16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Навқирон авлод — жамият таянчи

  «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури ижросини таъминлашга O’zLiDeP фаоллари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ёш тадбиркор ва ишбилармонларни қизиқтираётган «Ёшлар салоҳияти – юрт тараққиётига» мавзуидаги  туркум тадбирлар ҳам ана шу муҳим Дастур ижросини таъминлашга қаратилмоқда.

Жумладан, O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши «Ёшлар қаноти» ҳам ўз олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ғоявий тарбия масаласига жиддий ёндашаётир. Белгиланган режа ва дастурий мақсадларни амалиётга татбиқ этиш, фаол демократик янгиланишлар жараёнида ёш авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар орасида либерал-демократик ғоялар ва қадриятларни кенг тарғиб қилиш, йигит-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ёш либерал-демократлар барча имкониятлардан фойдаланмоқдалар. Энг муҳими, бу жараёнда бизнес юритиш истагида бўлган ишбилармон ёшлар аниқланиб, улар ҳақидаги маълумотлар бўлимнинг кадрлар захираси рўйхатига киритилмоқда.

Йил бошидан бери ушбу масала юзасидан Самарқанд ва Каттақўрғон педагогика коллежлари, Булунғур туманидаги саноат ва сервис, Каттақўрғон туманидаги Кадан қишлоқ хўжалиги, Иштихон туманидаги Халқобод, Жомбой  туманидаги транспорт, Нарпай ва Пахтачи туманларидаги автомобиль ва сервис, Пайариқ туманидаги Катта-турк, Јўшработ туманидаги Оқтепа ва Тайлоқ туманидаги маиший хизмат кўрсатиш, Пастдарғом туманидаги Чархин ижтимоий-иқтисодиёт, Нуробод туманидаги Саноат, Самарқанд туманидаги агросаноат касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, «Камолот» ЁИҲнинг Оқдарё туман бўлимида ўтказилган туркум тадбирларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий савиясини ошириш имконияти яратиб берилаяпти. Бунда навқирон авлод вакилларини миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга устувор мақсад сифатида қаралаяпти. Айниқса, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида Президентимизнинг «Бизнинг йўлимиз — демократик ислоҳатларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир» номли маърузаси,  шунингдек, Самарқанд иқтисодиёт коллежида

Юртбошимизнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли асарига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатлари қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Тадбирларда партия вилоят кенгаши «Ёшлар билан ишлаш бўлими», «Сиёсий таълим маркази» ҳамда Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд минтақавий таҳлил маркази ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишди.

Олий таълим даргоҳлари ва ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилиб, ёшларда тадбиркорлик ва фермерлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қиладиган «Диплом билан — бизнесга», «Ишбилармон талаба» лойиҳалари ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.

Бунинг натижасида ёш ишбилармон ва тадбиркорлар сафи тобора кенгайиб бораётир. Айни пайтда партия аъзоси бўлган йигит-қизларнинг 20 фоизи бевосита кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишаётгани ҳам бежиз эмас.

O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мутасаддиларининг фикрича, тарғибот-ташвиқот тадбирларини чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлган иқтидорли йигит-қизлар орасида олиб бориш мақсадга мувофиқдир.

— Сиёсий жиҳатдан етарли тасаввурга эга бўлмаган кишилар орасида тарғибот олиб бориш бамисоли пойдеворсиз уй қуришга ўхшайди, – дея ўз фикрини давом эттиради бўлим мудири  Азизбек Собиров. – Вилоятимизда ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол қатлам – талабаларнинг кўплиги ишга янада жиддийроқ қараш, керак бўлса, ҳар бир партия аъзосининг дунёқараши ва тушунчасига мос равишда ёндашишни талаб қилади. Зеро, мавжуд 19018 нафар партия аъзосининг деярли ярми, тўғрироғи, 9468 нафари навқирон авлод вакилларидир. Уларнинг 2213 нафари олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Электорат доирасини имкон қадар тўлароқ қамраб олиш, турли тадбир ва лойиҳаларда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бугунги кунда вояга етмаган ёшларга кўпроқ эътибор қаратишимиз, улар маънавиятини соғломлаштириш учун ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз керак. Ўшларнинг ахлоқий тарбиясини кучайтириш, миллий менталитетимизга зид бўлган зарарли таъсирларга қарши курашиш мақсадида таълим-тарбия муассасалари, оила институти ва маҳаллалар ўртасида ўзаро уйғунликни таъминлаш, бу борада турли тарғибот воситалари, жумладан, матбуот имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ўшларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳақида гап бораркан, улар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар миқёсини кенгайтириш, навқирон авлод вакилларида бизнесни ташкил этиш ва юритишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, вилоят банклари билан мустаҳкам амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш талаб этилади.

Самарқанд вилоят «Ёшлар қаноти» фаолияти билан танишув давомида хайрли бир янгиликдан хабардор бўлдик. Маълум бўлишича, мавжуд 174 та лицей ва коллежда жами 191671 ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, вилоят ўрта махсус ва касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари ўзаро ҳамкорликда битирувчиларни иш билан юз фоиз таъминлаш, уларнинг барчасига махсус сертификат беришни кўзда тутишмоқда. Бундай имконият ёшларнинг ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишларида катта аҳамият касб этиши шак-шубҳасиздир.

Ҳар тўкисда бир айб деганларидек, вилоят «Ёшлар қаноти» фаолиятида айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Энг аввало, ҳисоботлар билан танишган одам ҳам «Ёшлар қаноти» асосан вилоят маъмурий маркази – Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган экан-да, деган хулосага келмай иложи йўқ. Чунки марказдан узоқлашган сари тадбирлар кўлами, миқёси пасайиб боради. Айниқса, Ургут туманида партиянинг ёшларга оид сиёсатига тўла масъулият билан ёндашилмаётир. Миллий байрамлар, турли оммавий тадбирларни ўтказишда партиявий-сиёсий ташаббускорлик сезилмайди. Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида айрим туманларда битта-иккита тадбир ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган. Буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ўйлаймизки, O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши «Ёшлар қаноти» мутасаддилари мавжуд камчиликларнинг сабабларини атрофлича ўрганиб, уларни бартараф этиш, аҳволни яхшилаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўришади.

Шуҳрат РАҲИМОВ,
«XXI ASR»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме