17:31 23.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Назорат-таҳлилда назорат кучайтирилиши талаб этилди
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги ижроси юзасидан олиб борилган назорат-таҳлил натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда депутатлар соҳада бозор муносабатлари ва рақобат муҳитини янада ривожлантириш жараёнлари изчил давом этаётгани, йўловчи ташувчи корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳамда йўловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратишда салмоқли натижалар қўлга киритилаётганини эътироф этдилар.
Хусусан, қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар очиқ тендерлар орқали танлаб олингани натижасида Урганч ва Термиз шаҳарларида автобус, йўналишли ва йўналишсиз таксилар, Фарғона шаҳрида эса фақат автобус йўналишлари ва йўналишсиз таксилар фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди.
Ана шу ҳудудларда қонун талаблари асосида йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уларга кўрсатиладиган хизмат ҳажми ва турларини кенгайтириш юзасидан комплекс тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, ягона чипта тизими жорий этилиб, йўл чипталари, варақалари, шунингдек, айрим тоифадаги фуқароларга имтиёзлар берувчи ҳужжатлар тайёрланган.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси, қўмита раиси Илҳом Насриевнинг таъкидлашича, айни пайтда соҳа фаолияти амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида»ги ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида шаҳар йўловчи ташиш транспортини ривожлантириш Концепцияси тўғрисида»ги қарорлари транспорт хизмати маданияти ва сифатини ошириш ҳамда соҳадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ эса аҳоли эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш, ягона транспорт сиёсатини жорий этиш мақсадида қабул қилинган махсус дастур асосида 30 дан ортиқ шаҳарлар ҳокимликлари ҳузурида йўловчи транспортини бошқариш бўйича махсус органлар ташкил этилган. Қўмита томонидан олиб борилган назорат-таҳлил жараёнида ана шундай ташкилотларнинг фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, йўловчилар учун яратилган шарт-шароитлар қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилди.
Йиғилишда, шунингдек, қонун ижросини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл кўйилаётганига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Урганч, Термиз ва Фарғона шаҳарларида қонуннинг 5-моддасига зид равишда айрим йўналишсиз таксилар оғзаки, яъни келишилган ҳақ эвазига хизмат кўрсатаётгани, автомобиллар таксометрлар (ҳисоблагич) билан жиҳозланмагани, шаҳар йўловчи ташиш транспорти бошқармалари ва ташувчилар ўртасида шартномалар тузилмагани, аксарият ҳолларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тартиби ва қоидаларини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани маълум бўлди.
Қонуннинг «Шаҳар йўловчи транспортининг ҳаракат жадвали тўғрисида»ги 20-моддаси талабларига ҳам кўпинча риоя қилинмаяпти. Бекатларда, охирги ва тўхтаб ўтиш манзилларида йўналишлар номи, тартиб рақами ва ҳаракатнинг оралиқ вақти тўғрисидаги маълумот лавҳалари жойлаштирилмаган.
Йиғилиш иштирокчилари ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди идоралар шаҳар йўловчилар транспорти фаолиятини тартибга солиш ва бошқариш соҳасидаги ваколатлари доирасида қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратишлари лозимлигини таъкидладилар.
Йиғилишда Урганч, Термиз ва Фарғона шаҳарлари ҳокимлариничг фикр-мулоҳазалари ҳам эшитилиб, кўриб чиқилган масала юзасидан қўмита қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме