириш; интернетда хавфсиз ишлашни қўллаб-қувватлашнинг техник механизмларини яратиш; мазкур масалаларни ҳал этишда давлат органлари, таълим муассасалари, оила, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ кенг иштироки ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва ҳ.к. Масалан, Германияда ушбу масалалар Ёшларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун, Инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳамда телерадиоэшиттириш ва телемедиахизматлар соҳасида ёшларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги давлат шартномалари орқали тартибга солинади.

Умуман олганда, тадбир иштирокчилари маҳаллий интернет-фойдаланувчиларнинг ўсиб бораётган ахборот ва интеллектуал эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш, аҳолини, айниқса, ёшлар дунёқарашини кенгайтириш ва маънавий қадриятларини мустаҳкамлашга қаратилган замонавий, интерфаол интернет-ресурсларни яратишни рағбатланштиришга қаратилган долзарб таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқдилар. Жумладан, мазкур таклифлар қуйидаги масалаларга алоқадор:

- “ZiyoNet” таълим ахборот тармоғини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий-техник ва интерфаол имкониятларини ривожлантириш, таълим муассасалари ўқув дастурларига интеграциялашган замонавий интернет-ресурсларни яратиш, замонавий, ёшлар ўртасида оммабоп бўлган ижтимоий сервислар ҳамда ривожлантирувчи ўйин иловаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

- инсон, жамият ва давлатнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолига электрон интерфаол хизматлар кўрсатишни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда ғоявий-маърифий ва маънавий-аҳлоқий йўналтирилган миллий интернет-ресурслар, веб-сервислар, ижтимоий тармоқларни ривожлантиришга қаратилган интернет тармоғидаги миллий сегментни ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бошқалар.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, барча таклифлар умумлаштирилиб, O`zLiDeP ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятида қўлланилади.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме