00:30 13.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

НАМАНГАНЛИК ЁШЛАР ШИЖОАТИ

O‘zLiDeP Наманган вилояти Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан партия Дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, уларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида партия ҳаракат дастури асосида жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида муайян ишлар амалга оширилди.  

Бунда “Обод турмуш йили” Давлат дастуридан келиб чиқадиган партиявий вазифаларни бажариш, Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, ёшларда тадбиркорлик кўникма ва малакасини шакллантириш, уларни кичик ва хусусий бизнес-тадбиркорликка жалб этиш, иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоялаш, маънавий-маърифий қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш, баркамол авлодни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларнинг фаоллигини оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Партия ҳаракат дастури ва “Обод турмуш йили”  Давлат дастури доирасида ўтган давр мобайнида 218 та турли тадбир ўтказилиб, унда 11 минг нафардан ортиқ йигит-қиз иштирок этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тадбирлар ва иштирокчилар сони, тадбирлар самарадорлигида сезиларли ўсишга эришилди.
“Ишбилармон талаба”, “Диплом билан бизнесга”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам” каби лойиҳалар тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларга бизнес режалар тузишда, банк кредитлари олишда ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда, билим ва кўникмаларини шакллантиришда ўзининг ижобий самарасини берди.

Тўққиз йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон талаба” стипендияси учун кўрик танлов иштирокчилари сони сезиларли даражада кўпайди. Жорий йилда лойиҳанинг вилоят босқичида 36 нафар талаба қатнашди. Бу танлов наманганлик ўнлаб иқтидорли ёшларни кашф этди. Улар келгусида юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга муносиб ҳиссаларини қўшади. 

Шунингдек, “Диплом билан бизнесга” лойиҳасига тайёргарлик кўриш ва ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига кенгроқ жалб этишга кўмаклашиш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилди. Унинг вилоят босқичида иштирок этган 75 нафар йигит-қиз тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳозир улардан 17 нафари ўз бизнес лойиҳалари бўйича 62,5 миллион сўм кредит олиб, бизнесини бошлаб юборган.

Фарғона давлат университетида “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасидаги ўтказилган “Парламентаризм ёшлар нигоҳида” мавзуидаги анжуманда  Наманган вилоятидан 6 нафар йигит-қиз фаол иштирок этди. 

- Ушбу анжуманда қатнашганимдан жуда мамнунман, - дейди Наманган давлат университети 3-босқич талабаси Муҳриддин Содиржонов. – Биз ўз гуруҳимизда ёшларга оид қонун ва қонуности ҳужжатларини тарғиб қилиш масаласини муҳокама этдик. Мен ҳам айрим таклифларимни ўртага ташладим.  Партия “Ёшлар қаноти” ҳузурида тарғибот гуруҳини тузиш, унга энг иқтидорли, интилувчан ёшларни таклиф этиш, уларнинг тарғибот бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш, партия нашри бўлган “ХХI asr” газетасида “Ёшлар қаноти” фаолиятини изчил ёритиб борувчи саҳифалаларни мунтазам бериб бориш каби таклифларим барчага манзур бўлди.

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими ўз ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда бундан кейин ҳам изчил ва фаол  иш олиб боради. 

Мусохон ЮСУПЖОНОВ,O‘zLiDeP Наманган вилояти КенгашиЁшлар билан ишлаш бўлими мудири

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме