23:30 13.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Номингиз бору, ўзингиз қаердасиз?
O’zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши мутасаддилари диққатига!
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг IV мажлисида БПТлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, қоғозда бору, амалда йўқ бошланғич ташкилотларни тугатиш бўйича кескин мулоҳазалар билдирилган эди. Бу эса барчага ўрнак бўлиши мумкин бўлган қуйи ташкилотлар иш тажрибасини оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш масаласини кун тартибига қўяди. Ана шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги энг намунали ва уюшқоқ бошланғич ташкилотлардан бири фаолиятини ўрганишга қарор қилдик. O’zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши мутахассислари «Ўзавтойўл» ДАК қошидаги 26 нафар аъзога эга бошланғич партия ташкилотини тавсия этишди...
Айтиш жоиз, 2011 йилда «Ўзавтойўл» ДАК томонидан инвестиция дастури доирасида 233,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Бу эса режага нисбатан 108,5 фоиз дегани. Жами 131 километрлик йўллар реконструкция қилинган. Кичик бизнес вакилларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 38 та кичик корхона билан 644 миллион сўмлик транспорт хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар имзоланган. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 1088 та янги иш ўрни яратилган. Шундай кенг имкониятларга эга корхона қошида O’zLiDeP бошланғич ташкилоти мавжудлиги қувонарли ҳол, албатта.
Бироқ «Ўзавтойўл» ДАК қошидаги БПТ фалияти билан қизиққанимизда компания мутасаддиларининг бундай ташкилот борлигини билмасликлари маълум бўлди. Фақатгина бошқарма бошлиғи Воҳид Аъзамовнинг айрим маълумотлари вазиятга ойдинлик киритди, холос.
– Ҳақиқатан ҳам 2006 йилда O’zLiDeP бошланғич ташкилоти тузилиб, анчайин фаол иш олиб борган, – дейди суҳбатдошимиз. – БПТ раиси Алижон Бойларовнинг ташаббускорлиги, турли тадбирлар ўтказиб, ишчи-хизматчиларни аъзоликка жалб этишга интилгани боис корхонада партия номи, унинг ғоя ва мақсадлари тез-тез тилга олина бошлади. Кўпчилик партияга аъзо бўлиш истагини ҳам билдирди. Икки йилча олдин БПТ етакчиси бошқа вилоятга ишга ўтказилганидан сўнг O’zLiDeP фаолияти сусайиб қолди. Ҳозир БПТ бор-йўқлигини, унинг раиси ва аъзолари кимлигини ҳам билмайман.
Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида O’zLiDeP Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири Нигора Умрзоқовага мурожаат қилдик. Аввалига Н.Умрзоқова «Ўзавтойўл» ДАК қошидаги БПТ ҳамон мавжудлиги, янги раис Дилмурод Муҳаммаджонов бошчилигида 26 нафар партия аъзоси фаолият олиб бораётганини тасдиқлади. Аммо компанияда БПТнинг мавқеи кутилган даражада эмаслигидан хабар топгач, бунинг ажабланарли ери йўқлиги, корхонада кўпчилик бошқа ишга ўтгани ёки бўшаб кетгани натижасида айни пайтда 3 нафар аъзо қолганини эътироф этди.
Ниҳоят компанияга бориб, БПТ раиси Дилмурод Муҳаммаджонов билан учрашдик. Афсуски, етакчи жорий йилда бирон-бир йиғилиш ёки партиявий тадбирлар ўтказиш, янги аъзоларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўришга вақт тополмаётганини, бу йўналишда зарур билим ва кўрсатмаларга эҳтиёж сезаётгани, БПТ фаолияти ҳақида бирорта ҳам ҳужжат кўрсата олмаслигини маълум қилди.
– Ходимларимиз партиявий фаолиятга жуда қизиқадилар, – деди БПТ етакчиси. – Республика миқёсидаги ташкилотда ишлагач, мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиш, улардан четда турмаслик лозим, албатта. Биз ҳам сиёсий билимларимизни оширишни, партия аъзоси сифатида қандай иш юритиш кераклигини ўрганишни хоҳлаймиз. Фақат йиғилишларга таклиф этиш билан чекланмай, юқори партия ташкилотлари ҳеч бўлмаса, ҳар чоракда бир марта партия ишини яхши тушунадиган мутахассисни юборсалар, БПТ фаолияти билан қизиқсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Албатта, биз Мирзо Улуғбек туман партия ташкилоти мутасаддиларининг ўз зиммаларидаги вазифаларни имкон қадар бажараётганларига ишончимиз комил. Аммо туманда 126 та БПТ, уларда эса 3600 та партия аъзоси мавжуд эканини эътиборга олсак, «26 нафар аъзоси бор», дея кўрсатилган БПТда амалда 3 нафар аъзо борлиги туманда партиявий фаолият талаб даражасида эмаслигини кўрсатади, албатта. Қолаверса, БПТларнинг қандай ишлаши учун йўл-йўриқ кўрсатиш, амалий ёрдам бериш туман кенгашлари зиммасидаги вазифалардан бири эмасми?
Бошланғич партия ташкилоти, шубҳасиз, ҳар қандай сиёсий куч илдизидир. Бас, шундай экан, юқоридагидек ҳолатдан Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги мутасаддилар билан бирга O’zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари ҳам жиддий хулосалар чиқаришлари лозим.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,
«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме