17:00 30.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

НАВБАТДАГИ ФРАКЦИЯ ЙИҒИЛИШИ

2013 йил 22 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирда бир қатор қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ва ҳар томонлама муҳокама қилинди. 

Кун тартибидаги асосий масалалардан бири Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари, жумладан, O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қонунчилик ташаббусини муҳокама этиш бўлди. Ушбу мавзуга бундай эътибор O`zLiDePнинг давлат ва жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш мақсадларига эришишнинг муҳим ва зарурий шарти ҳисобланган рақобатга асосланган кўп партияли тизимнинг қонунчилик негизларини янада ривожлантиришга интилишига ёрқин мисолдир. 

Йиғилишда таъкидланганидек, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конуституциявий қонуннинг амалга оширилиши плюрализмнинг, сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари ўртасидаги рақобатнинг ривожланишига имкон яратди. Фракция аъзолари давлатимиз раҳбари Концепциясига мувофиқ мамлакатимиз Конституциясининг айрим моддаларига, Қонунчилик палатаси Регламенти ва бошқа ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни алоҳида қайд этди. 

Йиғилиш иштирокчилари O`zLiDeP фаолияти мисолидаги аниқ мисолларга таянган ҳолда эътироф этдики, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ўз электорати ўртасида сиёсий обрў қозониб, ўзига хосликларга эга бўлиб, сиёсий тажриба тўплади. Бунинг натижасида партиялар қонунчиликда фракциялар ва депутатлик гуруҳларига берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда вакиллик ҳокимиятининг давлат ва сиёсий тизимлардаги, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишдаги ўрни ва аҳамиятини янада кучайтиришнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. 

Йиғилишда бу жараёнларда демократик жамиятнинг муҳим жиҳати бўлган партиялараро рақобатнинг ҳам Қонунчилик палатаси, ҳам Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари миқёсида сезиларли даражада ошиши кузатилаётгани катта роль ўйнаётгани таъкидланди. Фракция фикрича, бу жиҳат депутатлик гуруҳларининг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолияти мазмуни ва сифатига таъсири, уларнинг ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечими юзасидан Олий Мажлис билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли кучаяётганига ҳам тааллуқлидир. 

Шу билан бирга, депутатлар корпуси, Халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини танқидий таҳлил этиш натижалари уларнинг ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, уларни ошкора ва конструктив руҳда муҳокама қилишга халақит берувчи хато ва камчиликлар ечими бўйича фаолиятини янада такомиллаштириш заруриятини кўрсатмоқда. Депутатлар фракция йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳаси айнан жойларда партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунчиликнинг янада ривожлантиришга қаратилганини билдирдилар.

Аввало, гап партия гуруҳларини ташкил этиш шарти ва тартиблари қонунчилик жиҳатдан янада аниқроқ таърифлангани ҳақида кетмоқда. Жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида партия гуруҳлари ташкил этиш учун зарур бўлган депутатлар сонининг энг кам миқдорини белгилаб бериш муҳим экани қайд этилди. Маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини тегишли вакиллик органларидаги соҳага оид комиссиялар раиси ва аъзоси лавозимларига номзодлар киритиш, Халқ депутатлари кенгашлари сессияси кун тартибига тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари раҳбарининг унинг фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини тинглаш масалаларини киритиш бўйича қўшимча ваколатлар бериш йўли билан кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Ҳокимият вакиллик органига партия гуруҳлари томонидан киритилган таклифларнинг кўриб чиқилиши мажбурийлиги ҳам қонунчилик асосида мустаҳкамлаб қўйилади. Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи томонидан қўллаб-қувватланган тақдирдагина қабул қилиниши зарур.

Умуман, O`zLiDeP депутатлари қонунчиликнинг такомиллаштирилиши сиёсий партияларнинг, жойлардаги ҳокимият вакиллик органларининг роли ва таъсири янада ўсишида муҳим туртки бўлади, деган якдил фикрга келди. Бу эса давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш ва либераллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқаришни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашда партия устуворликларини амалга оширишда навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Фракция йиғилишида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоялашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида ўрин берилиши кераклиги эътироф этилди. Бугунги кунда бу йўналишда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолият қиёфасини, мазмун-моҳиятини, тамойилларини ўзгартирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзини ўзи бошқариш идоралари ва жамоятчилик билан ҳамкорлигининг кучайиши аҳолининг ҳокимият институтларининг барча тизимларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш учун зарур шароитлар яратди.

O`zLiDeP фракцияси фикрича, муҳокама этилаётган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган. Унинг қабул қилиниши давлат тузилмаларининг турли жамоатчилик институтлари билан ҳамкорлиги механизмини унинг барча босқичларида такомиллаштиришга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг тизимлилиги ва тартиблилигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида O`zLiDeP фракцияси томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме