15:00 17.02.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Нукусда вакиллик иш бошлади
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда Беруний туманида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари» мавзуида семинар ўтказди.
Амударё, Тўрткўл, Элликқала ва берунийлик 60 дан ортиқ тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда O`zLiDeP олдида турган энг муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, Жўқорғи Кенгес депутати Амина Қаландарова партия аъзолари сони 10 минг нафардан ошганини, шундан 3556 нафарини, яъни 35 фоиздан кўпроғини ишбилармон, тадбиркор ва фермер аёллар ташкил этаётганини таъкидлаб, улар фаолиятига халал бераётган муаммолар изчил таҳлил этилаётганини айтди.
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Доно Аҳмедова эса юртимизда ишбилармонликни равнақ топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, кичик бизнесни янада ривожлантиришга қаратилган катта эътибор натижасида тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар яратилаётганини мисоллар билан таҳлил қилиб берди.
Шунингдек, семинарда 2010 йилда “Аёллар қаноти” томонидан Қорақалпоғистонда 2352 та давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этилгани уларда 142000 га яқин партия ғояларига хайрихоҳ бўлган хотин-қизлар иштирок этгани таъкидланди. Бу тадбирларда изчил олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва фермерлик соҳасига оид кўникмаларини шакллантириш, соҳага оид ҳуқуқий меъёрлар, шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори В.Котельникова эса қорақалпоғистонлик тадбиркор ва фермер аёлларга марказ олиб бораётган ишлари тўғрисида ахборот бериб, марказнинг Нукус шаҳрида очилган вакиллигига ҳар доим мурожаат этишлари мумкинлигини билдирди.
Семинарда хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларга ўз бизнесини очишга кўмаклашиш партия олдида турган долзарб вазифалардан экани қайд этилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ташкил этилган кўргазма билан танишдилар.
Обсудить новость на Форуме