22:00 19.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘ZLIDEP ДЕПУТАТЛАРИНИНГ САМАРАЛИ ФАОЛИЯТИГА БИР МИСОЛ
O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашидаги депутатлик гуруҳи иш режаси бўйича депутатлар томонидан жойларда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий кенгаши қарорларининг бажарилиши юзасидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи сессияга жами 6 та таклиф киритди. Уларнинг 3 таси Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияларида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Жумладан, партия депутатлик гуруҳининг жорий йилнинг 30 июль куни бўлиб ўтган йиғилиши Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунинг Тайлоқ ва Булунғур туманларидаги ижросига бағишланди. Унда Тайлоқ туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Х.Нарзиқулов ҳамда “Мирзапай” ирригация тизими бошқармаси Булунғур туман гидроучасткаси бошлиғи А.Худойқуловнинг ахборотлари эшитилди.
Маълумотларга кўра, Тайлоқ туманидаги 694 та фермер хўжалиги оқар сув билан ўз вақтида таъминлашга ҳаракат қилиняпти. Фермер хўжаликлари ҳудудидаги 18 километрдан ортиқ ариқ-зовур тозаланган. Шунингдек, туманда 12 тадан ортиқ суғориш ускунаси ишга туширилган ва ички зовурлардан 60 километри тозаланган. Суғорилмайдиган 520 гектар ерга сув чиқариш учун 12 та гидронасос ишга туширилган, 120 та аҳоли томорқаси тўлиқ сув билан таъминланган.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг сувдан оқилона фойдаланиш масаласига эътибори ҳам сезиларли даражада ошмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ташаббуси билан мазкур масала бўйича давра суҳбатлари ўтказилиб, махсус буклетлар тайёрланди ва аҳоли ўртасида тарқатилди ҳамда ҳудудий телеканаллар орқали роликлар, сувни тежаш бўйича тавсиялар бериб борилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати Б.Хўжаёров сўзларига кўра, қилинган ижобий ишлар билан бир қаторда Тайлоқ ва Булунғур туманларида бу соҳада айрим муаммолар ҳам мавжуд.
Жумладан, вилоятда мавжуд насос станциялари, шу жумладан, фермер хўжаликлари ҳисобидаги насосларнинг аксарият қисми техник эскирган бўлиб, вегитация даврида етарлича сув етказиб бермаслик ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Бундан ташқари, ариқ ва зовурлар четида аҳоли томонидан ҳимоя зонасида дарахт, экинлар экилиши, иморатлар қурилиши натижасида уларнинг сув ўтказиш ҳажми қисқариб кетмоқда, ариқ, зовур ва каналлар атрофига аҳоли томонидан маиший чиқиндилар ташланиб, сувнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, ушбу масалани O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилиши қарори билан мутасадди ташкилот вакиллари фикр-мулоҳазалари билан бирга Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши сессиясига киритиш таклифи билдирилди.
Йиғилишда сувдан фойдаланишда айрим эътиборсизликларга йўл қўйилаётгани, сув таъминотида муаммолар мавжудлиги, қишлоқ хўжалигида томчилаб суғориш, сув сарфини камайтирадиган агротехник тадбирлар ўтказиш, қурғоқчиликка чидамли навлар яратиш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслигини инобатга олган ҳолда халқ депутатлари туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, соҳа мутахассислари, туман ҳокимликларининг мутасадди вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиши кераклиги таъкидланди.
Хуллас, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунинг вилоятдаги ижроси тўғрисидаги масала Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 12 ноябрдаги сессияси йиғилиши кун тартибига киритилиб, кўриб чиқилишига эришилди.
Сессияда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати А.Шодмоновнинг мазкур қонуннинг вилоятдаги ижроси юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган ахбороти эшитилди.
А.Шодмоновнинг билдиришича, мамлакатимиз Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда кенг қамровли дастур асосида иш олиб борилмоқда. Вилоятнинг тоғолди, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларида шу кунга қадар 3256,0 га майдонда томчилаб суғориш тизими жорий этилган. Бу эса республикада томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган майдоннинг 55 фоизини ташкил қилади. Самарқанд туманидаги “Оҳалик олтин боғи”, Нарпай туманидаги “Нарпайобод”, Нуробод туманидаги “Шарипов Тоҳиржон боғлари” фермер хўжаликларида ушбу тизим қўлланилиб юқори ҳосилдорликка эришиб келинмоқда. Шунингдек, вилоятда 32 га пахта майдонида кўчма эгилувчан қувурлар орқали ҳамда 32 га майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш жорий этилди.
Сессияда А.Шодмоновнинг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг жойлардаги ижросини навбатдаги йиғилишларда кўриб чиқиш ва Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг вилоят бошқармаси, “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси билан биргаликда ариқ, зовур тармоқлари, каналларнинг ҳимоя ҳудудидан амалда қонунчилик доирасида фойдаланиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга оид тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, вилоят “Сувназорат” инспекцияси сувдан фойдаланиш бўйича қонун талаблари, мавжуд қоидаларнинг сув истеъмолчилари томонидан бажарилиши устидан назоратни кучайтириш чораларини кўриш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ҳамкорликдаги фаолиятини янада жадаллаштиришга оид тегишли қарор қабул қилинди. Мазкур қарорнинг ижроси Халқ депутатлари вилоят кенгашининг Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан назорат қилиб борилиши белгилаб олинди.
Нодир ТЎРАЕВ,O‘zLiDeP Самарқанд вилояти КенгашиДепутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори консультанти
Обсудить новость на Форуме