17:15 17.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

«O`ZLIDEP ФРАКЦИЯСИ ПОЗИЦИЯСИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙМИЗ»

Рахимберди ҚОСИМОВ, Наманган вилоятидаги «Наманган дори-дармон» ОАЖ бошқаруви раиси

«XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетасининг 9 январь сонида эълон қилинган «Қонун ҳам давлат, ҳам бизнес манфаатига хизмат қилсин» мақоласини ўқиб, очиғи O’zLiDeP ва ХДП фракциялари ўртасидаги баҳс-мунозараларда айнан акциядорлар манфаати қизғин муҳокама этилаётганидан қувондим.

Маълумки, Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да «Акциядорлик жамиятлари тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки бу муҳим ҳужжат иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлган корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилгандир. Қонун лойиҳасида унинг нормаларини аниқлаштириш орқали корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш, жумладан, миноритар акциядорлар ҳуқуқини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, энг асосийси эса акция эгаларининг бошқарув ва назорат ролини кучайтириш масаласи асосий ўрин тутади. Гап акциядорлик жамиятлари, қимматли қоғозлар, жумладан, акцияларнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш хусусида борар экан, бу борада O’zLiDeP фракцияси аъзоларининг позицияси ҳақиқатга яқин эканини таъкидлашни истардим. Дарҳақиқат, акцияларнинг иккиламчи бозорга чиқарилиши уларнинг ҳақиқий бозор баҳосини аниқлаш имконини беради. Акциялар сотуви туфайли аҳоли маблағи ёки бошқа сармояларни соҳага кўпроқ жалб этиш имконияти кенгайса, албатта, бу акциядорлик жамиятларини янада ривожлантириш ва шу йўл билан янги иш ўринлари ташкил этилишига олиб келади. ХДП фракцияси аъзоларининг эса иккиламчи бозорни ривожлантириш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашаётганлари унчалар тўғри эмас. O’zLiDeP фракцияси бежиз бу масалани қонун асосида, керак бўлса, айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этиш мумкинлигига эътибор қаратмаяптилар. ХДП вакиллари ёндашуви халқимизнинг «Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди», деган ҳикматли мақолини ҳам ёдга солади. Кейинги тортишувга сабаб бўлган масала, яъни корпорациялар ва ҳиссадорлик жамиятларидаги давлат улуши босқичма-босқич қисқартирилиши бўйича ҳам O’zLiDeP фракцияси аъзолари таклиф этаётган ёндашувни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Норбой ЖУЛМАТОВ, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази
Самарқанд ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлаётган жуда муҳим қонун лойиҳасида O`zLiDeP танлаган позиция акциядорлик жамиятлари фаолияти таҳлиллари ва талабидан келиб чиққан, дейишга асос бор. 

Тажрибадан маълумки, акцияларнинг иккиламчи бозорини шакллантириш бугуннинг энг муҳим масалаларидан биридир. Акциядорлик жамияти ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун корхона қимматли қоғозларини чиқариши четдан маблағ жалб этиш ва шу орқали АЖ иқтисодини мустаҳкамлаш имконини беради. Шу маънода ХДП вакилларининг иккиламчи бозорни ривожлантириш масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашишлари бозор талабларини тан олмасликдан бошқа нарса эмас. Чунки акция пакетлари фақат биржа орқали савдога чиқарилишини унутмаслик керак. Шу йўл билан акцияларнинг бозор қиймати белгиланади. Умуман олганда, қонун лойиҳасининг асл мақсади миноритар акциядорларни қўллаб-қувватлашдан иборат эканига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мана, бир мисол. Биргина ўтган йили бизга 8 та миноритар акциядорлардан мурожаатлар келиб тушди. Улар мазмуни дивиденд ундириш бўлгани сабабли, улар фойдасига 5505 млн. 910 минг сўм маблағ ундириб берилди. 

Айни кунда Самарқанд вилоятида 65 та акциядорлик жамияти фаолият олиб бормоқда. Уларнинг устав жамғармаси 105 млрд. 482 млн. сўмдан ортиқ. Акциялар сони эса 23 млн. 412 минг 121 донани ташкил этмоқда. Аммо ана шундай жамиятларнинг айримлари вақтинча фаолият юритмаётгани соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш лозимлигини ҳам кўрсатаяпти. Вақтинча фаолият олиб бормаётган АЖларда юз фоиз давлат улуши борлиги ҳам уларга четдан сармоя киритиш тўғри йўл эканидан далолат беради. Бу эса яна бир бор O`zLiDeP депутатлари илгари сураётган таклифларнинг ҳаётийлигини кўрсатяпти.
М.Равшанова, А.Мусурмонов тайёрлади"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 15 январь 02 (530)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме