23:30 13.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Мутасаддилар ҳисоботини қониқарли баҳолаш мумкин. Аммо...

 Айни пайтда халқ депутатлари Қўнғирот, Қонликўл ва Нукус туман кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳларининг асосий эътибори амалдаги қонунлар ва давлат дастурлари ижросига қаратилмоқда.

– Маълумки, мулкдорлар қатлами давлат ва хўжалик бошқаруви тизимини демократлаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишидан ҳар қандай соҳа эгаларидан кўра кўпроқ манфаатдордирлар. Жўқорғи Кенгесдаги O`zLiDeP  депутатлик гуруҳи раҳбари Ботир Мирзаевнинг таъкидлашича, бундай ислоҳотлар хусусий сектор вакилларининг ишчанлик қобилиятини тўла рўёбга чиқариш, мулкини сақлаш ва янада кўпайтиришнинг муҳим кафолати бўлиб ҳам хизмат қилади. Шунинг учун ҳам O`zLiDeP  давлат ҳокимиятининг ижроия органлари фаолияти юзасидан депутатлик назоратини янада кучайтириш, жойларда ислоҳотларнинг амалга оширилиши, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг ҳал этилиши, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини янада ўстириши учун ижроия ҳокимияти органлари масъулиятини оширишда жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Масалан, халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида 2012 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тумандаги ижроси юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Унда асосий эътибор касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига қаратилди.

Қўнғирот туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Ниетбай Нуржановнинг ахборотида жорий йилнинг ўтган даврида режадаги 1739 та ўрнига 1764 та янги иш ўрни ташкил этилгани, унинг 691 таси мавжуд корхоналар қувватини ошириш, 153 таси фермер хўжаликларини ривожлантириш, 94 таси якка тартибдаги тадбиркорлик, 362 таси эса касаначилик ҳисобидан яратилгани таъкидланди.

2011-2012 ўқув йилида тумандаги 5 та касб-ҳунар коллежини 1639 нафар ёшлар битирган бўлса-да, шу кунгача коллеж, талаба ва корхона ўртасида атиги 401 та уч томонлама шартнома тузилгани бу борадаги ишларни янада жонлантириш лозимлигини кўрсатаяпти.

– Ҳисоботларда қайд этилган рақамларнинг қанчалик асосли экани бизни кўпроқ қизиқтирмоқда, — дейди туман Кенгаши депутати Жонсобит Даулетов. – Уларнинг барчаси тўғри бўлса, демак, туманимизда ёшларни иш билан таъминлаш учун етарли имконият бор. Шунга қарамай, ушбу жараённи яна бир бор назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ва унинг натижалари асосида аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш лозим.

Муҳокамалар чоғида мавсумий иш ўринлари ҳам ҳисоботларда доимий иш ўрни сифатида қайд этилгани маълум бўлдики, бундан  мутасадди идоралар вакиллари жиддий хулосалар чиқариши лозимлигини депутатлар алоҳида таъкидладилар.

Шу ўринда депутатлар “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури асосида туман ёшларининг тадбиркорлик фаолиятини ва битирувчиларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун жами 96,5 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилганини таъкидладилар. Аммо йил охиригача кредит олишга лойиқ, деб топилган лойиҳалар камлиги депутатлар эътиборидан четда қолмади.

Бунда O`zLiDePнинг “Диплом билан — бизнесга” лойиҳасида тумандаги юзлаб ёшлар фаол иштирок этиб, тадбиркорликка катта иштиёқ билан қараётганларини таъкидлаш жоиз.

Қорақалпоғистоннинг яна бир шимолий тумани – Қонликўлдаги депутатлар эса ушбу ҳудудда 2011 йилда фермер хўжаликларининг давлатга пахта ва ғалла сотиш бўйича шартнома мажбуриятларини бажариш ҳолати, уларга ер майдонларини ижарага бериш бўйича белгиланган тартибга риоя этилиши, бу борада қонун бузилишларига йўл қўйилмаслигини таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимият томонидан олиб борилган ишларни назорат-таҳлил тартибида ўргандилар.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Алтинай Бобожонованинг айтишича, ўрганишлар натижасида фермер хўжаликларининг экин майдонларини суғурталаш борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган. Гап шундаки, давлат буюртмаси асосида маҳсулот етиштирувчи фермер хўжаликлари учун имтиёзли кредитлар бериш жараёнида суғурта ташкилотлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани туфайли кредитларни белгиланган муддатда қайтаришда баъзи муаммолар вужудга келмоқда. Амалдаги тартибга кўра, тижорат банклари ажратилаётган кредитнинг 0,75 фоизини бадал сифатида суғурта идорасига ўтказиб бериши керак. Лекин айрим ҳолларда банклар томонидан ана шу маблағ ўз вақтида ўтказиб берилмаётгани оқибатида баъзи хўжаликлар кредитларни суғурта ташкилотлари орқали қоплаш имконига эга бўлмаяптилар. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва ҳосил йиғиштиришда турли сабаблар билан бой берилган фойдани суғурталаш борасида ҳам англашилмовчиликларга йўл қўйилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, депутатлик гуруҳи халқ депутатлари туман Кенгашига хўжаликларга кўрсатилаётган хизматлар учун қишлоқ хўжалиги йили якуни бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартибини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш таклифини киритди.

Халқ депутатлари Нукус туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи эса туманда маиший хизмат ва сервисни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди. Депутатлик гуруҳи аъзоларининг фикрича, олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти якунлари туман аҳолисига савдо, маиший, транспорт ва бошқа хизматлар турини такомиллаштиришда катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатди. O`zLiDeP туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бибизода Низомаддинованинг айтишича, маҳаллий тадбиркорлар кучи билан бундай хизматлар кўрсатишнинг сифатини ошириш, бу соҳада банд бўлганларнинг меҳнат фаолиятини “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тартибга солиш хизматлар кўрсатишни ривожлантириш билан бирга тадбиркорлик маданияти ошишига ҳам жиддий туртки бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, O`zLiDePнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги 31 нафар, шаҳар ва туман кенгашларидаги 161 нафар депутатлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидаги вазифалар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни қатъий назорат қилмоқдалар. Энг асосийси эса бу жараёнда депутатларнинг ўз ваколатларидан тўлақонли фойдаланишга доир кўникмалари ҳам ошмоқда. Уларда, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кўламини янада ошириш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф этиб, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ишларига дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир.

Озод РАЖАБОВ

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме