22:00 19.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
O‘ZLIDEP ҒОЯЛАРИ МОЛИЯЧИЛАРГА ҲАМ МАЪҚУЛ
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят молия ва назорат-тафтиш бошқармалари ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатини ўтказишдан мақсад Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳақида молия ва назорат-тафтиш бошқармаси ходимларига ахборот бериш, шунингдек, уларнинг таклифларини ўрганишдан иборат бўлди.
Тадбирда таъкидландики, юртимизда бугунги кунда бюджет тизими бир нечта қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, бу эса анча мураккабликларни келтириб чиқаради. Жаҳон тажрибасига назар ташланса, Европанинг етакчи ривожланган давлатларида бу муносабатлар Бюджет кодекси билан тартибга солинади ва бундай тажриба ўзини тўла оқлайди. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳам Бюджет кодексини қабул қилишга эҳтиёж туғилди.
O‘zLiDeP вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Носиржон Абдуллаев иштирокчиларни Бюджет кодекси лойиҳаси билан таништирар экан, унинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди. Жумладан, бюджет жараёни босқичларини ташкил этишда давлат ҳокимияти органлари мустақиллиги ва шу билан бирга жавобгарлиги ошади. Лойиҳада белгиланган яна бир муҳим хусусият шундаки, давлат ҳокимияти органлари солиқ-бюджет режаларини 2-3 йилга мўлжаллаб тузади. Бу эса партия электорати вакиллари бўлган бизнес субъектлари учун ҳам қулайлик туғдиради. Яъни улар ҳам яқин келажакка мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатига монанд равишда ўз фаолиятини олдиндан режалаштириш имкониятига эга бўлади.
Вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Нажмиддинов давра суҳбати фойдали ва қизиқарли бўлганини билдирди.
“Молия ходимлари, аввало, Бюджет кодекси лойиҳасини яхши билиши, керак бўлса унга ўз таклифларини бериши лозим. Чунки фаолиятимиз шу кодекс билан узвий боғлиқ. Биз Бюджет кодекси лойиҳаси билан танишиб, уни қўллаб-қувватлашга қарор қилдик”, - деди А.Нажмиддинов.
Вилоят назорат-тафтиш бошқармаси бошлиғи Неъматилла Усмонқулов эса бюджет маблағларидан фойдаланишда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш учун жойларда тарғибот–ташвиқот ишларига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
“Бу борада O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши билан ҳамкорликни йўлга қўйсак, натижа янада самарали бўлади, деган умиддамиз. Бугунги тадбирнинг амалий натижаси яна шу бўлдики, вилоят молия ва назорат-тафтиш бошқармасидан жами 10 киши партияга аъзо бўлиш истагини билдирди”, - деди Н.Усмонқулов.
Давра суҳбати якунида ушбу идораларда бошланғич партия ташкилотлари тузиш ва партияга янги аъзо бўлганларга аъзолик гувоҳномаларини тантанали равишда топширишга қарор қилинди.
Комилжон ФАЙЗИЕВ, O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Матбуот хизмати ходими
Обсудить новость на Форуме