23:15 09.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
НАВБАТДАГИ ФРАКЦИЯ ЙИҒИЛИШИ
2013 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, унда депутатлар, соҳа экспертлари ва мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этди. Мажлисда O`zLiDeP фракциясининг қатор қонун лойиҳалари бўйича позицияси муҳокама этилиб, ишлаб чиқилди.
Ўзбекистонда, O`zLiDeP Сайловолди дастурида аниқ белгиланганидек, ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш соҳасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Шу боис, партия, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишларни олиб бормоқда. Бунда ушбу соҳадаги энг муҳим устуворлик – бу суд низоларини ҳал этишнинг адолатлилиги, инсонпарварлиги ва таъсирчанлигини таъминловчи қонунчилик нормалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришдир.
O`zLiDeP фракцияси ушбу йўналишдаги муҳим омиллардан бири бу – судьяларни самарали ижтимоий ҳимояланишини таъминлаш ва тизимни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш борасидаги позицияни ёқлайди. Ҳуқуқий базани мустаҳкамлашда мустақил ва малакали судьялар таркибини шакллантириш бўйича вазифаларни ҳал этишни таъминлаш O`zLiDePнинг энг муҳим вазифалари қаторига киради. Партия фикрича, фуқаролар ҳуқуқлари, мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари амалдаги ҳимоясини, хўжалик ва бошқа низоларни ҳал этиш самарали механизми амалга оширилишини таъминловчи холисона ва адолатли суд мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Айнан шу нуқтаи назардан ҳам фракция аъзолари томонидан ҳар томонлама ва танқидий жиҳатдан таҳлил этилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, O`zLiDeP фракцияси томонидан “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди. Унинг қабул қилиниши суд ҳокимияти роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади. Жумладан, бу судьялар лавозимига кўрсатилаётган номзодлар, судья кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг ҳуқуқий билим даражасини ошириш талабларини кучайтиришга тегишлидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида»ги Низом янги таҳрирда тасдиқланган, у билан судья лавозимига илк бор тайинланаётган номзодлар захирасини шакллантириш ва танлашнинг янги тартиби кўзда тутилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қарори билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомнинг 52 бандига мувофиқ, судьяларга номзодлар захирасини шакллантириш тегишли судьялар малакавий ҳайъатлари томонидан амалга оширилган.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, бу билан янги талабларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомни қайта кўриб чиқиш ва “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида” (янги таҳрири)”ни ишлаб чиқиш долзарблиги қайд этилмоқда. Умуман олганда, “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомнинг янги таҳрирда тасдиқланиши судьялар малакавий ҳайъатлари фаолиятини такомиллаштириш ва суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини янада таъминлаш учун хизмат қилишига партия вакилларининг ишончи комил, бу эса партия электорати манфаатларига тўлиқ мос келади.
Кун тартибидаги иккинчи масалани муҳокама этиш давомида ҳам партиянинг Сайловолди дастуридаги тегишли меъёрларини амалга ошириш устуворликларига урғу берилиб, у суд ҳокимиятини, унинг мустақиллигини янада мустаҳкамлашни, суд мавқеини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунийликни таъминлаш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштиришдаги роли ва аҳамиятини юксалтиришни қонунчилик асосида таъминлаш масаларига бағишланди. Фракция мажлиси иштирокчилари қайд этганидек, “Суд тизими фаолиятини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида таъкидландики, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида мустақил суд ишини юритиш ва суд органлари ходимлари ижтимоий мавқеини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш бўйича комплекс ва тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда судлар фаолиятини ташкил этиш, судья кадрларини танлаш, тайёрлаш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фракция аъзолари фикрича, кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ушбу йўналишдаги мантиқий қадамдир. Жумладан, лойиҳада Конституциявий суд, умумий юрисдикциядаги судлар ва хўжалик судлари судьяларининг улар ўз хизмат вазифаларини бажариши натижасида олинган жисмоний шахсларнинг даромадлари бўйича солиқлардан озод қилиниши, судьяларга номзодларнинг мажбурий ўқиши ва малака оширишини жорий этиш, судьяликка номзоднинг у мажбурий ўқиши даврида асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик маоши кафолатланган равишда сақланиши кўзда тутилмоқда.
Амалдаги қонунларга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар судьялар лавозимига номзодларни танлаш, тайёрлаш тизимини яхшилаш ва такомиллаштириш, судьялар нуфузли ишига амалий тажрибага эга юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳисобига судьялар корпусини сифат жиҳатдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатади. Бу шу билан аҳамиятлики, таклиф этилаётган меъёрлар судларга юқори малакали юристлар оқими янада ошишига қаратилган, бу эса уларнинг фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Мажлис давомида жойларда судлар фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги ҳақида фракция аъзоларининг сайловчилар билан учрашувлари давомида кўп маротаба таъкидланганлиги айтиб ўтилди.
Депутатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат органининг ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4483 Фармони доирасида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ташкил этилди. Мазкур Давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди, унга кўра айрим тузилмавий бўлинмаларнинг номланиши ўзгарди.
Шу боис, тугатилган қўмиталар вазифа ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасига ўтганлигини эътиборга олиб, ташкил этилган Қўмита номи билан боғлиқ ўзгаришлар айрим қонунчилик ҳужжатларига киритилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур Давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари Қўмитага юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритилаётган даъволар бўйича давлат божларини тўлашдан озод қилинган. Шу боис, Солиқ кодексига Қўмита ва унинг ҳудудий органлари даъволар бўйича тегишли давлат божларини тўлашдан озод этилиши билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш таклиф этилмоқда.
Умуман олганда, мажлисда қайд этилганидек, O`zLiDeP фракцияси Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган ҳолда келгусида ҳам ушбу афзалликдан ўз дастурий мақсадларини қонун ижодкорлиги фаолияти воситасида амалга ошириш йўлида янада самарали фойдаланишга, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар боришига фаол таъсир кўрсатишга интилади. O`zLiDeP электорати бошқаларга нисбатан ҳуқуқий давлатни модернизациялаш ва шакллантиришга доир ислоҳотларнинг узоқ муддатли ва изчил дастурларини амалга оширишга манфаатдор эканлигини ҳисобга олиб, фракция бундан кейин ҳам қонун ва қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган давлат ҳокимиятининг энг муҳим тармоғи бўлган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришни қонунчилик асосида таъминлаш масалаларига янада катта эътибор қаратади.
Баҳс-мунозаралар доирасида O`zLiDePнинг қуйи палатадаги фракциясининг кўриб чиқилган масалалар бўйича позицияси белгиланди. Мажлис якунида муҳокама этилган масалалар бўйича O`zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме