00:15 12.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
НАВБАТ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИГА
Касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва ўз бизнесини очишда кўмаклашишга йўналтирилган “Диплом билан бизнесга-2013” лойиҳасининг Наманган вилоятидаги туман ва шаҳар босқичлари якунига етди.
-Бу лойиҳа ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, битирувчи ёшларнинг интилиши ва изланишини қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим манба бўлмоқда, - деди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мусохон Юсуфжонов. - Ўтган 2012 йилда лойиҳанинг туман, шаҳар босқичларида 400 га яқин битирувчи қатнашган бўлса, бу йил иштирокчилар сони 500 нафарга етди.
Жорий йилда лойиҳанинг вилоятдаги 12 та туман ва шаҳар миқёсидаги босқичлари юқори савияда ўтказилди. Ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли ҳимоя қилган 70 битирувчи вилоят босқичида қатнашиш учун йўлланма олди.
– Мен Чортоқдаги Ойқирон маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчисиман, – дейди лойиҳа иштирокчиси Авазбек Аҳмедов. – O‘zLiDePнинг ёшларни тадбиркорликка йўналтиришга қаратилган лойиҳалари бизни ҳар доим қизиқтириб келган. Кўп тенгдошларим қатори мен ҳам “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида иштирок этишни орзу қилардим. Бугун ана шу орзуим рўёбга чиқиб, танловнинг туман босқичидан муваффақиятли ўтдим. Мен гарчи келажак фаолиятимни маиший хизмат соҳасига боғлаётган бўлсам-да, имкони бўлиши билан бизнеснинг бошқа йўналишларида ҳам омадимни синаб кўриш ниятидаман.
Лойиҳада иштирок этган йигит-қизлар O‘zLiDeP Сайловолди дастурида партия ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратишга интилиши белгилаб қўйилгани ўзларининг либерал-демократик ғояларга қизиқишини тобора ошираётганини алоҳида таъкидлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган йили “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида иштирок этган 29 битирувчи банклардан 109 млн. 500 минг сўм имтиёзли кредит олиб, бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
O‘zLiDeP Наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме