17:15 15.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

O`ZLIDEP ФРАКЦИЯСИ ЙИҒИЛИШИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2014 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ЛОЙИҲАСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

2013 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди. Йиғилишда 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ўз иқтисодий ривожланиш моделининг мақсадли равишда амалга оширилиши натижасида ЯИМнинг барқарор суръатларда ўсиши, мақроиқтисодий мувозанат, молия-банк тизимининг тўлов қобилияти ва инвестициявий фаолликнинг ортиши таъминланмоқда. Шунинг учун, O`zLiDeP ўз Сайловолди платформаси талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиётнинг юқори ва барқарор суръатларда ўсишини таъминлаш, барча соҳаларни изчил ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, аҳоли фаровонлигини тез суръатларда юксалтириш орқали унинг турмуш тарзини яхшилаш сиёсати давом эттирилишини муҳим, деб ҳисоблайди. 2014 йилда Ўзбекистонда ЯИМ 8,1%, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 8,3%, қишлоқ хўжалиги – 6%, капитал маблағлар (қўйилмалар) ҳажми 9,5% ўсиши кутилмоқда.

O`zLiDeP депутатлари 2014 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини партия электорати манфаатлари асосида ҳар томонлама ва танқидий таҳлил қилиб, иқтисодиётни модернизациялашни рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектларни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш, солиқ юкини камайтиришнинг муҳимлигини алоҳида қайд этди.  

Масалан, хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантириш учун қўшимча манба яратиш мақсадида даромад солиғи ставкасини 9 фоиздан 8 фоизгача пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бу эса корхоналар ихтиёрида катта маблағ қолишига имкон яратади. Ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш ва модернизациялаш учун қўшимча манбалар яратиш, техник-технологик қайта жиҳозлаш учун фойдаланиш муддати 10 йилдан ошмаган ускуналарни солиққа тортиладиган мулк объектлари рўйхатидан чиқариш таклиф этилмоқда. Ҳозир бу муддат 5 йилни ташкил этади.

O`zLiDeP фракцияси бу ва бошқа чора-тадбирлар иқтисодиётни модернизациялаш, техник-технологик янгилашни тезлаштириш ва кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш асосида маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг сифатини оширишнинг ишончли молиявий манбаси бўлишига ишонади. Ўз навбатида, партиянинг Сайловолди дастурида кўрсатилганидек, бу жараёнларни молиялаштириш тўлалигича давлат зиммасига юкланмаслиги керак ҳамда тадбиркорлик ва бизнеснинг маблағларини инновацион лойиҳалар ва ишлаб чиқаришни модернизациялашни молиялаштиришга йўналтириш учун қулай шароитлар зарур.

Фракция аъзолари йиғилиш давомида 2014 йилги Давлат бюджети олдида турган асосий вазифалар ҳақида гапира туриб, партия электорати манфаатларидан келиб чиқадиган қатор жиҳатларга урғу берди. Жумладан, иқтисодиётни изчил ислоҳ қилиш, тузилмавий ўзгартириш ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологияли янги корхоналар ва ишлаб чиқариш объектларининг тезкор ривожланишини, ишлаётган қувватларни модернизациялаш ва техник янгилаш жараёнини тезлаштиришни таъминлаш шулар жумласидандир.  

Фракция йиғилишида бюджетни режалаштириш самарадорлигини баҳолайдиган кўрсаткичлар ва мезонларни босқичма-босқич жорий этиш мавзусини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бу молиялашни очиш жараёнида бюджетни режалаштиришнинг самарадорлигини баҳолайдиган кўрсаткичлар тизимига, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланишга йўл қўймаслик, бюджет маблағларидан фойдаланишни уларнинг самарадорлиги ва эришилган натижаларга қараб баҳолаш орқали молиявий мониторингни амалга ошириш ҳисобига бюджет назоратининг ролини оширишга тегишлидир.

Йиғилишда қайд этилдики, келаси йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексини эксперимент тариқасида амалга киритиш, унга зарурий ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун 2 йил давомида синовдан ўтказиш кўзда тутилмоқда. O`zLiDeP фракцияси фикрича, ушбу қадам давлат маблағларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, бюджет сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, бюджет ажратмаларидан фойдаланиш самарадорлигини ва давлат хизматлари кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. 

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш O`zLiDeP олдида турган устувор вазифалардан биридир. Шунинг учун, йиғилишда алоҳида кўрсатиб ўтилганидек, фермерларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясига қаратилган ҳуқуқий механизмларнинг самарали ишлаши, фермер хўжаликларини ва улар учун зарурий инфратузилмаларни янада ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари фракция фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис, O`zLiDeP депутатлари 2014 йилда қишлоқ хўжалигини сув билан ишончли ва услуксиз таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш учун зарур бўлган ирригация иншоотларини қуришни давом эттиришга Давлат бюджетидан сезиларли маблағ ажратилиши кўзда тутилаётганини қайд этди.

Умуман, ўтган йиллардаги каби 2014 йилги солиқ сиёсати ҳам хўжалик юритувчи субъектлар ва иқтисодиётга солиқ юкини янада пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш ва солиқ бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган. O`zLiDeP фракцияси муҳокама этилган молиявий ҳужжат барқарор, жўшқин ва мувозанатли макроиқтисодий ривожланишни таъминлаш, мамлакатни янгилаш ва модернизациялаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини барқарор ўстириш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг энг муҳим устуворликларини амалга оширишни давом эттириш мақсадида ишлаб чиқилганини эътироф этади.

Йиғилишда якунида депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва муҳокама этилган масала юзасидан O`zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме