03:45 19.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O`ZLIDEP ФРАКЦИЯСИ ЙИҒИЛИШИДА МАМЛАКАТ БЮДЖЕТ КОДЕКСИНИНГ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2013 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. O`zLiDeP фракцияси йиғилишида бир неча қонун лойиҳалари кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.
O‘zLiDeP Сайловолди дастурининг асосий устуворликларидан бири мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш ва унда фаол иштирок этишдир. Мазкур йиғилиш кун тартибига мамлакат Бюджет кодекси лойиҳаси, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, шунингдек, ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилгани боис, O`zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги вакилларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
O`zLiDeP фракцияси фикрича, ҳар қандай давлатнинг самарали фаолият юритиши кўп жиҳатдан тўғри шакллантирилган бюджетга боғлиқ. Нафақат давлат мажбуриятлари ва ижтимоий кафолатлар бажарилиши, балки мамлакат ривожининг стратегик мақсадларига эришилиши бюджет маблағлари қандай тамойиллар асосида, қандай усулда шакллантирилиши ва ишлатилиши, бюджет сиёсати қандай устуворликларни амалга оширишига ҳам боғлиқ.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳозирги вақтда ўзида бюджет фаолиятининг тўрт босқичини (бюджетни тузиш, муҳокама этиш ва тасдиқлаш, ижро этиш ва унинг ижросини назорат қилиш, шунингдек, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш ва уни тасдиқлаш) ўз ичига олган бюджет жараёни қатор қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бу эса айрим меъёрларнинг фарқланишига ва уларни амалга оширишнинг мураккаблашувига олиб келади. O`zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги депутатлари сўзларига кўра, Бюджет кодекси лойиҳаси ягона қонунчилик ҳужжати ўлароқ, бюджет жараёнини регламентлаштириш ва амалда ҳали ҳам учраб турадиган бир-бирига зид ва эскирган меъёрларни бартараф этиш, шунингдек, бюджет жараёнининг амалда бўлган меъёрлари, қоидалари, иштирокчилари ваколатларини тизимлаштиришга қаратилган.
Таъкидландики, бир-бирини такрорлашни бартараф этиш ва бюджет жараёни самарали ташкил этиш мақсадида Кодексда бюджет жараёнининг барча иштирокчилари: Ўзбекистон Республикаси Президенти; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, жойлардаги давлат ҳокимиятларининг ҳуқуқ ва ваколатлари аниқ белгилаб берилган.
O`zLiDeP фракцияси асосий молиявий ҳужжатнинг самарали амалга оширилишини макроиқтисодий барқарорликни, барқарор иқтисодий ўсишни, иқтисодиётни модернизациялаш, чуқур тузилмавий ўзгаришлар ва ишлаб чиқаришни техник-технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишни таъминлашнинг асосий шарти деб билади ва у партия электоратининг туб манфаатларига жавоб беради, деб ҳисоблайди.
Бюджет тизимига “манзиллилик”, “бюджет маблағларининг мақсадли хусусияти”, “самарадорлик” ва “бюджет маблағларидан фойдаланишнинг самарадорлиги”, “масъулият”, “очиқлик” ва “шаффофлик” каби янги ҳуқуқий тамойиллар киритилиши, O`zLiDeP аъзоларининг фикрича, Давлат бюджетини ижро этиш самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Шу боис таъкидландики, бюджет қонунчилигини бузиш учун жавобгарлик чегараларининг белгиланиши катта аҳамиятга эга.
Депутатлар Бюджет кодекси лойиҳасига бюджетлар параметрлари, давлат бюджетининг ижроси ва давлат мақсадли жамғармалари ҳақидаги маълумотларни расмий сайтда эълон қилишга доир алоҳида норма киритилганига эътиборни қаратдилар. Фракция аъзолари фикрига кўра, бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини, кенг жамоатчиликнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлардан хабардорлигини, ахборотдан фойдаланишнинг ҳаммабоплигини, очиқлигини ва тўғрилигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.
Йиғилишда таъкидландики, O`zLiDeP фракцияси ушбу ҳужжатни атрофлича ўрганишда давлат маблағларини бошқариш ва бюджет сиёсатининг устуворликларини амалга ошириш, бюджет маблағларини фойдаланиш самарадорлигини ва давлат хизматлари кўрсатиш сифатини оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада яхшилаш заруратидан келиб чиқди. Фракция аъзолари таклиф этилаётган Бюджет кодекси лойиҳаси бу масалаларни ҳам ҳал этади, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Бюджет кодекси лойиҳасини муҳокама этиш чоғида молия ва ишлаб чиқариш захиралари бозорини ҳар томонлама ва янада либераллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳам O`zLiDeP фракцияси диққат марказида бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, шунингдек, ўз кучини йўқотган деб эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади қонунчилик ҳужжатларини, жумладан, “Жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Солиқ кодексларининг айрим моддаларининг Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига мувофиқлаштирилиши, шунингдек, “Бюждет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тўғрисида”ги қонунлари ўз кучини йўқотиши кўзда тутилгани қайд этилди.
Умуман, O`zLiDeP фракцияси бюджет жараёнининг барча иштирокчилари ишини енгиллаштиришга ва давлат маблағларининг унификацияланган, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган қонунчилик базасини шакллантиришга ёрдам берадиган Бюджет кодекси лойиҳасини қўллаб-қувватлашларини билдирди.
Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. Йиғилиш якунида O`zLiDeP фракцияси муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилди.
Обсудить новость на Форуме